Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Туризм қўмитаси сайёҳларнинг шикоятлари ортидан 500га яқин ҳожатхона қурдирди


Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, ўтган йили мамлакат бўйлаб 462 та жамоат ҳожатхонаси қурилганини билдирди. 25 январь куни матбуот анжуманида айтилишича, 50та ҳожатхона қўмитанинг ижтимоий тармоқларда ҳазил-мутойиба бўлган ташаббуси - ҳожатхона қурган тадбиркорларга солиқдан имтиёз берилиши ҳақидаги "смс-хабарлар" ортидан қурилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайтида чоп этилган пресс-релизда 2018 йилда туризм соҳасида қилинган асосий ишлар бўйича ҳисобот берилди.

Ушбу йиғинда айтилишича, ўтган йили мамлакатга келган сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида санитария-гигиена шаҳобчаларини қуришни истовчиларга алоҳида имтиёзлар тақдим қилинган.

Оқибатда, 2018 йилда мамлакат бўйлаб 500га яқин ҳожатхона қурилган.

"Тадбиқ этилган имтиёзлар натижасида ўтган йилда жами 462 СГШ (санитария-гигиена шаҳобчалари - ҳожатхоналар - таҳр. ) фаолияти йўлга қўйилди, шу жумладан уларнинг 50 га яқини имтиёзларни кенг тарғиб қилиш (СМС хабарлар орқали) натижасида барпо этилди", дея таъкиланади қўмита чоп этган пресс-релизда.

2018 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилган қарори билан жамоат ҳожатхоналарини қурмоқчи бўлган тадбиркорларга солиқдан катта имтиёзлар берилган.

Ўтган йили сентябрь ойида Давлат туризм қўмитаси бу имтиёзларни тарғиб қилиб, оммавий SMS-хабарлар жўнатган ва бу ўз вақтида ўзбекистонлик блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлганди.

Туризм қўмитаси, шунингдек, 2018 йилнинг октябрь ойидан хориждан борган сайёҳларга яқин-атрофидаги ҳожатхоналарни топишда ёрдам берувчи UzFinder мобил дастурини ишга туширишини ҳам маълум қилганди. GPS технологияси воситасида ишлайдиган мобил дастур сайёҳларга ўз яқинидаги озиқ-овқат дўконлари, меҳмонхона ва бошқа объектларни кўрсатиши лозим эди. Аммо, бундай қурилма ишга тушгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шунингдек, йиғилишда берилган расмий маълумотга кўра, ўтган йили мамлакат туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган 150га яқин чора-тадбир амалга оширилган.

Булардан асосийси виза режимига оид: қўшимча тарзда 9 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим тадбиқ этилган, электрон виза тизими ишга туширилган ва хориж фуқароларини рўйхатга олиш жараёни электрон форматга ўтказилган.

Туризм инфратузилмасини яхшилаш учун эса 142 та меҳмонхона қурилган, 234 янги туроператор иш бошлаган.

Айтилишича, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион сайёҳ борган, бу эса 2017 йилгига нисбатан икки баробарга кўпдир.

XS
SM
MD
LG