Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Бош прокуратура: диний идорада "безорилик қилган" икки шахс 15 суткага қамалган


Рустам Карим ва Тўлқин Астанов, 8 апрель, 2019 йил
Рустам Карим ва Тўлқин Астанов, 8 апрель, 2019 йил

Бош прокуратура Мусулмонлар идораси безориликда айблаган Facebook фаоллари - Рустам Каримов ва Тўлқин Астановлар 15 суткага ҳибс қилинганини маълум қилди.

Мусулмонлар идораси, бу икки шахс 8 апрель куни ташкилот биносида "жамоат тартибини бузгани" тўғрисида ички ишларга арз қилган.

Рустам Карим ва Тўлқин Астановлар Facebook ижтимоий тармоғида Диний идора раҳбарияти ва мамлакат ичидаги айрим уламоларга нисбатан кескин танқиди, ҳажвий постлари билан танилган.

8 апрель куни қатор баҳсли диний масалаларда ўз позициясини билдириш учун Мусулмонлар идорасига борганини улар ҳам ижтимоий тармоқда жонли чиқиш тарзида хабар қилганди.

Бош прокуратура баёноти

Озодликка 11 апрель куни тақдим қилинган Бош прокуратура баёнотида айтилишича, "01.06.1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган Каримов Рустам Абдурашидович таниши, 25.04.1971 йил Тошкент шаҳрида туғилган Астанов Тўлқин Ташмурадович" билан 8 апрель куни Мусулмонлар идорасига борган ва ўша ердан туриб Facebook тармоғига видео жойлаган.

идеода “шайх билан гаплашдим”, “Қорбобо”, “Сумалак бобо” деб А.Мансуровни шахсиятига тегиб, ҳурматсизлик қилган, воқеа жойига мазкур ҳуқуқбузарликларини бартараф этиш учун етиб келган ИИБ ходимлари қонуний талабларини бажармасдан, қаршилик кўрсатишган".

Икковлон "МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, МЖтКнинг 34-моддасига асосан ҳар иккаласига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган", дейилади Бош прокутура баёнотида.

Баёнотда айтилишича, ҳар икки судланувчи айбловни тан олмаган, аммо суд гувоҳлар кўрсатмалари ва тўпланган далиллар асосида айблов тасдиғини топди, деб ҳукм чиқарган.

9 апрель куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тарқатган видеоматериалда ҳам бу икки фаол "сохта обрў орттириш пайида бўлган" ва Facebook ижтимоий тармоғида диний идора раиси "шаънига путур етказувчи постлар қолдирган", "ИИВ ходимлари қонуний талабларига "қатъий рад жавобини беришган", деб хабар қилинганди.

Аммо, икковлонга айнан қандай жазо қўллангани ва айни дамда уларнинг қаерда сақланаётгани айтилмаган эди.

Facebook Live

8 апрель куни Рустам Карим Facebook ижтимоий тармоғида иккита жонли чиқиш қилди.

У тармоқдаги фолловерларига "Тўлқин ака", деб таништирган шериги билан Мусулмонлар идорасига боргани ва у ердаги учрашувда "ҳижоб, ҳалол сертификат каби масалаларда ўз позициясини идора раҳбариятига билдиргани"ни айтди.

Жонли чиқишлардан бири идора биноси ичида, иккинчиси эса кўчада қилинган.

Шунингдек, икковлон идорадаги учрашувда Наврўз ва сумалак ҳақида ҳадис ривоят қилинган "Эргаш Очиловнинг китоби" масаласини ҳам кўтарганини айтган.

Рустам Карим бу чиқишларда диний идора раиси ўринбосарини "қўштирноқ ичида Шайх Абдулазиз Мансур", деб атаган.

Мулоқот сўнггида, идорадан тинч-омон кўчага чиққанини хабар қилган.

Ортиқча танқид

Тошкент шаҳар ИИББнинг видеобаёнотида Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов хизмат сафарида бўлгани боис, фаолларнинг раис ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур билан учрашгани айтилди.​

ИИББ Facebook саҳифасида тарқатилган видеоматериалда Абдулазиз Мансур ҳам учрашувнинг тафсилотларини ҳикоя қиларкан, Рустам Каримнинг "ўзини тутиши бошқача" экани, "қаттиқ бақириб гапиргани"ни айтади.

Идора мулозими Facebook фаолининг тармоқдаги бошқа чиқишларини ҳам эшитгани, унинг "Ўзбекистондаги имом-хатиблар, уламолар, диний идорани умуман тан олмаётгани, гапга қулоқ солмаётгани, уламоларни ортиқча танқид қилиб юбораётгани"ни айтиб ўтади.

Тармоқда акция

8 апрель куни икки фаолнинг Facebook тармоғидаги жонли чиқишидан бироз ўтиб, уларнинг қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Тармоқ фойдаланувчилари улар халқ орасида "Панельний", деб аталадиган Тошкентдаги вақтинчалик сақлаш марказига олиб кетилган, деган хабарларни улашди. Бироз сўнгра, Тўлқин Астановнинг оиласига таянган тармоқ фойдаланувчилари қўлга олинганларнинг "Панельний"да сақланмаётгани, айни пайтда қаерда экани номаълумлиги ҳақидаги постларни қолдирдилар.

Қисқа муддатда Facebook ижтимоий тармоғида "Рустам Карим ва Тўлқин Астановга озодлик" чақириғи остида акция бошланиб кетди.

Facebook тармоғида танилган фаол

Рустам Карим - Facebook ижтимоий тармоғида диний идора мулозимлари, таниқли уламоларни фотошоп қилинган карикатуралар билан ҳажв қилиши, уларни кескин танқид қилиши билан танилган.

У маълум муддат хорижда яшаган ва бир неча ҳафта аввал, сиёсий қочқинлик сўраб ёзган аризаси рад этилгач, Польшадан Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

У билан бирга ҳибс қилинган Тўлқин Астанов ҳам айни тармоқда мамлакатдаги диний раҳбарият ва айрим имомларга нисбатан танқидий шарҳлари билан танилган фаолдир.

У бундан аввал ҳам айни тармоқдаги постлари учун қўлга олинган ва қисқа муддатга ҳибсда сақланган. Ҳибсдан чиққач эса, ижтимоий тармоқда диний-сиёсий мавзуларда пост қолдирмасликдан огоҳлантирилганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG