Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:40

ИИВ биометрик паспорт олмаганлар жавобгарликка тортилишдан огоҳлантирди


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) аҳолини 2018 йилнинг 1 июлига қадар эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштириш шартлигидан огоҳлантирди. Қўшимча қулайлик мақсадида паспорт столлари эрталабки соат 9 эмас, 8дан иш бошлайдиган бўлди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтида хабар қилинишича, 1 июлдан эски паспортлар амал қилиш муддати тугайди ва янги паспортни олишга улгурмаганлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

"Сиздан ўз вақтида паспортларингизни алмаштиришни сўраймиз", дея огоҳлантирди ИИББ.

Аҳолига паспортни алмаштириш учун қўшимча имконият бериш масадида ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг туманлардаги бўлимлари 26 майдан бошлаб, тонги соат 9да эмас, балки 8да иш бошлашини маълум қилди.

Бунга қадар ҳам айни огоҳлантириш билан чиққан ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси баёнотида, жумладан, шундай дейилганди:​

"Фуқаролар диққатига эслатиб ўтмоқчимизки, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаш, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган тартибда жарима солинишига сабаб бўлади".

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-модда - "Паспорт тизими қоидаларини бузиш" тўғрисидаги моддасида шундай дейилган:

"Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади".

Шу йил бошида 2018.strategy.uz сайтида аҳоли муҳокамаси учун тақдим этилган давлат дастури лойиҳасида Ўзбекистонда жорий этилган биометрик паспортни 2018 йил 1 июлидан хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олиниши режалаштирилаётгани қайд этилганди.

Ўзбекистон ичкарисида фойдаланиш учун эса аҳолига шахсни тасдиқловчи идентификация карталари - ID-карталари жорий этилиши таклиф қилинганди.

Муҳокамалар бораётган кезда Ўзбекистон ИИВ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бош бошқармаси Gazeta.uz Интернет нашрига хорижий паспорт ва ID-карта бўйича аҳолидан тушган таклифлар кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

"Бу аҳолининг таклифидир. Биз хорижий паспортни 48 саҳифалик қилиш ва уни 10 йиллик муддатга беришни таклиф қилганмиз. Хорижий паспортга прописка муҳрини урмаслик, оилавий аҳволини кўрсатмаслик ва ҳоказо жиҳатлар режаланган эди. Фақат виза учун саҳифалар бўлиши режаланган эди. Ҳозирча, бу борада аниқ қарор йўқ, аҳоли таклифларини ўрганиб чиқаяпмиз", дея иқтибос келтирганди ИИВ бошқармасидан Gazeta.uz Интернет нашри.

Аммо, ҳозирга қадар Озодликда бу борада якуний қарор берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Бундан ташқари, Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 16 август кунги фармонида 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш стикерини бекор қилиш топширилган эди. 2018 йилнинг март ойига келиб эса “чиқиш визаси” жорий паспорт янгисига алмашмагунча, сақланиб қолиши маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG