Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 22:09

Владивостокда Ўзбекистон консуллиги очилди


Консуллик очилиш маросими. Приморск ўлкаси маъмурияти матбуот-хизмати фотоси

Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивосток шаҳрида Ўзбекистоннинг яна бир бош консуллиги очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистоннинг Россияда очилган бешинчи консуллигидир.

2019 йилнинг 1 мартида Россиянинг Узоқ Шарқида Ўзбекистоннинг илк дипломатик ваколатхонаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Владивосток шаҳрининг Верхнепортовая кўчаси 46 уй манзили бўйича жойлашган бош консуллик Рустам Исмоилов томонидан бошқариладиган бўлди.

Маҳаллий журналистлар саволларига жавоб берган Ўзбекистон элчихонасининг Россиядаги Бош консули Меҳриддин Хайриддинов Приморье ўлкасидаги бу муассаса асосий вазифаларини белгилаб берди:

- Владивостокдаги бош консуллик нафақат гражданларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, балки давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш билан ҳам шуғулланади, деди Меҳриддин Хайриддинов.

Приморск ўлкаси маъмурияти хабарига кўра, консуллик очилиш маросимида Приморск ўлкаси вице-губернатори вазифасини бажарувчи Константин Богданенко, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги вакили Евгений Волосастов ва маҳаллий ўзбек диаспора вакиллари ҳам қатнашди.

Очилиш маросимидан кейин бўлиб ўтган икки тарафлама учрашув давомида Приморье ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликда савдо-сотиқдан ташқари туризм, транспорт, меҳнат миграцияси ва логистика йўналишларига катта эътибор берилиши таъкидланди.

Константин Богданенко бугунги кунда минтақада ўзбек инвестицияси билан ишлаётган 8-та корхона мавжудлиги ва уларнинг ҳаммаси савдо соҳасида фаолият юритаётганини билдирди.

Вице-губернатор 2018 йил давомида Приморск ўлкаси ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш 1,7 миллион долларни ташкил этган, деди.

- Ҳамкорликни кенгайтиравериш керак. Бош консуллик очилиши билан бу иш тизимли асосда олиб борилишига ишониб қоламан, деди маъмурият бош консулга қўлидан келган ёрдамни аямаслигини билдирган минтақанинг вақтинчалик раҳбари Константин Богданенко.

Учрашувда сўзга чиққан Владивостокдаги ваколатхона янги раҳбари Рустам Исмоилов Ўзбекистонда айниқса мева-сабзавот ва ип-газлама ишлаб чиқариш ўсиб бораётгани ва ўзбек тадбиркорлари айнан шу соҳа маҳсулотларини Владивостокка етказиб беришга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, биргина Приморьеда 9 мингдан зиёд ўзбекистонлик муҳожир яшаб келмоқда.

Шу тариқа, Владивостокдаги ўзбек консуллиги Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округида (Амур вилояти, Яҳудийлар мухтор вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморск ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка мухтор округи) хизмат кўрсатиши айтилди.

Бу кунгача Узоқ Шарқ минтақаларидаги муҳожирлар ўз муаммолари билан Новосибирск ёки Москвадаги консулликларга мурожаат қилиб келган.

Ўтган 2018 йилда Москва ва Новосибирскда фаолият юритаётган Ўзбекистон бош консулликлари қаторига Санкт-Петербург ва Екатеринбургда очилган ваколатхоналар қўшилганди.

Ўзбек расмийлари яқин орада Татаристоннинг Қозон шаҳри ва Жанубий федерал округи маркази Ростов-Дон шаҳарларида ҳам шу каби идоралар очилиши кутилаётганини хабар бериб келмоқда.

Владивосток шаҳрида меҳнат қилаётганбир вақтнинг ўзида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Шоҳида ўлкада консуллик очилишини қўшқўллаб қувватлашини Озодликка билдирди.

- 1 март куни очилди. Офисимизга ҳам кўпчилик келиб “Қачон очилади?”, деб сўрашди буни! Чунки документларини йўқотган, шу ерда фарзандли бўлган, ёрдам сўраётган ва ўзларини бошқа проблемалари билан одамлар жуда кўп. Илгари фақат Москва ё Новосибирск орқали ҳал қилишарди. У ерда навбат қанақалигини биласиз, ёзилиш керак, приёмларига тушиш қийин... Жуда қулай бўлди энди! Бизга айтишдики, жиҳозлар келтирилса, бу ерда загранпаспорт қилиш бошланар экан, Ўзбекистонга бормасдан шу ерда қилса бўларкан. Лекин, менимча, консуллик ҳали иш бошлашгани йўқ, деди Шоҳида.

Россиянинг қатор шаҳарларида консулхона ташкил этилиши тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги 2017 йилнинг 24 апрелида маълум қилган эди.

2018 йилнинг августида Екатеринбург, Қозон, Владивосток ва Ростов Дон шаҳарларида Ўзбекистон консулхоналари ташкил этилгани, аммо шу кунгача бино йўқлиги муносабати билан ишламай келаётгани билдирилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG