Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:11

Таиланд саудиялик 18 яшар қизни бадарға қилиш режасини кейинга қолдирди (ВИДЕО)


18 яшар саудиялик қиз қочқинлик сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:08 0:00

Таиланд расмийлари пойтахт Бангкок аэропорти меҳмонхонасига қамалиб олган саудия арабистонилик 18 яшар қизни бадарға қилиш режасини кейинга қолдирди.

Раҳаф Муҳаммад ал-Қунун якшанба куни Қувайтдан Таиландга учиб борган. Ўша кундан бери у меҳмонхонадаги номеридан чиқмаяпти. Қунун уйга қайтса, оила аъзолари уни ўлдириб юборишларини айтмоқда.

Таиланд расмийлари Қунун тақдирини муҳокама қилиш учун БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ходимлари билан учрашишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Таиланд иммиграция хизмати раиси Сурачате Ҳакпарн билдирди.

Аввалроқ Ҳакпарн Қунун Саудия Арабистони илтимоси билан ушлаб турилганини рад этган эди.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирилиги ҳам Қунуннинг Саудия элчихонаси унинг паспортини мусодара қилгани ҳақидаги иддаоларини рад этди. Вазирлик расмийлари Twitterда Қунун Таиланд иммиграция қонунларини бузгани учун аэропортда қўлга олинганини ёзди.

Қунун душанба куни Twitterда ўз номерида қамалиб олгани акс этган видеони эълон қилди.

Қунун Reuters агентлиги билан суҳбатда оиласи билан Қувайтга борганини, кейин мустақил равишда Таиландга қочганини айтди. Унинг сўзларига кўра, аслида Австралияга бориб, бошпана сўрашни режалаштирган. Аммо Таиландда самолётдан тушганидан кейин уни қўлга олишган.

- Ака-укаларим ҳамда оила аъзоларим, Саудия элчихонаси Қувайтда мени кутиб турибди. Улар мени ўлдиришади. Ҳаётим хавф остда. Оила аъзоларим майда-чуйда нарсалар учун ўлдиришларини айтиб, таҳдид солишади, - деди Қунун.

Нима учун Австралиядан сиёсий бошпана сўрашга урингани ҳақида сўралганда, Қунун ўз оиласи уни жисмоний, руҳий қийноққа тутганини, ойлаб уйга қамаб қўйганини, таҳсил олишида давом этишига йўл бермаганини таъкидлади.

Саудия Арабистонида аёллар маҳрамсиз ишлаши, саёҳат қилиши, турмушга чиқиши ёки ҳаттоки шифокорга мурожаат қилиши ман этилади.

Саудия Арабистонида 2017 йилдан бери қатор ўзгаришлар кузатилади. Жумладан, ўтган йилнинг октябрида аёлларга автомобиль бошқариш ва жамоат жойларидаги тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. 2017 йил охирларида Саудия Арабистонида 35 йиллик тақиқдан сўнг ёпиб қўйилган кинотеатрларни қайта очишга рухсат берилди.

Таиланд иммиграция расмийлари Қунунда керакли ҳужжатлари бўлмагани учун мамлакатга киритилмаганини маълум қилишди.

БМТнинг Қочқинлар идораси расмийлари Қунун билан учрашишга уринмоқда.

Қунуннинг сўзларига кўра, у Австралия визасини қўлга киритган ва у ерга чипта ҳам олган. Шубҳа уйғотмаслик учун Таиландда бир-икки кун вақт ўтказишга қарор қилган.

Қунун оила аъзолари Qatar Airways билан алоқага чиққани учун уни аэропортда қўлга олишганини тахмин қилди. Ҳаво йўллари матбуот котиби ушбу ҳолат бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Таиланд иммиграция хизмати раиси Ҳакпарн Қунунда қайтиш билети ёки меҳмонхона брони йўқлиги учун мамлакатга киритилмаганини, бу стандарт тадбир эканлигини айтди.

XS
SM
MD
LG