Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:17

Қирғизистонда гей парад ўтказилди? Бир ҳафтадан бери тинчимаётган жанжалга бир назар (ФОТО)


8 март куни Бишкекда ўтказилган феминистлар марши.
8 март куни Бишкекда ўтказилган феминистлар марши.

Бишкекда бир ҳафта олдин гейларнинг феминистлар билан бир қаторда намойишга чиқиши ортидан бошланган жанжал парламентга етиб келди. Депутатлар ҳукуматдан “гей парад”ларга барҳам беришни талаб қилишди.

Қирғизистонда гей парад ўтказилди? Бир ҳафтадан бери тинчимаётган жанжалга бир назар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Нима бўлган эди?

Бишкекда 8 март куни феминистлар намойиш ўтказишди. Намойиш иштирокчилари билан бир қаторда гей ва лесбиянкалар ҳам 7 тусдаги камалак рангли байроқни кўтариб ўтдилар.

Қирғиз жамотчилигида бу воқеа “гей парад” деб аталиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бишкекдаги фақат эркаклардан иборат “Қирқ чўрў” ташкилоти “гей парад”га йўл қўйгани учун икки марта пойтахт мэрини ишдан бўшатишни талаб қилиб митинг ўтказди.

"Қирқ чўрў" Бишкек мэри истеъфосини талаб қилиб, митинг ўтказмоқда.
"Қирқ чўрў" Бишкек мэри истеъфосини талаб қилиб, митинг ўтказмоқда.

Депутатлар нима деди?

13 март куни қирғиз жамиятидаги қизғин баҳс тўлқини парламентга ҳам етиб борди. Депутат Жилдиз Мусабекова ҳукуматдан “Қирғизистонни Гейистонга айлантирмалик”ни талаб қилди.

- Бу митинг қирғизнинг миллий қадриятига болта урди. Марказий Осиёда биринчи марта гей парад ўтказилди. Қирғиз элини сақлаб қолмоқчи бўлсак, Қирғизистонни Гейистонга айлантирмаслик учун ҳуқуқ-тартибот органларига талаб қўйишимиз керак,-деди Жилдиз Мусабекова.

Депутат Дастан Бекешов бу таклифга қарши чиқди:

- Биз бу масалани муҳокама қилсак уят бўлади. Бу фавқулодда ҳодиса эмас. Бу намойшда мэриянинг ҳам, Ички ишлар вазирлигининг ҳам айби йўқ. Гейлар ўз ҳаёти билан яшайверади,- деди Бекешов.

Яна бир депутат Тазабек Икрамов гомосексуализм деган сўзни талаффуз қилишга қийналган бўлса-да, “Гей парадни хорижий ташкилотлар уюштирди, уларни топиб, жазолаш керак”, деган фикрни аниқ айтди.

Парламент депутатларининг аксарияти “гейлар Қирғизистонни шарманда қилди” қабилида нутқ сўзладилар.

8 мартдаги марш иштирокчиларидан бири.
8 мартдаги марш иштирокчиларидан бири.

Расмийлар нима деди?

Парламентга чақиртирилган ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов 8 март кунги намоийш қонунбузарлик бўлмаганини, бу марш зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси мақсадида ўтказилганини айтди.

Бишкек мэрияси расмийси Балбак Тулебаев намойиш ўтказиш фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқи эканини билдирди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Ўрўзбек Ўпумбаев эса депутатларни нодавлат ташкилотлар, айниқса, гей ташкилотлар назоратини кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилишга чақирди.

-Россияда ва бошқа давлатларда қабул қилинган нодавлат ташкилотлари тўғрисидаги қонун бизга ҳам жуда зарур. Асосий муаммо олинаётган маблағлар назоратсиз сарфланаётганидир. Айниқса ЛГБТ ташкилотлари назоратсиз қолиб кетмоқда, - деди Ўрўзбек Ўпумбаев.

""Мен транс эканимдан фахрланаман" деган шиорни кўтарган намойишчи.
""Мен транс эканимдан фахрланаман" деган шиорни кўтарган намойишчи.

Фаоллар нима деди?

​Қирғизистондаги таниқли журналист ва блогер, Kloop.kg сайти асосчиси Бектур Искандер 8 март куни Бишкек марказий майдонида гейларнинг 7 тусдаги байроғини кўтариб суратга тушганлардан бири. У депутатларнинг гейларга муносабатини кескин танқид қилди:

-Мен маршга ЛГБТ ҳамжамияти вакиллари чиққани “класс” бўлди, деб ҳисоблайман. Негаки лесбиянкалар ва трансгендер қизларнинг ҳуқуқлари айнан аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ. Улар кўпинча зўравонликларга дуч келмоқдалар. Мен одамлар ўз муаммоларинит очиқ айтиш имкониятига эга бўлган Қирғизистон билан фахрланаман. Мен Қирғизистон халқини ЛГБТ ҳамжамиятдан қўрқмасликка чақирар эдим,-деди Бектур Искандер.

Ёзувчи Ўлжабай Шакир эса фарзанди трансгендер эканини очиқ тан олган ҳолда: “Улар ҳам қирғизнинг қора кўз, қора қош фарзандлари! Уларнинг айби бири лесбиянка, бири гей, бири бисексуал, яна бири трансгендер бўлиб туғилганими? Улар ўз хоҳишлари билан мана шундай бўлиб туғилдиларми? Бу уларнинг пешонасига ёзилган тақдир! Бу тақдирга эга бўлгани учун уларни биз жамиятдан четлатиб қўя олмаймиз”, деб ёзди.

Ўзбекистон билан паралеллар

Қирғизистон қонунчилигида ЛГБТга мансублик жиноят ҳисобланмайди. Бироқ жамиятда гомофобия даражаси кучли.

Жинсий озчилик ҳамжамияти учун туризмни ташкил этиш масаласи билан шуғулланувчи Spartacus.gayguide сайти Қирғизистонни гейларга тоқат рейтингида 197 давлат орасида 95-ўринга қўйган.

Мазкур рейтингда Ўзбекистон гей ва лесбиянкалар учун энг хавфли бўлган давлатлар қаторига киритилган. Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни 197 давлат орасида 159-поғонададир.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон гей ва лесбиянкалар учун толерантроқ давлат деб топилди. Қозоғистон рейтингдаги 83-ўринни эгаллади. Тожикистон 110-ўринда, Туркманистон 174-ўринда қайд этилди.

Ўзбекистон қонунчилигида ЛГБТга мансублик жиноят ҳисобланади ва бундай одамларга уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши назарда тутилади.

XS
SM
MD
LG