Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 23:22

Ёзда 50 даража иссиқ бўладиган Туркманистонда чўмилиш кийими ва шортлар тақиқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Туркманистон ҳукумати мамлакатга аёллар чўмилиш кийими ҳамда калта иштонларни олиб киришни ва сотишни тақиқлади.

Ёзда 50 даража иссиқ бўладиган Туркманистонда чўмилиш кийими ва шортлар тақиқланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Навбатдаги тақиқ

Озодлик радиоси туркман хизматининг Туркманистондаги мухбирлари хусусий кийим-кечак дўконлари сотувчиларига таянган ҳолда, тақиқ жорий этилгунига қадар мамлакатга олиб кирилган бикини ва шортларни арзон нархда сотиб тугатишга ҳаракат қилаётганларини билдирмоқдалар.

“Божхонада чўмилиш кийимлари ва шортларни олиб киришга рухсат беришмаяпти. Чўмилиш мавсуми яқинлашаётгани муносабати билан бу товарларга эҳтиёж ўсаётган эди. Лекин божхоначилар бикини ва шортларни мамлакатга олиб киришни нега тақиқлаётганлари ҳақида тушунтириш бермаяпти”, деб хабар берди Озодлик радиоси мухбири.

Унга кўра, сўнгги йилларда Туркманистонда ёз фаслида шортлар аёллар ва эркаклар ўртасида оммавийлашган эди. Тақиқ ортидан ёз фаслида 50 даражагача иссиқ бўладиган Туркманистон аҳолиси мавсум учун қулай бўлган кийимдан воз кечишига тўғри келмоқда.

“Сўнгги пайтда талаб ўта кўп бўлаётган эркак ва ёлларнинг шортларини олиб кириш ҳам мумкин эмас. Толкучка деб аталадиган янги бозорда бу маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконларт товарсиз қолди. Мамлакатга олдин олиб кирилган шортлар ва чўмилиш кийимлари қолдиқлари сотиб тугатилаяпти”, деди Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири.

Туркманча “Облико морале”ми?

Озодлик радиосининг шортлар ва бикиниларни мамлакатга олиб кириш нега тақиқлангани тўғрисида божхона расмийларидан изоҳ олиш уриниши самарасиз якунланди.

Лекин Озодлик мухбири билан исми сир қолиши шарти билан суҳбатлашган божхона ходими бу тақиқ “туркманларнинг аҳлоқий меъёрлари, яъни, туркман қизларига чўмилиш кийимлари кийиш ножиоздир”, деган тушунчага боғлиқ равишда жорий этилган бўлиши мумкинлигини таҳмин қилди. Лекин у бу тақиқ нега айнан шу кунларда жорий этилганига изоҳ бера олмади.

Бу сўнгги ҳафталарда Туркманистонда кийиниш ёки ташқи кўринишга қаратилган биринчи тақиқ эмас. Ўтган ойнинг охирида “Хроника Туркменистана” нашри Ашхабоддаги давлат муассаса ва идораларида ишловчи аёлларга тирноқ бўяш ва ўстириш, киприк ўстириш, соч бўяш ва олтин тақинчоқлар тақиш тақиқлангани тўғрисида хабар тарқатган эди.

Туркманистон божхонаси бунинг ортидан мамлакатга ёрқин соч бўёқлари ва сочни бўяш билан боғлиқ бошқа маҳсулотларни олиб киришга рухсат бермай қўйган.

“Хроника Туркменистана” нашри расмийлар дўконлардан ҳозир мавжуд бўлган соч бўяш воситалари ва бўёларни, тирноқ учун гелларни сотувдан олиб ташлаш ниятида эканини ҳам билдирган.

Таъкидлаш жоизки, соч бўяшга тақиқ давлат раҳбари мунтазам сочини бўяб юрадиган давлатда жорий этилди.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳокимиятга янги келган пайтда унинг сочига оқ оралаганини кўриш мумкин эди. Бироқ сўнгги йилларда у “жозиб қорасоч” имиджига эга бўлди.

Туркманистонда кийиниш ва ташқи кўринишга турли тақиқлар мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов ҳукумронлиги давридан бери анъанага айланган. Турли йилларда тилла тиш, эркакларга узун соч ўстириш ва соқол қўйиш тақиқланган.

Бундан ташқари Туркманистонда аёллар ва қизларнинг ташқи кўринишига алоҳида талаблар ишлаб чиқилган. Масалан, 2013 йилдан бери давлат идоралари ходимлари, маҳаллий олийгоҳлар талабалри, турли тадбирлар иштирокчилари бўлган аёллар ҳамда қизлар алвон рангдаги бир ҳилда кўйлак ва миллий рўмол ўрашлари шарт.

Туркманистонда шов-шувга сабаб бўлган энг сўнгги тақиқлардан бири - қора ва исталган бошқа кирчимол рангдаги автомобилларга жорий этилган тақиқ бўлди.

XS
SM
MD
LG