Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:24

Гулнора Каримованинг адвокати Швейцариядан терговни тўхтатишни сўради


Швейцария суди тарафидан Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилишга тайинланган адвокат Грегор Манжа (Grégoire Mangeat) РИА Новости агентлигига берган интервьюсида, Каримованинг қамоққа олинганидан хабар топгани, бироқ унинг қаерда эканлиги номаълум қолаётгани ҳақида гапирган.

Шу боис адвокат Манжа Швейцария Бош прокуратурасидан Гулнора Каримова билан боғлиқ ишни вақтинча тўхтатиб туришни сўраган:

"Ўз мижозим билан алоқага чиқиш имкони йўқлиги боис адолатли судлов талаби даражасида уни ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрумман. Шу боис Швейцария Бош прокуратурасига иш жараёнини тўхтатиб туриш ҳақидаги янги талабнома жўнатдим", дейди швейцариялик адвокат.

Манжанинг агентликка айтишича, у ўз мижози Гулнора Каримова қамоққа олинганидан хабар топган, бироқ айни пайтда унинг қайси қамоқхонада эканлигидан бехабар:

"Ҳозирги пайтда биз унинг қаердалигини билолмаяпмиз. Унинг қаерга ўтказилгани номаълум. Шу сабаб мен жорий ойда режаланган (Ўзбекистонга) сафаримни бекор қилишга мажбур бўлдим", дейди адвокат Манжа.

Адвокат Гулнора Каримованинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар топганини айтиб, бундан хавотир билдиради.

Манжанинг айтишича, кейинги бир неча ой давомида ҳатто Гулноранинг болалари ҳам онаси ҳақида бирор маълумот ололмаяпти.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида 28 июль куни эълон қилган “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”да марҳум президент тўнғичи Жиноят кодексидаги энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтгани боис эҳтиëт чораси сифатида қамоққа олингани таъкидланган.

Бироқ расмий хабарда Гулноранинг айни пайтда қайси қамоқхонада эканига оид тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG