Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:58

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги. Дўконларда муддати ўтган маҳсулотлар сотилмоқда


Туркманистондаги дщконлардан биридаги ёзув: "Шакар киши бошига 1 килодан".
Туркманистондаги дщконлардан биридаги ёзув: "Шакар киши бошига 1 килодан".

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва нархлар кўтарилиши ортидан дўконларда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам сотила бошланди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати Ашхабоддаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Манбаларнинг билдиришича, муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисмини сут ҳамда колбаса маҳсулотлари ташкил қилмоқда.

“Истеъмол қилиш муддати бир неча кун олдин ўтиб кетган пишлоқ, қатиқ, қаймоқ каби сут маҳсулотларини сотишаяпти. Лекин бу маҳсулотларнинг муддати ўтиб кетгани тўғрисида харидорларни огоҳлантиришмаяпти”, деб айтди Ашхабоддаги манбалардан бири.

Бошқа манбалар эса Ашхабод дўконларида қадоғида истеъмол қилиш муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганини айтмоқдалар.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бундай маҳсулотларнинг пайдо бўлиши нархлар қимматлагани, аҳолининг харид қилиш салоҳияти озайгани ва ҳукумат томонидан маҳсулот сифатини назорат қилишга етарлича эътибор берилмаётгани билан боғлиқ.

Туркманистонда 2017 йилнинг декабридан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги ва қимматчилик кузатила бошланди. Жумладан, сўнгги бир неча ой ичида нон ва сут маҳсулотлари нархи юз фоиздан кўпроққа қимматлади.

Хабарларда айтилишича, 28 февралдан бошлаб пойтах Ашхабоддаги дўконларда бир кишига 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда ун ва 1 килодан кўп бўлмаган миқдорда шакар сотилмоқда. Бунгача бир одамга 5 кило ун ва 1 кило шакар сотилаётган эди.

Пойтахтликларга кўра, дўконларда ун, шакар ва ўсимлик мойи каби маҳсулотлар 1-2 соатда тугаб қолаяпти, навбат кутганлар сони эса кўпайиб бормоқда.

Туркманистон ҳукумати озиқ-овқат тақчиллиги мавжудлигини расман тан олмаяпти. Аксинча, телевиденияда озиқ-овқат маҳсулотларига тўлиб кетган дўконлар ва омборхоналар намойиш этилиб, мамлакатда фаровонлик ҳукм сураётгани билдирилмоқда.

“Экспертлар фикрича, Туркманистон сўнгги 25 йилда биринчи марта энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда”, деб ёзди Озодлик радиоси турман хизмати.

Иқтисодий инқироз оқибатида 2017 йил давомида қатор вазирликлар ва давлат агентликлари тугатилди, оммавий тарзда иш ўринлари ва ойликлар қисқартирилди, аҳолига бериладиган қатор узоқ муддатли имтиёзлар бекор қилинди.

Бундан ташқари аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт, коммунал хизматлар, боғча ва тиббий хизматлар нархи кундан-кунга ўсиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG