Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:17

Ўзбекистон уран қазиб олишни кўпайтирмоқчи. Қирғизистонда эса уранга қарши митинглар ўтмоқда


Бишкекда 26 апрель куни ўтган намойиш.
Ўзбекистон уран қазиб олишни кўпайтирмоқчи. Қирғизистонда эса уранга қарши митинглар ўтмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Ҳукумат "Тўхтатдик", деб айтди. Бироқ одамлар ишонмаяпти

Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Бўрўнов Иссиқкўл вилояти аҳолиси билан 25 апрель куни бўлган учрашувда вилоятдаги Қизил Ўпўл конидан уран қазиб олиш бира тўла тўхтатилиши тўғрисида ҳукумат қарор қабул қилганини расман билдирганига қарамай, 26 апрель куни 200-300га яқин фаол Бишкек марказий майдонида уран қазишни тўхтатиш талаби билан митинг ўтказди.

Фаоллар ҳукуматнинг бу қарорига ишонмасликларини, шунинг учун, бу борада уран қазишга мораторий эълон қилиш ёки уран қазишни тақиқлаш тўғрисида қонун қабул қилинишини талаб этмоқдалар.

-Уран қазишга лицензия берганларни қамалсин. Бизга уран қазишни тақиқлаш бўйича қарор, протокол ва мораторий керак. Шундагина биз рози бўламиз ва намойишларни тўхтатамиз, - деди митингда фаоллардан бири.

Уранга қарши митингларда ўқувчилар ҳам қатнашмоқда

Фаоллар 29 апрелда Иссиқкўлда ва 30 апрель куни Бишкекда уранга қарши норозилик юришларини ўтказишларини билдирдилар. Уларга кўра, уран қазиб олинувчи ҳудуда аҳоли ўртасида онкологик касалликлар ва ногирон болалар туғилиши ҳолатлари кўпайган.

-Мен 8-мактабнинг 10-синфида ўқийман, ҳукуматимизнинг бу қадар икки юзламачилигини ҳеч ҳам тушунолмаяпман. Ҳукумат “Сизлар мамлакатнинг келажагисизлар”, деб биз тўғримизда ғамхўрлик қилаётганини иддао этади, бироқ амалда эса уран қазишга рухсат бериб бизнинг келажагимизни заҳарлаяпти, - деди митингда сўзлаган ёш фаоллардан бири.

Сиёсатчи: Уран масаласини ҳукумат эмас, Халқаро суд ҳал қилади

Иссиқкўлдаги Қизил Ўпўл конидан уран қазиш лицензияси Россия ва Канада қўшма корхонаси экани айтиладиган “ЮрАзия” ширкатига берилган. Мазкур ширкат уран қазиш хавфсиз технологияга асосан амалга оширилаётганини билдирган. Ширкат Қирғизистонда уран қазилишига қарши бир неча ҳафтадан бери ўтказилаётган норозилик акциялари ортидан ўз ишини вақтинча тўхтатиб туришга рози бўлган.

Таниқли сиёсатчи Равшан Жээнбековга митингда сўз беришдан бош тортдилар. Бироқ у журналистларга:

-Ҳукуматнинг уран қазишни тўхтатгани тўғрисидаги гапларига ишониб бўлмайди. Чунки бу масала фақат Халқаро судда ҳал этилиши мумкин. “ЮрАзия” ширкати шунча сарфлаган пулини индамай ташлаб чиқиб кетавермайди, Халқаро судга мурожаат қилади. Ҳамма нарса суднинг қандай қарор чиқаришига боғлиқ бўлади. Қирғизистонликлар шуни билиши керак, - деб айтди.

Ўзбекистон билан паралеллар

Уран қазиб олиш мавзуси бевосита Ўзбекистонга ҳам боғлиқдир. 2017 йилда берилган расмий хабарларга ишонилса, Ўзбекистон дунёда уран экспорти бўйича еттинчи ўринда турадиган давлатдир.

Геология соҳасини ривожлантириш концепциясида белгиланишича, 2019 йилда Ўзбекистон 3 минг 600 тонна уран қазиб олмоқчи.

The Economic Times нашри 2017 йилда Ҳиндистон ўз атом электр станциялари учун 2 минг тоннадан кўпроқ уран сотиб олиш юзасидан Ўзбекистон билан музокаралар олиб бораётгани тўғрисида хабар берган.

Ўзбекистон кейинги беш йил ичида уран захирасини 32 минг тоннага кўпайтирмоқчи. Пул миқдорида ҳисобланадиган бўлса, бу 1 миллиард 900 миллион долларни ташкил қилади.

Бироқ Ўзбекистонда уран қазиб олинувчи конлар атрофидаги экологик вазият тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас. Фаоллар ҳам бу мавзуга эътибор қаратганлари тўғрисида маълумотлар йўқ.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG