Ўзбекистон хабарлари
Тошкентдаги барча туман ҳокимлари ҳоким вазифасини бажарувчи этиб қайта тайинланди
Тошкент шаҳридаги 11 туман ҳокимидан 10 нафари 6 июнь куни бир вақтда лавозимидан озод этилган ва шу вақтнинг ўзида ўз туманларига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб қайта тайинланган.
“Кун уз” нашрининг билдиришича, бундай қарор Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан қабул қилинган.
Хабарда айтилишча, фақат Шайхонтоҳур тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаровга ариза ёздирилмаган. У 2017 йилнинг декабридан буён туман ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келмоқда.
Хабарда Тошкент шаҳар ҳокимининг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлгани, бунинг ортида қандай мақсад тургани айтилмаган.
2018 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳрига олти йил давомида ҳокимлик қилган Раҳмонбек Усмонов бошқа ишга ўтказилди ва унинг ўрнига Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди.
Кун янгиликлари
Фаоллар норозилигига сабаб бўлган АЭС қурилиши бошланиш арафасида
“Ўзатом” агентлигининг Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси ва Россиянинг “Атомстройэкспорт” акциядорлик жамияти Ўзбекистонда қурилажак кам қувватли атом электр станцияси қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзолаган. Бу ҳақда “Ўзатом” матбуот хизмати томонидан 10 сентябрь куни тарқатилган хабарномада билдирилган.
Агентлик қайдича, баённома “Ўзатом” директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари – Халқаро фаолият блоки директори Николай Спасский иштирокида имзоланган.
“Ўзатом” агентлигининг АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Отабек Амановга кўра, имзоланган ҳужжат Ўзбекистонда биринчи кам қувватли АЭС қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаол ишларни бошлашга қадам ташлагани далолатидир.
“Бу эса яқин келажакда қурилиш майдончасида тўғридан-тўғри ишларни бошлаш имконини беради”, деган Отабек Аманов.
“Атомстройэкспорт”нинг Марказий Осиёда атом электр станцияларини қуриш лойиҳалари директори Павел Безруков ҳам “Росатом”нинг муҳандислик бўлими кам қувватли АЭСни жойлаштириш учун лицензия олиш ва қурилиш майдончасида қидирув ишларини олиб бориш бўйича фаол босқичга ўтишни бошлашини таъкидлаган.
“Ўзатом” маълумотига кўра, АЭС лойиҳаси бўйича дастлабки ишлар июнь ойида бошланган бўлиб, унда бўлажак атом электр станцияси қад ростлайдиган майдонда биринчи қурилиш штаби жойлаштирилиб, режалаштирилган муддатда ишларни бошлаш имконини берадиган устувор вазифалар белгилаб олинган.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси қурилишига доир битим имзолангани Россия президенти Владимир Путиннинг май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида эълон қилинган эди.
“Ўзатом” ва “Росатом”нинг ўша пайтда тарқатилган қўшма баёнотида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланиши билдирилган.
“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилганди расмий хабарномада.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қурилажак АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.
Айни пайтда АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани Ўзбекистонда ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.
Ёз мавсуми бошларида Озодликка Ўзбекистон маҳаллий матбуотида АЭС мавзусини танқидий руҳда ёритиш ман қилинганига оид маълумотлар ҳам келиб тушган. Шунга қарамай, АЭС қурилиши юзасидан тармоқларда фикрларини билдиришга ўзида журъат топаётган фаоллар ва экспертлар ҳали ҳам кам эмас. Улардан бири иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров бўлиб, “Ўзатом”нинг бугунги хабарномасига муносабат ўлароқ ёзилган постида у ўз ўқувчиларига “Кулфатга айланадиган АЭСга йўқ дейишни унутмаслик”ни тавсия қилган.
“Албатта, биронта нормал ўзбек ва ўзбекистонлик эртага бутун Марказий осиё учун кулфатга айланадиган АЭС қурилишига ўз хоҳиши билан рози бўлмайди. Эртага фарзандларимиз бўйнидаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва экологик бўйинтуруққа айланадиган бу АЭС бўйича қарор қабул қилишдан четлаштирилган ўзбеклар ва ўзбекистонликлар, яъни кучсизларнинг кучи ҳам шунда: Йўқ, дейишни канда қилмасликда”, дея урғулаган Отабек Бакиров.
Афғонистонлик 160 нафар аёл Ўзбекистонда тиббиётдан таълим олади
Қатар пойтахти Доҳада 9 сентябрь куни Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг “Таълим ҳар нарсадан устун” (Education Above Al) фонди ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўқитишни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланган.
Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиш режаланган.
Ўзбекистон ҳукумати портали қайдича, лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини Қатар томони ўз зиммасига олган – имзоланган меморандумга мувофиқ, Education Above Al фонди афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратиши кўзда тутилган.
“Мазкур меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этади”, дейилган хабарномада.
“Толибон” шакллантирган ҳукумат 2022 йил декабрида Афғонистонда университетларга кириб бўлган толибаларнинг ОТМга боришини тақиқлаб қўйган эди. Ўша пайтда толиблар аёлларнинг мамлакатда фаолият кўрсатаётган 180 та ноҳукумат ташкилотида ишлашини ҳам ман қилиб қўйишган. Мазкур тақиқ ортидан БМТ Афғонистондаги гуманитар дастурларининг бир қисмини тўхтатган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2023 йил январида Афғонистонда хотин-қизларнинг давлат ва хусусий олий ўқув юртларида таълим олишига тақиқ қўйилгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирар экан, бу маълумотни чуқур ташвиш билан қабул қилганини урғулаган эди.
“Афғон халқининг тинч ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатъият белгиси сифатида ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз”, дейилганди вазирлик баёнотида.
Ўзбекистонда собиқ вазир муовини 6 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди 5 сентябрь куни қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тураев, унинг қизи Анаис Тураева ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд қарорига таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, 2021 йил сентябрида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тураевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган – ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева эди.
Иш материалларига кўра, Алишер Тураев тендер комиссиясини “ўзига содиқ одамлар”дан тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.
Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонганига эришган.
2021 йил 30 август куни De Nova Agro билан in-vitro усулида 1 миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, “талон-торож қилинган” маблағлар ўтказиб берилган.
“Тўраев, унинг қизи ва марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган”, дейилган Газета.uz хабарида.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти агрохизматлар марказига 562,8 минг дона кўчат ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар сохталаштирилган бўлса-да, аслида у ерга етказиб берилмаган. Шунингдек, ўсимликларни парваришлаш ва иш ҳақи учун 509,1 миллион сўм асоссиз ҳисобланган.
Судда собиқ вазир ўринбосари Алишер Тураев ўзига қўйилган айбловни қисман тан олган.
Суд Алишер Тураевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга қамалган.
Анаис Тураев мамлакат Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилган.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида тўртта ҳужжат имзоланди
Россия ҳукумати делегациясининг Тошкентга икки кунлик сафари доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва РФ бош вазири Михаил Мишустин қўшма коммюнике имзолашган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати делегациялар учрашуви чоғида бошқа қандай ҳужжатлар имзоланганига аниқлик киритган эмас, бироқ бу ҳужжатлар РФ ҳукумати портали хабарномасида санаб ўтилган. Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике, “Агроэкспресс” тезлаштирилган темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари бўйича РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликка оид шартнома, Дори-дармонлар маркировкаси кодлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш мақсадида информацион ҳамкорлик тўғрисида РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган шартнома, Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида РФ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув баённомаси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари вакиллари ўртасида имзоланган ҳужжатлар ичида ўзбек жамоатчилигининг диққат-эътиборида бўлган газ олди-сотдиси ёки АЭС қурилишига оид битимлар йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, бош вазир Мишустин бошчилигидаги РФ ҳукумат делегациясининг Тошкент ташрифининг илк кунида икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда Ўзбекистон ва РФ ўртасидаги “истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари” кўриб чиқилган.
“Шу куннинг ўзида Россия Федерацияси ҳукумати делегацияси Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Технопаркда бўлиб, ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар билан танишди”, дейилган Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати томонидан 9 сентябрь оқшомида тарқатилган хабарномада.
Тошкентдаги тартибсизлик ортидан 5 киши маҳкамага тортилди
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган меҳмонхоналарнинг бирида 6 сентябрь куни ўтказилган “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивали чоғида оммавий тартибсизлик рўй берган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълумот тарқатган.
Хабарномада тартибсизликлар чоғида фуқароларнинг тан жароҳатлари олмагани айтилса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода кекса ёшли бир неча шахс жабрлангани тилга олинган.
Озодлик тасарруфидаги айрим видеоларда балоғатга етмаган ўнлаб шахснинг фестиваль саҳнини бузиб ўтгани, уларга қаршилик кўрсатаётган Миллий гвардия ходимларини йиқитиб, саҳнага интилаётганини кўриш мумкин.
Воқеа гувоҳларига кўра, ўша куни Pepsi компанияси томонидан ташкил қилинган тадбир меҳмонлари – рэпперлар Маканн ва Хчо ўз хонишларини ижро этишган. Улар билан жонли кўришиш мақсадида саҳнага интилган балоғатга етмаган ўсмирлар оммавий тартибсизлик сабабчиларига айланишган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати қайдича, 6 сентябрь куни Юнусобод туманида “Pepsi Music Fest 2024” мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган.
Соат 18:00 дан 22:20 га қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган. Бироқ улар орасида бир нечта фуқаро, иддаога кўра, жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, майда безорилик содир этган.
ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилган, қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиляпти.
“Ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз”, дейилган ИИББ хабарномасида.
Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Тошкентдаги Humo Arena мажмуасида қозоғистонлик қўшиқчи Jah Khalib концертига тарқатилган сохта чипталар туфайли оммавий тартибсизликлар келиб чиққан эди.
Ўшанда Humo Arena саройига етиб келган Миллий гвардиянинг махсус батальони аскарлари билан йиғилганлар орасида тўқнашув бўлиб, тартибсизлик иштирокчилари орасида пичоқбозлик бўлгани айтилган. Ўтган йил охирида Ўзбекистонда бошланган “кўчага қарши рейдлар”ни ҳам айримлар айнан шу воқеага боғлашган.
2024 йилнинг 31 март куни Хоразм вилояти Урганч тумани “Боғдорчи” маҳалласи ҳудудида 30 нафарга яқин фуқаро ўзаро гуруҳ-гуруҳ бўлиб муштлашишгани хабар қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 9 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, шунингдек ҳодиса иштирокчиси бўлган яна 6 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан 15 суткага қамалган.
Шу йилнинг 29−31 июль кунлари Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ўтказилган “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали доирасида ҳам бир неча безорилик ҳолати қайд этилган.
Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг минтақавий вице-президенти этиб сайланди
Ўзбекистон президентининг кичик куёви ҳамда президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
МОК қайдича, Умаров бу лавозимга Осиё Олимпия кенгашининг Нью-Дели (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган 44-Бош Ассамблеяси доирасида сайланган.
“Тадбирда сўз олган Отабек Муҳаммадалиевич қитъамиз спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида Осиёнинг 4 давлати ТОП-15 таликдан жой олгани, Президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди”, дейилган МОК хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи, Отабек Умаровнинг хотини Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани ҳақида хабар қилган эди. Шаҳноза Мирзиёева айни пайтда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари ҳамдир.
Мирзиёевнинг катта қизи Саида Мирзиёева эса Ўзбекистон президенти администрациясининг амалдаги раҳбари бўлиб ҳисобланади. У 2023 йил августида айни лавозимга тайинлангунига қадар Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлиб ишлаган.
Эндиликда “бутун Марказий Осиё минтақасидаги Олимпизм ҳаракатининг ривожига масъул бўлажак” Отабек Умаров Озодлик ўзбек хизматининг сўнгги суриштирувнинг бош қаҳрамонига айланган эди. “Отабек Умаров ўнлаб миллион долларлик қасрни қайси пулига қуряпти?” сарлавҳали мазкур суриштирувни қуйида томоша қилишингиз мумкин:
Паралимпиячилар Ўзбекистонга 26 та медаль билан қайтишмоқда
Ўзбекистонлик паралимпиячилар XVII ёзги Паралимпия ўйинларидан рекорд натижа билан қайтишяпти.
Франциянинг Париж шаҳрида 28 августдан 8 сентябргача ўтказилган Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар биринчи марта 26 та медални (10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза) қўлга киритишга муваффақ бўлишган.
Умумжамоа ҳисобида медаллар сони бўйича жаҳонда 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистон термаси Марказий Осиё, Ислом бирдамлиги ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг яхши кўрсаткичга эришган.
Тарихий натижага эришган паралимпиячилар делегацияси Тошкентга 9 сентябрь куни қайтиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида 3,6 балли зилзила содир бўлди
Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 05:45 да Ўзбекистон пойтахтининг Мирзо Улуғбек туманида 3,6 магнитудали зилзила содир бўлди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила эпимаркази шимоли-шарқий йўналиш бўйича Тошкент марказидан 10 километр нарида бўлган.
Ер силкиниши кучи пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Олмазор, Яккасарой ва Чилонзор туманларида 2 баллга тенг бўлган.
Шунингдек, 9 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 08:41 да Қирғизистонда ҳам 3,4 магнитудали зилзила содир бўлган. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотидан англашилишича, зилзила таъсири Ўзбекистон ҳудудида сезилган эмас.
Йўл нозирлари мажбурий “план”дан шикоят қилишмоқда
Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри ЙҲХХ ходимидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Телеграм гуруҳда ЙҲХХ мутасаддилари томонидан берилган топшириқда ҳар бир ходим кунига 20 тадан қоидабузарликларни қайд этиши, шунингдек, автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича 2 та ҳуқуқбузарликни аниқлаши лозимлиги айтилган. 20 та баённомадан 10 таси маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қўпол қоидабузарликлар бўлиши керак.
ЙҲХХ ходими тизим вакиллари гарданига “план” юклаб, унинг ижросини қаттиқ назорат қилаётган мулозим Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов эканини айтган. Телеграм мессенжери орқали юборилаётган топшириқлар ҳам айнан “С.Н.Назирханов” профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.
Мазкур профиль эгаси топшириқларнинг бирида “АВТО ПАТРУЛЬ” рейд тадбири ўтказилаётганига қарамай, маст ҳайдовчилар аниқланмаётганидан ёзғирган.
“Мажбурий фалонча қоидабузар топасан, деган топшириқлар жуда кўп. Масалан, мастларни аниқлайсан, қаердан бўлса ҳам топ, дейди. Кўчада маст ҳайдовчи бўлмаса, биз нима қиламиз?” деган исми сир қолишини сўраган йўл нозири “Kun.uz” нашрига.
“Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ” профилидан юборилган бошқа бир топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига “раҳбарият эътироз билдиргани” баён қилинган. Инспекторлар “қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишларини кучайтириши лозим”лиги уқтирилар экан, “иш натижалари юзасидан ҳар бир ходим билан шахсан 601 чи гаплашиши” писанда қилинган. Топшириқларни бажармаган раҳбар ва кураторлар қаттиқ интизомий таъсир чораларидан огоҳлантирилган.
“Kun.uz”га мурожаат қилган тизим вакилига кўра, йўл нозирларига қўшимча тўловлар тўланмаётир, иш вақти борасидаги меъёр ҳам бузилмоқда.
“Доим кўчада туриб хизмат қиламиз, сержант унвонига эга инспекторларнинг ойлиги 7,3 миллион сўм. Олдинлари ҳар бир ёзилган протоколимиздан 10 фоиз қисми бизга бериларди, шу билан ойликка 4-5 миллион сўм қўшилган. Бу ходимлар яхши ойлик олиб, пора олмаслиги учун қилинган эди. Лекин бир йилдан ошди, қўшимча пулни ёзган протоколимизга эмас, балки умумий сумма қилиб қўйди. Энди ойликка қўшимча 300 мингдан 500 минг сўмгача оляпмиз”, деган ЙҲХХ ходими.
Бундан ташқари, иш тиғизлиги ва дам олиш учун шароит яратилмаётгани сабаб йўл нозирлари оиласи ва болаларига вақт ажрата олмаётгани маълум қилинган.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан “Kun.uz”га йўллаган қисқа жавобида “бугунги кунда эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият (план) белгилаш амалиёти бекор қилингани”ни билдириш билан чекланган.
Германия канцлери Ўзбекистонга сафар қилади
Германия канцлери Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилади. Бу ҳақда ГФР ҳукумати воизи Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.
Бу Шольцнинг Марказий Осиё минтақасига илк сафари эканини урғулаган Ҳебештрайтга кўра, Германия канцлери ташриф чоғида борган мамлакатларининг давлат раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказади.
Қайд этилишича, Шольцнинг Мирзиёев ва Тоқаев билан музокаралари чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва ташқи сиёсат масалалари диққат марказида бўлади. Хабарномада Германия канцлерининг Марказий Осиё давлатларига сафари чоғида унга катта бизнес-делегация ҳамроҳлик қилиши қўшимча қилинган.
Шунингдек, Шольц 17 сентябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё — Германия” (5+1) саммитида иштирок этади. Бу “Марказий Осиё — Германия” форматида ўтказилаётган иккинчи саммит бўлиб, илк саммит 2023 йил сентябрида Берлинда ўтказилган эди.
Ўша пайтда Озодлик Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этган мазкур саммит ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга амалий ташрифи ҳақида махсус репортаж тайёрлаган эди. “Мирзиёев Германияга нима учун борди?” сарлавҳали мазкур видеотаҳлилни қуйида томоша қилишингиз мумкин.:
Россияда ўзбекистонлик аёл хусусий клиникага мурожаати ортидан вафот этди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл хусусий клиникадаги муолажа ортидан вафот этган. Бу ҳақда 78.ru хабар қилди.
Хабарга мувофиқ, 3 сентябрь куни 53 ёшли аёл Фрунзе туманининг Бела Кун кўчасида жойлашган тиббий марказга мурожаат қилган. Белидаги кучли оғриқдан шикоят қилган аёл санчиқдан халос бўлиш учун врачлардан ниш уриб, “блокада” қилиб қўйишни сўраган.
Нашр қайдича, врач укол қилиб-қилмагани ҳозирча маълум эмас, бироқ процедура рисоладагидек кетмагани аниқ.
Шундан сўнг аёл оғир аҳволда Петербургдаги касалхоналардан бирига етказилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ўша ерда жон берган.
Ҳолатга оид тафсилотлар ўрганилмоқда.
Тошкентда собиқ вазир Азиз Воитов суди бошланди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида 5 сентябрь куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари Ҳусниддин Каримов дохил жами 50 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш жараёни бошланган. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, мазкур иш Миробод тумани суди судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, судланувчилардан 29 нафарига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига нисбатан “гаров” ва 6 нафарига нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
“Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейилган Олий суд вакили хабарномасида.
“Дарё” нашри хабарига кўра, судда сўз олган адвокат Темур Раҳматов интернет нашрларининг бирида собиқ вазир Азиз Воитов иши судда кўриб чиқилиб, унинг 7 йилга қамалгани ёзилганини айтиб, журналистларни нотўғри ахборот тарқатаётганликда айблаган.
Ўз навбатида, судда раислик қилаётган судья Сардор Содиқов ОАВ вакиллари ҳамда адвокатларга мурожаат қилиб, судда шаффофлик таъминланиши лозимлиги, бироқ бу судланувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этмаслиги кераклигини таъкидлаган.
“Судда сўз олган ва исм-шаърифини айтмаган яна бир адвокат судда қатнашаётган журналистлар хорижликлар агенти бўлиши мумкинлигини айтиб, шу боис уларга судни ёритишни тақиқлаш кераклигини таклиф қилди. Бунга жавоб берган Сардор Содиқов ОАВ вакиллари суд мажлисига ҳужжат асосида киритилаётганини, уларнинг қайси ОАВ вакили экани масъулларга аниқ эканини билдирди”, дейилган нашр хабарида.
Собиқ вазир Азиз Воитов ва бошқалар иши юзасидан суд жараёни 6 сентябрь куни тушдан кейин давом этиши кутилмоқда.
Азиз Воитов ўтган йил декабрида ҳибсга олинган эди. У ҳибсга олинишидан икки ой олдин (2023 йил октябрида) қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Воитовнинг ишдан бўшатилиши сабаби ўша пайтда расман очиқланган эмас.
44 ёшли Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимларидан биридир. Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳамда шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев етти йилга қамалгани маълум бўлган.
Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган. Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.
Муҳаммад Солиҳ ҳайкаллари Измир кўргазмасида намойиш этилмоқда
Туркиянинг Измир шаҳридаги Аҳмед Аднан Сайгун санъат марказида 5 сентябрь куни эллик нафар рассом ва ҳайкалтарошнинг ижод намуналари жаъм бўлган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Онадўли афсоналари” деб номланган ҳамда туркиялик ва хорижлик санъаткорларнинг ҳайкаллари, барельефлари, керамика ва мойбўёқ асарлари намойиш этилажак кўргазма “Шоҳморон” халқаро санъат ва адабиёт платформаси томонидан ташкил этилган.
Уч ҳафта давом этадиган кўргазмага ўзбекистонлик таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ҳайкалтарошликка оид учта асари қўйилган.
Кўргазма куратори Надире Гучсав хонимга кўра, Муҳаммад Солиҳнинг санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинаётган “Украина”, “Отатуркчи хотин” ва “Ойдин Солиҳ портрети” деб номланган ҳайкал ва барельефларида кучли ҳиссиёт устуворлик қилиб, улар стантдартлардан ташқари ва оригинал асарлардир.
“Ўзбекистонлик атоқли сиёсат арбоби ва санъаткор Муҳаммад Солиҳнинг бу кўргазмада иштирок этаётгани биз учун катта шарафдир. Уни бошқа кўргазмаларимизда ҳам кутиб қоламиз”, деди Измирдаги кўргазма куратори Надире Гучсав.
Умрининг сўнгги 31 йилини Туркия ва бошқа хорижий давлатларда кечирган Муҳаммад Солиҳ кейинги йилларда шеърият ва публицистикадан ташқари рассомлик ва ҳайкалтарошлик билан ҳам жиддий шуғуллана бошлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчисининг сўнгги йиллардаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган “Муҳаммад Солиҳ. Адашмаган ҳайкаллар” номли видеоэссени қуйида томоша қилишингиз мумкин:
HRW Ўзбекистондаги яна бир суд ҳукмини қоралади
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг 1991 йили диндор намойишчилар билан учрашгани акс этган видеони улашгани ортидан Севара Шайдуллаеванинг жавобгарликка тортилишини қоралаб чиқди.
Тошкент вилоят суди 4 сентябрь куни Севара Шайдуллаевага нисбатан “Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга чақирувчи материалларни атайин сақлаш ва тарқатиш” айблови билан тайинланган 30 ойлик шартли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўз кучида қолдириш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Шайдуллаевага комендантлик соатига риоя қилиш, оммавий тадбирларда қатнашмаслик, Тошкент вилоятидан рухсатсиз чиқмаслик талаб қилинган.
HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманн ўз баёнотида Севара Шайдуллаеванинг аввалги президент иштирокидаги видеони тарқатгани учун судга тортилишини танқид қилди.
“Видео мазмуни Ўзбекистон расмийлари учун ёқимсиз бўлса ҳам, 33 йиллик видеода тарихий нутқ акс этган”, дея билдирди Риттман хоним.
Қайд этилган видеода Ислом Каримов 1991 йилнинг декабрь ойида Наманган шаҳрида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бўлажак раҳбари Тоҳир Йўлдош билан ёнма-ён тургани кўринади.
Қарийб 33 аввалги Наманган воқеаларида бир гуруҳ исломчилар давлат идораларини эгаллаб олиб, исломий давлат тузишни талаб қилиб чиқишган, Каримов улар билан учрашиб, талабларини бажаришга ваъда берган.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан бошлаб Каримов ҳукумати диндорларга қарши чекловларни кучайтирган ва бу ҳолат 2016 йилда Каримов вафот этгунига қадар давом этган.
HRW вакиллари қаноатича, диний эътиқод ва сўз эркинлигига нисбатан жиддий чекловлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёев маъмурияти даврида ҳам ўз кучида қолмоқда.
“Ўттиз йил олдин бўлган воқеалар акс этган видеони тарқатиш жиноят сифатида кўрилмаслиги керак. Ўзбекистон ҳукумати Шайдуллаевага чиқарилган ҳукмни дарҳол бекор қилиши ва унга қўйилган барча чекловларни олиб ташлаши керак”, дея таъкидлаган Мира Риттманн.
Севара Шайдуллаевага нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан мулоҳаза билдирган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари аввалроқ Озодликка, агар бу аёл ҳақиқатан айбдор бўлса, бу видеодан кадрлар намойиш қилган Ўзбекистон телерадиокомпанияси телеканалларини ҳам жавобгарликка тортиш лозимлигини айтишган эди.
“Агар бу материалда конституцион тузумни ағдаришга қаратилган чақириқлар бўлиб, видеоконтент экстремистик деб топилган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каналлар устидан худди шу тартибда жиноят иши қўзғаши керак бўлади”, деган эди хусусан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Абдураҳмон Ташанов.
Бир сайловчига бир неча бюллетень берган шахслар жазоланади
Ўзбекистонда фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов бюллетенини берган сайлов комиссияси аъзоси бундан буён жавобгарликка тортилади. Бу тартиб Ўзбекистон президенти томонидан шу йилнинг 4 сентябрида имзоланган қонун билан мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартишда акс этган.
Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали қайдича, қонун билан мазкур кодексга сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча ҳам киритилган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши айтилган.
Ўзбекистонда галдаги сайловлар (парламент сайлови) жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан буён иккинчи парламент сайлови бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтадаги нутқида бу галги парламент сайлови “халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтиши”га ишонч билдирган эди.
Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, мухолиф партияларга йўл бериш ҳақида гапирган, аммо ҳозиргача Каримовдан қолган сиёсий тузумни ўзгартириш йўлида бирон жиддий қадам қўйган эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун “баъзи қадамлар”ни қўйгандан сўнг “ислоҳотларнинг ушбу руҳи”ни сайловларга “юқтира олмаган”ини Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам 2019 йилдаги ўз баёнотида эътироф этган эди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда мустақиллик даврида бўлиб ўтган барча сайловлар нуфузли халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЕХҲТ кузатувчилари томонидан бирон марта ҳам “тўлалигича халқаро стандартларга мувофиқ”, тенг рақобат асосида ва қонунбузарликсиз ўтган, дея тан олинган эмас. Кузатувчилар бу қонунбузарликлар орасида бошқалари қатори бир кишига бир неча марта сайлов бюллетени берилгани ва бир кишининг бошқа шахс номидан овоз бергани каби ҳолатларни ҳам қайд этишган.