Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 23:20

Мирзиёевга Нобель беришни таклиф қилган Тўхтаназаровдан депутатлик ваколати олинди  


Наманганлик собиқ депутат Олимжон Тўхтаназаров

Яқинда суд залидан озод қилинган Олимжон Тўхтаназаровнинг депутатлик ваколати муддатдан аввал тўхтатилди. Суд ҳукмига кўра, собиқ депутат пора олганлик айби билан 2 йилу 8 ойга озодликдан чеклаш жазоси олган.

«Наманганская правда» нашрига кўра, Олимжон Тўхтаназаровнинг депутатлик ваколатлар муддатидан аввал тўхтатилгани ҳақида Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинган.

Олимжон Тўхтаназаров халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати бўлиб турган пайтда - 2018 йилнинг 22 сентябрида Чуст туманида аризачи аëлдан 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайтда қўлга олингани айтилган эди.

4-Умрзоқов сайлов округидан депутатликка сайланган Тўхтаназаровни ҳибсга олиш пайти халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши розилиги олинганди.

ЎзА агентлигининг Бош прокуратурага таяниб ёзишича, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти судининг 2019 йил 5 февралдаги ҳукми билан Тўхтаназаровнинг ҳаракати Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми "в" бандидан 168-моддаси 1-қисмига қайта малакаланган.

Натижада, у 168-моддаси 1-қисми, 211-модданинг 1-қисми билан айбдор, деб топилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, суд жараёнида 45, 57-моддалар қўлланиб, 3 йилга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 2 йилу 8 ойга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Бунда унинг оилавий шароити ва ягона боқувчилиги инобатга олинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси бўлган, ЎзМТРК таркибидаги каналлардан бирида режиссёр бўлиб ишлаган 50 яшар Тўхтаназаров ўтган йил май ойида президент Шавкат Мирзиëевга бирваракайига Ўзбекистон қаҳрамони, Нобель ва ҳатто, Оскар мукофотларини бериш ташаббуси билан ўртага чиққан эди.

XS
SM
MD
LG