Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

Мирзиёев танқидидан сўнг милиция кунига 14 соатлик иш тартибига ўтди


Президент Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни ўтказган видео-селектор йиғилишда ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари фаолиятини қаттиқ танқид қилиши ортидан бутун Ўзбекистон бўйлаб милиция бўлинмаларида иш соати, оғзаки буйруқ билан, 8 дан 23 гача қилиб белгиланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларида ишловчи бир-биридан мустақил манбалар Озодликка маълум қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар тизимида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, президент Мирзиёев танқидидан сўнг милиция ходимлари кунига 13-14 соатлаб ишлашга мажбур бўлмоқда.

"Мирзиёев селекторда бутун тизим иш фаолиятини қониқарсиз деб топган. Шундан сўнг бизга ҳамма кечки 11гача ишда ўтириши керак, деган кўрсатма бўлди. Шу пайтгача иш 9гача эди. Энди кунига 13-1 соатлаб ишлашга тўғри келаяпти," - дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Ички ишлар тизимида ишловчи мулозим.

Озодлик билан суҳбатда ички ишлар тизимидаги мулозимлардан яна бири "тепани кўрсатмаларисиз ҳам" барча ходимлар кунига 13-14 соатдан ишлаëтганини тасдиқлади.

"Бунақа кўрсатмалар доим бўлади. Эрталабки разводдан кечқурунги 11гача, баъзида ярим тундан сўнг иккиларгача ҳам ўтириб қоламиз. Бу ҳар доим бўлган, ҳозирам шундай бўляпти," - дейди Озодликка Ўзбекистон Ички ишлар тизимида ишловчи мулозим.

"Биз банкда ишламаймиз-ку!"

Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, Ўзбекистонда ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак.

Беш кунлик иш хафтаси иш кунининг узунлиги 8 соатдан, олти кунлик иш хафтасида эса 5 соатдан ортиқ бўлиши шарт этиб белгиланган.

Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан иш вақтининг норсамий узайтирилгани ҳусусида изоҳ сўраганида телефон гўшагини кўтарган вазирлик матбуот хизмати ходими вазирлик тизимида иш соатлари Ўзбекистон меҳнат кодексида белгилангани каби эканини айтди ва айрим ҳолларда ходимларни ўзлари ишда узоқ ўтириб қолишларини ҳам рад этмади.

"Шунақа холатлар бўлади, кечгача ўтириб қолишга тўғри келади. Лекин ҳеч ким уларни мажбурламайди, "11гача ўтиришинг керак" деб. Ҳар нарса бўлиб қолиши мумкин. Биз банкда ишламаймиз-ку! Милицияда ишлаймиз ва графигимиз чегараланмаган. Ички ишлар тизимида ишлашни хоҳлаганлар шунга рози бўлиб келади," деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозими.

"Шахснинг ўзига боғлиқ"

Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳуқуқшуносларидан бири Озодлик билан суҳбатда мамлакатдаги кўпгина ташкилотларда ходимлар белгиланганидан кўп ишлашини тасдиқлади.

"Бу шахснинг ўзига боғлиқ холат-да. Мисол учун соат 9дан 18гача иш вақти бўладиган бўлса ва 18дан кейин уйига кетиб қолса, бу раҳбарга ёмон кўринишга олиб келади. Ёмон кўринмаслик учун кечгача қолиб кетишади. Бу норасмий берилган топшириқ. Ўтир деса ўтиришади, ишлашади. Лекин бунга ходим мажбур эмас. Аксинча ходим Меҳнат вазирлигига шикоят қилса иш берувчини Меҳнат қонунчилигини бузгани учун Меҳнат кодексининг 49-моддасига асосан жавобгарликка тортиш мумкин. Бу бўйича Меҳнат вазирлигининг 200 06 00 телефон рақамига телефон қилишлари мумкин," - деди Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги мулозими.

Ўзбекистонда мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиëевнинг ўзи қўл остидагиларга тунги 2дан топшириқлар бериб, эрталаб 6да селектор ўтказиши ҳақда бош вазир муовини Рустам Азимов ўтган йил сенябрь ойидаги чиқишида гапирган эди.

"Иккида кечаси топшириб¸ эрталаб 6 дан уже қишлоқ хўжалик ëки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказадилар. Бунақанги ишчанликни манимча камдан-кам¸ нафақат бизнинг давлатимиз¸ балки дунëда ҳам кўриш мумкин¸" деган эди Рустам Азимов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовга кўра, Ўзбекистонда милиция - ҳуқуқи кўп топталадиган касблардан бири.

Ўзбекистонда 2016 йилнинг сентябр ойида ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинган эса-да, уларнинг белгиланган соатлардан кўп ишлаши ва унинг эвазига ҳеч қандай товон олмаслиги одат тусига кирган.

- Усиление бўлган вақтлари милиция ходимлари иш жойида ётиб қолади. Бу аслида самарасиз нарса. Ходим вақтида ухламаса, 13-14 соатлаб ишласа, қанақа самара бўлади, ҳаммаси хўжа кўрсин учун ўтиришади, - дейди Сурат Икромов.

XS
SM
MD
LG