Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:56

ФСБ Сахалинда яна икки террорчи ушлангинини билдирди (ВИДЕО)


19 апрелда Краснодарда ФСБ олиб борган амалиёт
19 апрелда Краснодарда ФСБ олиб борган амалиёт

Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати мамлакатнинг Сахалин ўлкасида террорчилик амалиётини уюштирмоқчи бўлган икки нафар ИШИД тарафдорини ҳибсга олганини хабар қилмоқда. Қўлга олинган муҳожирлардан бири Ўзбекистон ватандоши экани аниқланди. ФСБ директори Александр Бортников муҳожирлар орасида махсус хизматлар фаолиятини янада фаоллаштириш зарурлигини маълум қилди.

Сахалинда яна икки киши террорчиликда айбланмоқда

Россиянинг Ўзоқ Шарқидаги Сахалин оролида “Исломий гуруҳ” ташкилоти аъзоси экани гумон қилинаётган икки нафар шахс ҳибс этилди.

26 апрел куни ФСБ тарқатган расмий хабарга кўра, улар минтақада террорчилик хуружини амалга оширишга ҳозирлик кўрган.

- Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Сахалин оролида одамлар оммавий жамланадиган объектда террорчилик актини содир этишга тайёрланган “Исломий давлат” халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорлари фаолиятига чек қўйилди. Олиб борилган оператив-қидирув амалиётлар натижасида Южно-Сахалинск шаҳрида Марказий Осиё республикаларидан бирининг ва Россия Федерацияси ватандошлари бўлган икки киши ҳибс этилди, дейилади ФСБ хабарномасида.

ФСБчилар олиб борилган тинтув давомида қўлга олинганлар яшаётган уйдан “жароҳатловчи элементларга тўлдирилган ясама бомба, тарғибот-ташвиқот ва экстремистик материаллар” мусодара қилинганини маълум қилди.

Youtube каналида пайдо бўлган оператив амалиёт видеотасвирида ФСБ гуруҳи томонидан қўлга олинганлардан биридан Ўзбекистон паспорти топилганини кўриш мумкин. Махсус хизмат ходимлари хонадан топилган бир неча килограмм аммиак селитраси, ўзбек тилида ёзилган диний китоб варақларига ўралган оқ кимёвий моддани ҳам камера олдида намойиш этди.

(Россия ФСБси оператив съёмкаси)

Терговчилар исми ошкор этилмаётган бу шахслар телефонларидан, шунингдек, қўлбола портловчи мосламаларни ясаш схемалари ҳам топилгани айтилди.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очилди, тергов ишлари давом этмоқда.

ФСБ директори: “Мигрантлар орасида фаолиятимизни кучайтиришимиз лозим!”

3 апрел куни Петербург метросидаги портлашдан кейин Москва, Санкт-Петербург, Тула, Владимир, Екатеринбург, Южно-Сахалинск шаҳарларида террорчи гуруҳларга аъзоликда гумонланаётган мигрантлар граната, қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар билан бирга қўлга тушгани видеотасвирлари ва хабарлари тарқатилмоқда.

Москвада бошланган IV Хавфсизлик бўйича халқаро конференцияда сўзга чиққан ФСБ директори Александр Бортников махсус хизматларни муҳожирлар орасида ўз ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди.

А.Бортников 4 Хавфсизлик бўйича халқаро конференциядаги чиқиши
А.Бортников 4 Хавфсизлик бўйича халқаро конференциядаги чиқиши

- Мигрантларнинг асосий қисмини ёш одамлар ташкил этади. Улар, муайян сабабларга кўра, янги яшаш жойларига мослаша олмаётир. Махсус хизматлар бу муҳитда ишлашни тушуниб олиши керак, зарурат туғилса – уларни ичида бўлиши лозим ва радикаллашувчи, қаршилик кўрсатувчи, экстремистик ва террорчилик амалиётларига бошлаётган муаммоларни олдини олиши зарур.

Қочқинлар ва миграция билан боғлиқ вазиятни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Айниқса уларнинг мафкурафий олами назоратдан чиқмасин! Мигрантлар ва қочқинлар муҳитидаги бундай салбий ҳодисаларнинг вужудга келишига уларни қабул қилган жамиятнинг ажратиши ва агрессияни юзага келтирувчи ижтимоий муҳит ҳам сабаб бўлмоқда. Бу жамиятнинг ўзида ўнг радикал ва неонацист гуруҳлари фаоллашиши кузатилади, деди йиғилишда чиқиш қилган ФСБ директори Александр Бортников.

ФСБ директори Александр Бортников ўзининг апрелдаги чиқишларидан бирида 2016 йилнинг ўзида Россиянинг Москва, Петербург, Красноярск, Екатеринбург, Тула, Уфа, Сочи, Новосибирск ва Нижний Новгород шаҳарларида “16та террорчилик акти олди олингани” ва 47та халқаро террорчилик ташкилоти бўғинлари йўқ қилингани” тўғрисида ҳисобот берганди.

Муҳожирларга қарши кенг кўламли “облава” ва “махсус рейдлар” кучайишига олиб келган ФСБ раҳбарининг чиқиши ортидан Россиянинг барча минтақаларида айниқса марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ва қочқинлар орасида текширувлар ва қама-қамалар кўчайгани кўзга ташланмоқда.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари муҳожирлар орасида дом-дараксиз йўқолиб бораётганлар сони кўпаяётганига эътибор қаратмоқда.

Озодлик охирги бир ой давомида Россиянинг турли минтақаларида махсус кучлар олиб бораётган амалиётлар давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган ўнлаб меҳнат муҳожирлари ёки Россия гражданлигини олган марказий осиёлик шахслар ҳибс этилгани тўғрисида хабар бериб келаётир.

Кузатувчилар ва ҳибсга олинганларнинг яқинлари ФСБ ва Россия ҳукумати томонидан қўйилаётган бу айбловларни рад этиб, махсус кучларни жиноий иш сохталаштиришда айбламоқда.

XS
SM
MD
LG