Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:20

Собиқ сиёсий маҳкум Самандар Қўқонов реабилитация қилишини сўраб судга мурожаат қилди


Самандар Қўқонов
Самандар Қўқонов

Ўзбекистон Олий Кенгаши собиқ депутати Самандар Қўқонов иши бўйича ёзилган кассация шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг кассация судлов ҳайъатида кўрилади. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 23 май куни хабар қилди.

“Эзгулик” хабарномасига кўра, Тошкент вилоят судининг 1995 йил 2 мартдаги ҳукми билан Ўзбекистон ССР Жиноят Кодексининг 130-моддаси 4-қисми, 149-моддаси 1-қисми ва 191-моддаси айбланиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Самандар Қўқонов Ўзбекистон Республикаси Олий судига оқлов ҳукми сўраб мурожаат қилган.

“Эзгулик”нинг собиқ сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг ўзига таяниб хабар қилишича, у оқлов ҳақидаги мурожаатига Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Н. Акбаров имзоси билан жавоб олган:

“Олий суднинг жавоб хати мени ажаблантирди. Унга кўра, менинг ишим кассация тартибида Тошкент вилояти судида кўриларкан. Ҳолбуки, менга нисбатан 1994 йилнинг 23 августида Олий суднинг ҳукми чиққан. Шунга қарамай ишим яна қуйи инстанцияда кўрилган. Тушунарсиз ҳолат. Булар оқламоқчи эмасми ёки бу ерда бошқа гап борми, билмайман” деган Самандар Қўқонов.

Ўзбекистонг Олий кенгаши собиқ депутатининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий суди раиси номига йўлланган шикоятида: “...На раҳбарлик, на депутатлик давримда халқим ва Ватанимга иснод келтирадиган иш қилган эмасман. Тавба қиладиган айбим йўқлиги учун, И.Каримовга авф сўраб ариза ёзганим йўқ. Шу боис, менга бирон марта амнистия қўлланилмаган.

Бадалини бирон бир бойлик билан қоплаб бўлмайдиган 24 йиллик қамоқ азобидан сўнг, яна 3 йилу беш кун муддат қўшиб берганларида янги сайланган президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг марҳамати туфайли 72 ёшимда тириклар мозоридан озодликга чиққанимдан миннатдорман!” дейилади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг кассация судлов ҳайъати ҳали суд кунини белгилаган эмас.

Ўзбекистон қамоғида 24 йил ўтирган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Самандар Қўқонов 2016 йилнинг 24 ноябрида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги жазони ижро этиш колониясидан озодликка чиқарилган.

XS
SM
MD
LG