Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 06:54

Андижон вилоят ИИБ Шаҳрихондаги самосуд юзасидан изоҳ берди


Озодлик радиоси ўзининг facebookдаги саҳифасида Оломон томонидан самосуд қилинаётган аёл қочиш учун ўзини сойга ташлади ва оқиб кетди”, деган тагхат билан видеони эълон қилган эди.

Ўғриликда гумонланиб, оломон томонидан самосуд қилинаётган катта ёшли аёл қочиш учун ўзини сойга ташлаб, оқиб кетгани, бу воқеа Шаҳрихонда рўй бергани айтилаётгани хабар қилинган эди.

Kun.uz сайтининг хабар қилишича, Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати ушбу ҳодиса тафсилотлари юзасидан изоҳ берган. Маълум бўлишича, бу аёл бозорда ўғрилик қилаётганида қўлга тушганидан кейин ўзини сувга ташлаб қочиб қутулмоқчи бўлган. ИИБ матбуот хизмати изоҳида бундай дейилган:

«2018 йил 14 август куни соат 11.00 ларда муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган А.А. Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган савдо бозорида савдо қилувчи И.Н сумкасидан 192.000 сўм, фуқаро С.Г сумкасидан 270.000 сўм, сотувчи С.М. сумкасидан 30.000 сўм миқдоридаги пулларни ва уяли алоқа телефонларини яширин равишда олиб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлганида қўлга тушган. Воқеа жойида жабрланувчи И.Н ва ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган Г.Р уни туман ички ишлар ходимларига топшириш мақсадида ушлаб олишган.

Натижада А.А жиноий жавобгарликдан ҳамда фуқаролардан қочиб яшириниш мақсадида ўзини ўша ердан оқиб ўтувчи «Шаҳрихонсой» каналига ташлаган. Воқеа жойига етиб борган туман ИИБ профилактика инспектори томонидан сувда оқиб кетаётган А.А қутқариб қолинган. Туман ИИБга олиб келинганида, унга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатиш аломатлари аниқланмаган.

Содир бўлган мазкур ҳолат ички ишлар бўлими ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, А.А нинг ёнида алоҳида-алоҳида солинган 192.000, 295.000, 31.000 сўм миқдоридаги пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида баённома орқали олинган. Мазкур ҳолат юзасидан 14 август куни туман ИИБ томонидан А.А га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

16 август куни гумонланувчи А.А га ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Тергов даврида И.Н, Г.С ва М.С сўроқ қилиниб, жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG