Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:15

Ўзбек зиëлилари совет риторикасининг қайтаëтганидан хавотирда


Тошкентда 9 май байрами
Тошкентда 9 май байрами

Иккинчи жаҳон уруши тугаган 9 май байрамини Ўзбекисонда совет қўшиқлари ва коммунистик символика билан нишонланиши ижтимоий тармоқдаги ўзбек сегментини иккига айирди.

Бир тараф сўнгги 25 йилда илк бора Совет патриотик қўшиқлари ва киноларининг Ўзбекистон телеканалларига қайтиши ва сталинча символика остида “Ўлмас полк” акциясини ўтишини “адолатнинг қарор топиши” дея ҳисоблашмоқда. Яна бир тараф эса бу тадбирлар Ўзбекистон мустақиллиги идеалларига зид экани ва замонавий Россия сиëсатининг хатарли пропагандаси эканлигини таъкидлашмоқда. Уларга кўра¸ “совет мифологияси ижоди бўлган афсоналар Ўзбекистонни орқа ховлиси деб биладиган Россия сиëсий манфаатлари учун самарали ишламоқда. Озодлик мухбири тарихчи олим ва публицистлар билан суҳбатлашиб бу мавзуга ойдинлик киритди.

Back in the USSR

9 май кунги тантаналарни Тошкентда кузатган мунаққид ва блоггер Акмал Ризев 1988 йили Beatles машшоғи Пол Маккартни куйлаган “СССРга қайтиш” қўшиғи эсга тушганлигини айтади.

- 25 йил ўтиб Совет символикасининг бу қадар тез ўзбекистонга қайтгани менга машхур қўшиқ мисраларини эслатди. Мен СССРга қайтдим. Сен тасаввур ҳам қила олмайсан омадинг келганини Мен СССРга яна қайтдим.

Beatles қўшиғи сатрлари ижобат бўлганидан кўра¸ мустақиллик ҳақида 25 йил гапирган мулозимларнинг бир кунда фикрини ўзгартиргани мени таажубга солди дейди мунаққид.

Юлдуз Усмонова байрам фаолига айланди
Юлдуз Усмонова байрам фаолига айланди

​Ҳўш бир кунга бўлса ҳам СССРга қайтишнинг нима ëмон тарафи бор деб сўраймиз тошкентлик шоир ва публицист Зариф Султонийдан.

- Ҳаммаси ана шу бир кундан бошланади. Бу бир кун асрларга татигулик кун бўлиши ҳеч гапмас.

Ҳозир қандайдир кўринмас кучлар бор ва улар ҳаракатга тушиб қолишган. Бу Москвадан туриб Росструдничество идорасининг Тошкендаги бўлими орқали бошқариляпти.

Экспансияга старт берилган аллақачон. Ҳозир бир мамлакатни ишғол қилш учун у ерга қурол кўтариб бориш шартмас. Қалблар ва фикрлар ишғол қилинса бўлди. Улар ана шу сиёсий технологияни ишга соляпти. Рус колониализми қайтадан жонланяпти. Лекин душман фақат ташқарида эмас, ичимиздаги душманлар янаям хатарли¸ - дейди тошкентлик публицист Зариф Султоний Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент 9 май куни
Тошкент 9 май куни

Қўқонлик 34 яшар блоггер Шукуржон Исломов бу масалага сал бошқача ëндошишини айтди:

- Узил кесил фикр билдирадиган бўлсак совет символикаси қайтишига қаршиман. Масалан, бош майдонимизда қизил байроқ ва Совет иттифоқининг рамзлари ўрнатилиши қабул қилиб бўлмас ҳолат. Чунки бизнинг ўз рамзларимиз, ўз давлатчилигимиз бор. Аммо тарихни эслаш учун бир йилда бир марта урушда ҳалок бўлган аждодларни ёдлаб, расмини кўтариб юриш ёки ветеранларга гул бериш анъаналари, Совет иттифоқида куйланган қўшиқлар ижро этилишида бирор салбий нарса кўрганим йўқ. Чунки бу бизнинг тарихимиз. Дарвоқе, Совет иттифоқи таркибида яшаган давримизда ҳам асрий миллий қўшиқларимиз ижро этилган, маданиятимиз ва айрим рамзларимиз сақланиб қолган. Қайтиш бошқа, эслаш бошқа¸ дейди блоггер.

Ижтимоий тармоқда бу мунозарага фикр билдирган юзер Ҳасан Жўраев “Каримов ўлимидан бир йил ҳам ўтмай ҳаммаёқ "Катюша" бўлиб кетгани ва бунга Мудофаа вазирлиги, Камолот жалб қилингани бироз ажабланарли.” дея ëзади.

Мафкурасизлик бўшлиғини совет чўпчаклари тўлдирмоқда

Ўзбекистонлик психолог олим ва шоир Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда “25 йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати олиб борган мафкурасизлик сиëсати ҳосиласи бўлган бўшлиқни совет чўпчаклари тўлдирмоқда” дея таъкидлайди.

Тошкентлик блоггер Акмал Ризевнинг айтишича¸ Ўзбекистондаги МТРК ва MY 5 каналида 9 май арафасида Совет давлатини ва коммунистик ғояларни тараннум этадиган қўшқи ва фильмлар намойиш қилинган:

- 25 йиллик танафусдан сўнг ўзбек телеканалларида совет пропагандаси махсули бўлган асарлар намойиш қилинди. Шу йиллар ичида илк маротаба совет даврида КГБ зобити бўлган ўзбек қариялар ТВга чиқиб совет ватанига қандай содиқ бўлгани ҳақида фахрланиб гапиришди. Мени ҳайратга солган энг катта чўпчак MY 5 каналида берилган “Ҳитлернинг "Орқадан зарба" режасини ўзбек разведкачиси тўхтатиб қолган эди” деган фильм бўлди. Бу кино “ижодкорлари” очиқчасига КГБ ва СССР билан фаҳрланишади¸ дейди блогггер.

Тошкентлик тахлилчи Анвар Назиров 25 йил давомида Россия телеканалари олиб борган пропаганда оқимига ўзбек телеканаллари ҳам қўшилганидан таассуф билдирди.

- Бу нима, Ўзбекистонда шаҳар бедарвозами? Ҳамма нарсани чегараси бўлади! Қанақа яна ўзбек разведкаси?? Ўзбекистон ССР бу Совет давлатининг бир қисми бўлган, вилоят статусига эга республика. Совет Ўзбекистонида Совет Конституцияси бўйича армияга, разведкага, мустақил ташқи сиёсатга ҳақ бўлмаган! Совет армияси, Совет разведкаси фақат бўлган! наҳотки шу оддий нарсани омма билмайди деб ўйлайсиз? Балки Германия Ўзбекистон билан алоҳида уруш оборган? Бу эртакларни ўзбек медиаси боғча болаларига бориб айтсин¸ дейди Анвар Назиров.

Анвар Назир билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:40 0:00
Бевосита линк

Хатарли синптом

Назировга кўра¸ “совет патриотизми ҳақидаги эртакларнинг яна кун тартибига чиққани хатарли симптом”

- Масалан шу кунларда “Халқлар дўстлиги” деган эртак парваришланмоқда. Афсус Шомаҳмудовлар ëдгорлиги руспараст ва советпарастлар сиғинадиган сиймога айланиб қолди. Шомаҳмудовларнинг айби йўқ¸ лекин давлатнинг 9 май атрофидаги популизми руспарастларга қўл келмоқда¸ деган суҳбатдош Совет даврида парваришланган эртакларни фош қилиш зарурлигини таъкидлади:

-Ўзбекистонга келган барча уруш етимлари оилаларга жойлаштирилди деган гап нотўғри. Уларнинг кўпи етимхоналарда тарбияланган. Шу билан бирга етим болаларни асраб олган ўзбеклар ҳам кўп бўлган. Совет пропандаси эса уларни орасидан биографияси тўғри бўлган ишчилар синфи вакилини танлаб олиб икона яратди¸ дейди суҳбатдош.

Халқлар дўстлиги ҳайкали ëнида
Халқлар дўстлиги ҳайкали ëнида

Ўзбек совет ëзувчиси Раҳмат Файзийнинг етимларни олиб сақлаган темирчи Шомаҳмудовлар оиласи гақидаги “ Ҳазрати инсон” романида бу воқеа Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари кўмагида ташкиллаштирилгани ҳақида ишоратлар бор.

Масалан ўша даврда Совет Ўзбекистони раҳбари Йўлдош Охунбобоевнинг бу оилага ташриф буюриб иқтисодий ва ташкилоий муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиб тургани романда акс этади.

-Холбуки Шомаҳмудовлардан ташқари етим асраган бошқа ўзбек оилалар ҳам бўлган¸ ëрдам эса фақат Шомаҳмудовларга берилган дейди Акмал Назиров.

Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида фильм яратган СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов ўз вақтида бу фильмнинг етарлича “агитацион ролик” бўлмагани совет мулозимлари тарафидан танқид қилинганини эслайди:

- Зухра Рахимовна деган раҳбар аëл мени уришиб берган. Нега нон очередини тасвирлагансиз деб. У опа кинони ҳуддди газетадаги пропаганда каби бўлишини истаган. Газеталарга эса мен ишонмасдим¸ - дейди санъаткор.

Шавкат Мирзиëев 9 май куни
Шавкат Мирзиëев 9 май куни

​Ўзбекистонлик блоггер Акмал Ризаевнинг айтишича¸ ўзбек совет совет прозаси узоқ йиллар давомида “СССРга фидокор ўзбеклар ҳақида “чўпчаклар тўқиб келган:

- Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи қахрамони бўлган ўзбек урушдан қочиб келган ўғлини отиб ўлдиради. Бошқа роман ва қиссаларда эса ўзбеклар урушга карнай -сурнай чалиб ўз ихтиëрлари билан боришгани тараннум қилинади¸ - дейди блоггер.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи¸ журналист Мавлон Шукурзода буни ҳақиқатдан узоқ деб ҳисоблайди:

- Бундай гапни эшитмаганман. Урушда қатнашган рахматли дадам бу хакида хеч гапирмаганлар¸ - дейди журналист.

Тошкентлик тахлилчи Анвар Назиров эса Совет Ўзбекистони тарихида армиядан қочиб келган ўғлини ўлдирган ота ҳикояси қайд этилмаганлигини айтади:

- Мани ўзимни қариндошларим урушдан қочиб келганларни яширишган. Ҳеч бир ота ўз ўғлини отиб ўлдирмаган. Бундай факт йўқ. Ўзбеклар урушга ўз иҳтиëри билан боришмаган. Уларни ҳайдаб кетишган. Уларга ишонишмаган. Уларни орқасида КГБнинг вертухайлар деган аскарлари милтиқ ўқталиб туришган. Орқадан советлар отган¸ олдиндан эса немислар отган. Замбарак емига айланган ўзбеклар икки ўт орасида нобуд бўлишган, - дейди Анвар Назиров.

XS
SM
MD
LG