Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Самарқандда ҳоким, прокурор ва МХХ хориждан қайтган “адашган”ларни қамамасликка сўз берди


Самарқанд вилояти ҳокимиятида масжидларнинг имом-хатиблари, қидирувда бўлган шахсларнинг яқинлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида 12 март куни кечқурун бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими, вилоят прокурори, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси, вилоят МХХ раҳбари, вилоят милицияси бошлиғи хорижда қочиб юрган “адашганлар” уйларига қайтсалар, уларни қамамаслик тўғрисида ваъда бердилар.

Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев йиғилишда “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 1749 самарқандликдан 1625 нафари рўйхатдан чиқарилганини маълум қилар экан, қолган 124 нафар фуқаро хорижда юргани сабабли уларни “қора рўйхат”дан ўчириш имконияти бўлмаётганини айтган.

Xabar.uz нашрининг билдиришича, сўзи давомида Туробжон Жўраев:

-Ҳаммасининг юрагида “борсам қамаб қўйишади” деган қўрқув бор. Азизлар, фарзандларингизга айтинг, ҳаммаси қайтишсин, биттаси ҳам қамалмайди, уларни кечирамиз. Уларнинг қамалмаслигига мана мен кафилман,- деб айтган.

“Кун уз” сайти эса Самарқанд вилоят ҳокими йиғилганларга мурожаат қилиб, “адашганлар”ни “тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса бу борада ҳам ёрдам берамиз”, деб айтганини қўшимча қилди.

Вилоят МХХ раҳбари Улуғбек Мирзааҳмедов: “Кўпчилик ёшлар ота-оналари билан доимий равишда алоқа боғлаб турганидан хабардормиз. Айинглар, қайтишсин! Уларга қамоқ жазоси берилмаслигига, улар таъқиб ва тазйиққа учрамасликларига мен кафилман”, деб сўз берган.

Вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров жиноят содир этган фуқароларни ватанига қайтиб келиб тавба қилишга, халқдан ва давлат раҳбаридан кечирим сўрашга чақириб: “Фарзандларингизга айтинг, қайтишсин! Мен битта нарсага кафолат бераман: агар қўли қонга ботмаган бўлса, битта ҳам фуқаро қамалмайди”, -деган.

Хабарда айтилишича, ҳоким Самарқанд вилоятида “қора рўйхат”дан чиқарилган шахсларнинг муаммолари ўрганилгани, уларнинг айримларига уй, айримларига иш ва даволанишга муҳтожларга сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар берилганини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасасида имом хатиблар билан учрашар экан, "қора рўйхат"да турган 17 минг мусулмондан 16 мингтаси рўйхатдан чиқарилганини ва улардан 9 минг 500 нафари иш билан таъминланганини айтган эди.

Шу билан бир қаторда Озодлик радиоси 2017 йилнинг 18 ноябрида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманида уч кун мобайнида “қора рўйхат”дан чиқарилган саксонга яқин аёл ва эркак диндор ушлангани ҳақида хабар берган эди.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг ўшанда Озодликка билдиришича, қўлга олинганлар Зангиота тумани ва Тошкент шаҳри милиция бўлимларига олиб келинган ва соатлаб сўроқ қилинган. Ушланганларнинг яқинлари ҳибсда улар калтакланганини Озодликка айтишган эди.

XS
SM
MD
LG