Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:24

Манбалар Ўзбекистон Адлия вазирлигининг юқори мартабали мулозими ушланганини иддао қилмоқда


Адлия вазирлиги
Адлия вазирлиги

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил бир нечта манбанинг Озодликка маълум қилишича, 23 февралда Ўзбекистон Адлия вазирлиги кадрлар бошқармаси бошлиғининг муовини Юсуф Ходжаев Президент хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.

58 яшар Юсуф Ходжаевнинг ушланиши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва прокуратура ўнлаб раҳбар ходимларининг ҳибсга олингани манзарасида юз бермоқда.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахси сир қолишини сўраган Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозимларидан бирига кўра, Юсуф Ходжаев ДХХ раҳбарлари устидан қўзғатилган жиноят иши фигуранти сифатида сўроқ қилинмоқда.

ДХХ собиқ раҳбари 53 яшар Ихтиëр Абдуллаевга нисбатан 11 февралда "қамоқ" вақтинча эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилингани тўғрисида Озодлик 13 февралда ДХХ собиқ раҳбари қўл остида ишлаган мулозимга таяниб хабар қилган эди.

Ҳамкасблари орасида "Юсуф решала" номи билан танилган Юсуф Ходжаев, ҳукуматга яқин Озодлик манбасининг иддао қилишича, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги "пора олиш ва бериш" жараёнига алоқадорликда гумонланмоқда.

Тошкентлик адвокатлардан бирига кўра, Юсуф Ходжаевнинг яқинлари унга адвокат излашаётганларини айтганлар.

Юсуф Ходжаев иши ҳақида расмий идоралардан муносабат олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG