Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:08

Трамп Хитойни Шимолий Корея масаласида АҚШга ёрдам бермаётганликда айблади


АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойни Қўшма Штатларга Шимолий Корея билан низони ҳал этишда “ҳеч қандай” ёрдам бермаётганликда айблади ва “Бу ҳолнинг давом этишига йўл қўймаймиз”, дея қўшимча қилди.

Трампнинг 29 июль куни Твиттердаги баёнотига қўшимча равишда янграган изоҳлари Пхеньян қитъалараро баллистик ракетани (ҚБР) синовдан ўтказгандан сўнг пайдо бўлди. Ушбу ядро қуроли ташувчи ракеталар АҚШ ҳудудига қадар учиб бора олиши айтилди.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари 30 июль куни тарқатган баёнотда Трамп изоҳларидан бир неча соат сўнг АҚШнинг ҳарбий қудратини намойиш қилиш учун иккита B-1B бомба ташувчи учоғи Корея ярим ороли устидан учиб ўтгани айтилди.

Ҳарбийларнинг хабар қилишича, бомба ташувчи учоқлар АҚШнинг Гуам оролидаги ҳарбий базасидан ҳавога кўтарилган ва 10 соатлик парвоз мобайнида уларга Япония ва Жанубий Корея қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қилган. Учоқлар ҳаводаги объектларни қўлга олиш бўйича ва бошқа амалиётлар ўтказди.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин: “Ҳарбий кучларимиз Корея-АҚШ ҳарбий тайёргарлигини кучайтиради ҳамда ҳар қандай иғволарга қарши туриш учун Корея-АҚШ иттифоқига асосланган ҳамкорлик тизимини қўллаб-қувватлайди”, деб баёнот берди.

Трамп Твиттердаги изоҳларида АҚШнинг ўзидан олдинги раҳбариятини Пекинга, кўмаклашишни истамаётганига қарамай, миллиардлаб доллар пул ишлаб олиши учун имкон берганликда айблади.

“Хитойдан ҳафсалам пир бўлди. Олдинги аҳмоқ раҳбарларимиз уларга йиллик ўзаро савдодан юзлаб миллиард доллар пул ишлаб олишига имкон берди, аммо улар биз учун Шимолий Корея масаласида ҳеч иш қилмаяпти, фақат гап билан овора. Биз бу ҳолнинг давом этишига йўл қўймаймиз. Хитой бу муаммони осонгина ҳал қилиши мумкин эди”, деб ёзди у.

2016 йилда Қўшма Штатларнинг Хитой билан савдо камомади 309 миллиард доллар бўлди.

Трамп ва бошқа раҳбарлар Хитойни қайта-қайта Шимолий Кореяга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорлари билан тақиқланган ядро ва баллистик ракеталар дастури юзасидан босим ўтказишга даъват этиб келади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 29 июль куни Шимолий Кореянинг “ракета учириши” БМТ қарорларига ва “халқаро ҳамжамиятнинг умумий истаклари”га зид бўлгани учун бундай амалиётга қарши экани хусусида баёнот берди.

Шимолий Корея расмийлари 29 июль куни Пхеньяннинг сўнгги ҚБР синови Сеулни АҚШнинг THAAD ракетадан ҳимоя тизимини мамалакат ҳудудида тезроқ жойлаштиришга мажбур қилганини билдирди. Хитой ушбу тизим жойлаштирилишига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келмоқда.

АҚШ армияси вакилларининг маълум қилишича, Америка ва Жанубий Корея ҳарбий кучлари “юзадан-юзага” ракеталари билан машқлар ўтказди ва ҚБР синовидан сўнг “ҳарбий жавоб вариантлари”ни муҳокама қилди.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг айтишича, сўнгги синов “АҚШ учун жиддий огоҳлантиришдир ва ушбу мамлакат сиёсатчилари у тажовузкор эканини, мабодо Пхеньянга қарши иғвогарлик қиладиган бўлса, жазосиз қолмаслигини тушуниши керак”.

XS
SM
MD
LG