Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:32

Гулистонда ёғ заводи ишчиларига маош ҳисобидан узум тарқатилди


"Гулистон экстракт -Ёғ" корхонаси ишчилари иш ҳақи ҳисобидан ҳар бири 10 килограмдан бўлган бир яшикдан узум тарқатилганига норозилик билдирди. Озодликка боғланган ишчиларга кўра, узум учун уларнинг ойлик маошидан 70 минг сўм пул ушлаб қолиниши айтилган. Корхона раҳбарияти ишчилар норозилигидан сўнг узумлар Янги йил совғаси сифатида расмийлаштирилганини билдирди.

25 декабрь куни "Гулистон экстракт -Ёғ" акционерлик жамияти ишчиларига бир яшикдан узум тарқатишни бошлади.

Ишдан ҳайдалиш хавфи остида исмини очиқламасликни сўраган мазкур корхона ишчисига кўра, узум учун пул уларнинг ойлик маошидан ушлаб қолиниши айтилган.

“Бир яшикда жами 10 кило узум бўлиб, ойлигимиздан 70 минг сўм пул ушлаб қолинишини айтишди. Шунда бир кило узум 7 минг сўмдан тушар экан. Бизга Янги йилга дастурхон тузаш учун пул керак. Улар ойлигимизга узум бериб ўтиришибди. Уйда ҳеч ким узумни ёқтирмайди. Нима қиламиз бу узумни? Бир мен эмас, кўпчилик норози бўлди”, дейди корхона ишчиси.

Фейсбукдаги "Халқ билан мулоқот/Диалог с народом" саҳифасида ҳам "Гулистон экстракт -Ёғ" корхонасида ишчиларга узум тарқатилгани танқид қилинди.

“Гулистон Ёғ-экстракт” АЖ томонидан айни пайтда ойлик ҳисобидан тарқатилаётган узум. Катта эҳтимол билан экспортдан қайтган! Ҳар бир ишчига ўн кгдан, нархи 70 минг. 70%и истеъмолга яроқсиз!”, дейилади Фейсбукка жойланган постда.

Фейсбукда "Гулистон экстракт -Ёғ" корхонаси ишчиларига берилган узумлар суратлари ҳам эълон қилинди.

Улардан бирида, яшикнинг пастки қисмидаги узумлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани кўринади.

​Ишчиларга узум тарқатилганига танқидий фикр билдирган @Курбон Соипов исмли Фейсбук фойдланувчиси “Узумни эзиб, сувини олса, Янги йил виноси бўлади. Пўчоғи эса Мирзиёевнинг товуқларига янги йилда тухум бўлади”, дея киноя қилади.

"Гулистон экстракт -Ёғ” корхонаси ишчиларидан олинган маълумотга кўра, ишчилар норозилигидан сўнг раҳбарият ўз фикрини ўзгартирган.

“Бугун раҳбарият ўз фикрини ўзгартирди. Бугун узумлар Янги йил учун совға эканини айтишди. Бугун ҳам узум тарқатишаяпти. Эртага ҳам тарқатишади. Кечаги норозилигимиздан кейин бугун узум берилганларга Янги йил совғаси деб ёзилган коробкани ҳам қўшиб қўйишди. Интерентда ҳам чиққани сабаб бўлди шекилли, бугун фикрини ўзгартиришди”, дейди аноним қолишни истаган корхона ишчиси.

"Гулистон экстракт -Ёғ" корхонасининг Ҳисоблаш бўлими ходимларидан бири ишчиларга берилаётган узумлар Янги йил совғаси деб ўзгартирилганини тасдиқлади.

“Бошида узум ойлик ҳисобидан дейилганди. Лекин бугун Янги йил совғаси сифатида тарқата бошладик”, деди ҳисоблаш бўлимининг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Айни пайтда корхона иш юритувчиси Мутабар Аманова узумларнинг ойлик ҳисобидан тарқатилганини мутлақо инкор қилди.

“Бу дезинформация. Ҳечам унақа нарса бўлгани йўқ. Сиз менга шикоят қилган ишчилар рўйхатини беринг ёки ўзингиз ўша ишчиларнинг аризасини олиб раҳбарият олдига келинг. Биз узумни байрамга текинга тарқатаяпмиз”, деди Мутабар Аманова.

Аввалги йилларда ҳам Ўзбекистонда маош ўрнига лампочка, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан анча қиммат нархда ишчиларга, ўқитувчиларга ўтқазиш ҳолатлари содир бўлган эди.

Жумладан, жорий йил ёзида Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тошработ қишлоғи Оқработ маҳалласида ўқитувчилар ойлига мажбурлаб товуқ тарқатилганди.

Аввалроқ “Ўзбекэнерго” бошқаруви раиси Искандар Басидов буйруғига асосан¸ 66579 нафар хизматчи ҳар ой уч донадан “Ўзбекэнерго” ҳиссадори бўлган икки ширкат ишлаб чиқараëтган LED лампочкасини бозор нархидан қимматга сотиб олиши шарт қилиб қўйилган эди.

Мақола эълон қилингач, Ўзбекистон Бош прокуратураси “Гулистон Ёғ-экстракт” корхонаси ишчиларининг Озодликка мурожаатини ўрганиб, чиқиб, 28 декабр куни қуйидагиларни маълум қилди:

"Корхона кенгашининг 24 декабрдаги йиғилиш қарорига кўра, ходимларга байрам мукофоти тариқасида 10 кгдан узум тарқатилган. Йиғилиш баённомаси ходимлар томонидан тасдиқланган бўлиб, уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши важи тасдиқланмади".

XS
SM
MD
LG