Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 16:55

Интернат болаларини қийнашда гумон қилинган директор қамоқда сақланади


Иллюстратив сурат

Ўқувчиларга нисбатан куч қўллаганликда гумонланиб қўлга олинган Самарқанддаги 64-ихтисослашган мактаб-интернатининг собиқ директорига нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Gazeta.uz нашрининг Олий суд матбуот хизматига таяниб ёзишича, собиқ раҳбар Шуҳрат Садиновни қамоқда сақлаш ҳақида Самарқанд шаҳар Жиноят ишлари суди 26 июль куни қарор чиқарган.

Самарқанддаги махсус мактабда вояга етмаган болалар "муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш" ҳоллари рўй бергани ҳақида 24 июль куни Бош прокуратура расмий сайтида маълум қилинган эди.

Ундан аввал эса бу мактаб тарбияланувчиларидан бирининг онаси Муҳаббат Мирзаева “Газета.uz ” нашрига махсус мактаб раҳбарияти тизимли равишда болаларни калтаклаб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказгани, дарс ва машғулотларни ўтказмасдан, уларни оғир жисмоний меҳнатга жалб қилиб келгани, ёмон овқатлантиргани ва тез-тез оч қолдирганини маълум қилган.

Шундан сўнг Бош прокуратура ва Халқ таълими вазирлиги ихтисослашган мактабдаги вазиятни ўрганишга киришди.

Текшрув жараёнида мактаб директори ва айрим мураббийлар ўқувчиларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказгани аниқланди.

“Ушбу ҳолат юзасидан 23 июлда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш. Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилди расмий хабарда.

Самарқанд шаҳар прокуратураси собиқ директорни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ҳақида сўров киритгач, Жиноят ишлар суди бу сўровни қондирди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, 27 июль куни 64-сонли махсус мактабга Самарқанд вилояти ҳокими вазифаси бажараётган Эркинжон Турдимов бориб, аҳволни кўздан кечирган ва маъмуриятига бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни қўллашга кўрсатма берган.

Шу йилнинг май ойида Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчилари тажовуз қурбони бўлгани, 16 ёшга етмаган тарбияланувчилар ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этилгани аниқланган эди.

Апрель ойида эса Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйи масъуллари томонидан норасида тарбияланувчиларга жинсий ва жисмоний зўравонлик қилингани, хайрия пуллари ўзлаштирилгани юзасидан суд жараёни давом этаётгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG