Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

ЎзАро кўчирмачилик: Каримовнинг ўрнига Мирзиёев ёзилади - "янги мақола" тайёр!


Ўзбекистоннинг асосий хабар манбаси, ЎзА миллий ахборот агентлиги мамлакат президенти суратларига “Photoshop” ёрдамида “ишлов бериши” етмаганидай, давлат раҳбари ҳақидаги аввалги мақолаларини фақат фамилияни ўзгартириб, "янги мақола яратишни" ўзига касб қилиб олган, дейилади "Настоящее Время" телеканали тайёрлаган мақолада.

Икки йил ичида мамлакатда кўп нарса ўзгариб кетди. Ислом Каримов вафот этиб, ўрнини собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев эгаллади. Лекин ЎзА ҳамон ўша-ўша: мақолаларда фақат исмни ўзгартириб, эски қолипда ёзгани-ёзган.

– Журналистлик масъулияти йўқ. Улар, одамлар бунга эътибор қилмайди, деб ўйлайди. Ўзларича ҳақ – ўқувчи чиндан ҳам зерикарли, кўпинча совет қолипларига солинган қайтариқ мақолаларни ўқимайди, – дейди «Озодлик» радиоси Ўзбек хизмати мухбири Сирожиддин Толибов.

ЎзАдагиларнинг телефон орқали жавоб бергиси келмади ва агентликка ёзма равишда мурожаат қилишни маслаҳат берди. Савол тузиб, 29 июнда жўнатилган хатга 8 июлда ҳам жавоб келмади.

“Настоящее Время» нашри ЎзАнинг айрим қисмлар такрор-такрор ишлатилган мақолаларини йиғиб, қуйидаги туркумни тайёрлади. Сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а:

1. Сафарлар ҳақида

​Биринчи матн агентлик сайтида 2014 йил октябрида эълон қилинган ва Ислом Каримовнинг Тошкентдаги янги қурилган “Минор” масжидига боргани ҳақидадир.

Иккинчи материал орадан икки ярим йил ўтиб ёзилган ва Шавкат Мирзиёвнинг пойтахтдаги Сузук ота мақбараси ва масжидини зиёрат қилгани ҳақида ҳикоя қилади.

2. Бағрикенглик ҳақида

Икки мақола бир ярим йиллик фарқ билан ёзилган. Уларнинг бир умумий жиҳати бор: иккаласида ҳам Ўзбекистондаги кўпмаданиятлилик ва бағрикенглик кўкларга кўтариб мақталади. Биринчи мақолада бу “Ислом Каримовнинг доно раҳарлиги”натижаси, иккинчисида эса “Шавкат Мирзиёевнинг муваффақияти” экани айтилади.

3. Ўқитувчилар ҳақида

​Воқеалар такрорланиб тургандан кейин янги мақола ёзиш ҳақида бош қотиришнинг нима кераги бор? Ўзбек ўқитувчиларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга бағишланган матбуот конференцияси ҳақидаги мақолалар ўртасида бир ярим йил фарқ бор. Лекин матнда президентлар ўзгартирилган, холос.

4. Яна сафарлар ҳақида

​Мана бу юқоридаги мақолалар ўртасидаги фарқ эса – уч йил. Биринчи мақола –Ислом Каримовнинг Фарғона вилоятига сафари ва «иқтисодиётнинг изчил ривожланаётгани» ҳақида. Иккинчисида Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарёга сафари ва ушбу вилоятда «иқтисодиёт ривожланишининг барқарор қадамлари» тилга олинади.

5. Байрам ҳақида

​Биринчи мақола ЎзА сайтида 2014 йили, иккинчиси эса орадан уч йилча ўтиб чоп қилинган. Уларда Тошкентда Наврўз байрами қандай нишонланиши ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу копипастанинг (инглизча copy and paste (нусха кўчиринг ва қўйинг) сўзларидан ясалган) бошқа мақолалардан фарқи шуки, унда иккинчи мақола муаллифи айрим сўз ва ибораларни маънодош сўзлар билан алмаштирган.

– ЎзА ўз мақолаларидан, ОАВ эса ЎзА мақолаларидан нусха кўчиради. Шу сабабли аксарият ўзбек газеталари ва сайтларидаги расмий хабарлар бир-бирини такрорлайди ва зерикарли. «Барқарор ривожланиш» ва «пахта териш режасини ўз вақтида бажариш» ҳақида ўқиш ҳеч кимни қизиқтирмайди, – дейди«Озодлик» радиоси мухбири Сирожиддин Толибов.

Шавкат Мирзиёевт президент бўлгач, Ўзбекистон ОАВда айрим ўзгаришлар юз берди. Баъзи телеканаллар олдин тақиқланган (аммо мамлакат олий раҳбариятига тегиб кетмайдиган) мавзуларда мунозара қилишга журъат эта бошлади. Ўзбек медиа-бозорига Британиянинг радиоэшиттириш корпорацияси (Би-Би-Си) қайтмоқда. У 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондан чиқариб юборилган эди.

– Янги президентиннг саъй-ҳаракатлари яхши таассурот қолдирмоқда, бироқ ўзбек ОАВда ҳақиқий ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида гапиришга ҳали эрта, – деди Толибов.

XS
SM
MD
LG