Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:44

Себзорда уйлар шошилинч бузилмоқда, ўрнида Ҳиндистон элчихонаси қурилади (ВИДЕО)


Тошкентнинг Себзор даҳасидаги эски маҳаллаларда 29 сентябрь оқшомида, кутилмаганда, аҳоли уйлари бузила бошлади. Тошкент шаҳар ҳокимияти хонадон эгалари бузилишлардан бир неча ой аввал огоҳлантирилгани, уларга Юнусобод туманидаги иккита янги кўп-қаватли уйдан квартира берилишини айтмоқда.

29 сентябрь куни оқшом соат 22 лар атрофида Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасидаги "Жанггоҳ" маҳалласида аҳоли уйлари бузила бошлади.

Воқеа жойига борган Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев, маҳаллий матбуотга, бу ерда 79 та ҳовли бузилиши, уларнинг ўрнида Ҳиндистон, Хитой ва Тожикистон элчихоналари қурилишини билдирди.

30 сентябрь куни в​оқеа жойига борган Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича, бузилиши керак бўлган 80га яқин уйининг қарийб ҳаммаси бир кечада бузиб бўлинган.

"Бузилиши керак бўлган 10 тача уй қолган. Оилалар юкларини ташияпти", деб хабар қилди мобил мухбир.

Себзорда уйлар шошилинч бузилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00

Маълум бўлишича, уйи бузилаётган аҳолига шаҳарнинг бошқа қисмида қурилган ва ҳануз қурилаётган янги кўпқаватли уйлардан квартиралар таклиф қилинмоқда.

"Янги уйлари битгунича эса ижарада яшаб туриши учун бир йилга 11 миллион 300 минг сўмдан ижара пули ҳам таклиф қилинган", деб хабар қилди мобил мухбир.

29 сентябрь оқшомида воқеа жойига борган Gazeta.uz мухбирининг хабар қилишича, ​бузилаётган маҳаллага экскаваторлар билан бирга кириб борган Ортиқхўжаев аҳоли шу йил март ойида огоҳлантирилгани, аммо бузилишларни шанба оқшомида бирдан бошлашга мажбур бўлишганини тан олган.

"Ҳа, биз одамлардан зудлик билан кўчишларини сўрашга мажбур бўлдик. Улар икки кун қийналадилар. Кейин хотиржам яшайверадилар. Биз одамлар эҳтиёжини максимал даражада қондиришга ҳаракат қиляпмиз, квартираларни қарзга оляпмиз. Уларнинг пулини қандай тўлаймиз, билмайман. Мардлик намунасини кўрсатган тадбиркорларимизга раҳмат. Биз вазиятни тушуняпмиз ва ёрдам бермоқчимиз", дея иқтибос келтирди ҳокимдан Gazeta.uz нашри.

Шунингдек, шаҳар ҳокими, квартира олишга рози бўлмаган оилаларга "Озроқ сабр қилса, Юнусобод туманидан тенгма тенгига ер ажратиб, уй ҳам қуриб берамиз", деб ваъда бермоқда.

Қатор маҳаллий нашрлар чоп этган суратларда ҳануз кўчмаган оилалар акс этган.

Ҳозирча, шаҳар ҳокими билан бир вақтда уйлар бузила бошлаган маҳаллаларга борган маҳаллий нашрлар - ҳали қурилиши битмаган кўп қаватли уйлардан квартира ваъда қилинган оилалар қаерларга жойлашгани, булар орасида вақтинча бошпанасиз қолган оилалар ҳам борми ёки йўқми - бу ҳақда ёзмаётирлар.

Озодлик мобил мухбирининг 30 сентябрь куни хабар қилишича, маҳаллани милиция ходимлари ўраб олган ва ҳозирча тезликда кўчирилаётган оилалардан бирор изоҳ олиш имконсиздир.

Озодлик таҳририяти бу борада қўшимча маълумот олиш учун шаҳар ҳокимлигига такрор-такрор боғланди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Айни пайтда, Gazeta.uz мухбири суҳбатлашган қатор оилалар уйи бузилаётганидан норози эмаслиги, мисол учун, 16 киши рўйхатга олинган 1 ярим сотихлик хонадонлар ўрнига 4 та квартира таклиф қилинганини билдирган.

Нашрнинг Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот котиби Ҳусниддин Эргашевга таяниб ёзишича, бузилиши режалаштирилган 79 та уйда жами 370 киши рўйхатга олинган ва уларнинг кўпчилиги бузилаётган уйларда узоқ вақтлардан буён яшамаган.

"Шанба куни соат 22:00 гача бўлган ҳолатда уларга янги қурилган уйлардан 240 та квартира ажратилди", дея иқтибос келтирди матбуот котибидан нашр.

Расмий маълумотга кўра, аҳолига жами Юнусобод туманидаги "Мегаполис" турар-жой мажмуаси ва Golden House уйларидан жами 251 та квартира ажратилиши ҳақида кафолат хати берилган.

Дарвоқе, Себзор даҳасидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг исмини ошкор этишни истамаган фаоли уйларнинг қўққисдан бузилиши президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон сафари билан боғлиқ, деган тахминни илгари сурди.

"Бош вазир бу маҳалладаги бузилишни 3 ой олдин бошлашган кўрсатма берган экан, лекин шаҳар ҳокими бошламаган экан. Кеча президент Мирзиёев Ҳиндистонга кетиши олдидан бу масала яна кўтарилибди. Келиб бирдан бузилишни бошлашди. Кейин билсак, бу ерда Ҳиндистон элчихонаси қуриларкан, демак, сафар олдидан у давлатга ваъда беришганмикин, деб ўйлаб турибмиз", деди тошкентлик маҳалла фаоли.

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни 2 кунлик давлат ташрифи билан Ҳиндистонга борди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати берган хабарга кўра, сафарнинг илк кунида Агра шаҳрига борган президент Мирзиёев рафиқаси билан бирга жаҳонга машҳур Тож маҳал обидасини бориб кўрган.

Давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар эса душанба куни Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG