Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:14

Тожикистонда баданидан 10та игна топилган чақалоқнинг онаси 10 йилга қамалди


Муҳайё Ёқубова ўғли Мудассир Каримов билан.
Муҳайё Ёқубова ўғли Мудассир Каримов билан.

Рудакий туман суди 26 февраль куни 27 ёшли Муҳайё Ёқубовани соғлиққа атайин оғир зарар етказишда айбдор деб топди ва уни ўн йилга қамади. Суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар у озодликда қоладиган бўлди.

Тожикистонда баданидан 10та игна топилган чақалоқнинг онаси 10 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Муҳайё Ёқубова: Тергов пайтида мени зўрлаш билан қўрқитишди

Муҳайё Ёқубова ўтган йилнинг июль ойида 9 ойлик боласи Мудассир Каримовнинг баданига ўнта игна санчиб, оғир жароҳат еткизганликда гумонланиб тергов қилина бошлаган эди. Суддан сўнг Озодлик радиоси тожик хизматига интервью берган Муҳайё Ёқубова айбловни тан олмаслигини айтди:

-Бу туҳмат. Ҳеч бир она ўз фарзандига бундай муносабатда бўлмайди. Ўғлимнинг баданида игналар қаердан пайдо бўлганини билмайман. Биринчи марта тергов қилишганида мени зўрлаш билан қўрқитишди, катта ўғлимни тортиб олиш билан таҳдид қилишди. Шундай йўл билан айбловни тан олдиришди. Суд менга босим кўрсатган бу беш нафар милиция ходимини чақириб сўроқ қилмади, аммо судда милиционерлар менга таҳдид қилишганига гувоҳ бўлган одам давлат қораловчиси сифатида иштирок этди,-деди Муҳайё Ёқубова.

Адвокат: Она ўз боласига жароҳат етказишига ишонмайман

Суд ва прокурор бу иш юзасидан шарҳ беришни истамади. Ёқубованинг адвокати Муҳаббат Усмонова эса:

-Мен аниқ ишонаманки, ҳеч бир она ўз фарзандига жароҳат етказмайди. Суд ҳукмидан норозимиз. Юқори суд инстанциясига шикоят аризаси киритамиз,-деб айтди.

Воқеанинг тарихи

9 ойлик Мудассир Каримов ўтган йилнинг июлида Душанбедаги Миллий тиббиёт марказига оғир аҳволда олиб келинган эди. Шифокорлар ўшанда унинг баданидан ўнта игна топишган.

Рентген орқали боланинг бошида, бурнининг остки қисмида, оёқларида, бўйнида, кўкрак қафасида ва бошқа аъзоларида игналар борлиги аниқланган.

Айрим игналар тананинг ичига чуқурлаб кетгани оқибатида шифокорлар чақалоқни қайта операция қилишларига тўғри келган. Шифокорлар ўшанда бу игналар бола танасида камида уч ойдан бери мавжудлигини айтган эдилар.

Баданидан игналар топилган Мудассир Каримов оиладаги иккинчи фарзанд бўлиб, уни онаси тарбия қилади. Боланинг отаси эса Россияга меҳнат муҳожирлигига кетган.

Ўзбекистон билан паралеллар

2018 йилнинг 17 январь куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Азизбек Абдумажидов баданида 16та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Тўққиз соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида бола танасидан 13та игна олиб ташланган эди. Чақалоқ 14 март куни соғайиб уйига қайтган.

Тошлоқлик 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани юзасидан очилган жиноят иши қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмагани оқибатида тўхтатилди.

Фарғона вилоят прокуратураси бу ишни 2018 йилнинг 31 март куни ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилган.

Фарғона вилоят прокуратурасининг билдиришича, мазкур иш юзасидан 11 ойлик чақалоқ Азизбек Абдумажидовнинг онаси, бувилари, опоқилари, тоғаси, холаси, келинойисининг руҳий ҳолатини текшириш юзасидан ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси хулосаларига кўра, улар руҳий соғлом бўлиб чиққан. Бундан ташқари қатор гувоҳлар ҳам сўроқ қилиниб, жиноят аломатлари топилмаган.

XS
SM
MD
LG