Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:18

Краснодарда Озодликнинг рус хизмати мухбирлари ҳужумга учради


Озодлик Радиоси мухбирларига Краснодарда ҳужум қилинди
Озодлик Радиоси мухбирларига Краснодарда ҳужум қилинди

Россиянинг Краснодар ўлкасида Озодлик Европа/Озодлик радиоси рус хизмати -Свобода мухбирлари Сергей Хазов-Кассиа ва Андрей Костяновлар калтаклаб кетилди.

Ҳодиса ўлканинг Кропоткин шаҳрида фермерлар норозилик марши тўғрисида репортажи олинаётган пайтда содир бўлди. Қовурғаси синган оператор Андрей Костянов шифохонада қолмоқда.

Краснодар ўлка Ички ишлар бошқармаси “полиция воқеа бўйича барча зарурий амалиётларни олиб бораётгани”ни билдирмоқда.

28 март куни Кропоткин шаҳрига маҳаллий фермерлар норозилик намойишини ёритгани келган Свобода журналисти Сергей Хазов-Кассиа ва Андрей Костянов ниқоб таққан номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилди.

Полиция томонидан шахси ҳозирча аниқланмаган, кўринишидан ёш бўлган кимсалар журналистларга меҳмонхона олдида ҳужум қилиб, улар юзига баллонли газ пуркаб, тасвирга оладиган барча видеоаппаратура, компьютер ва қўл телефонларини ўмариб кетган. Шундан сўнг ниқоб таққан ҳужумчилар микроавтобусда қочиб кетишга улгурган.

Хазов-Кассиа ва Костянов турган меҳмонхонага ҳужумчилардан олдинроқ полиция ходимлари келиб кетгани, улар “журналистлар ўз хонасидами, йўқми” дея аниқлаштириб кетгани айтилди.

Сергей Хазов-Кассиа воқеа тафсилотларига ойдинлик киритди:

- Биз бугун ўтказилиши керак бўлган Трактор маршига келган эдик. Аммо у ўтказилмади, чунки барча иштирокчилар ҳибсга олинди. Эрталабдан биз меҳмонхонадан чиққанимизда ёнимизга чақиртирилган такси келди. Шу пайт олдимизга 10-15 киши бўлган маскалилар келиб, бизни дўппослаб кетди. Улар мени ва операторимиз Андрей Костяновни ерга ётқизиб, калтаклади, мендан рюкзагимни ечиб олишди, компьютер ва ҳужжатларимни олиб кетишди. Андрейнинг ҳам рюкзаги камерасини такси багажнигидан олиб, автобусга миниб кетишди. Мен автобусни суратга олишга улгурдим, деди журналист.

Сергей Хазов-Кассиа ҳужум қилганларни унинг чўнтагидаги пул қизиқтирмаганини айтади. У меҳмонхонага полиция ходимлари келганидан 40 дақиқалар ўтиб ниқоблилар ҳужум қилганини эслади.

- Биз бу машина номерини полицияга хабар қилдик. Уни истаган ГАИ постида ушлаш мумкин, аммо ҳозиргача бирор хабар йўқ. Полиция бирор ортиқча хабар бера олмаслигини айтмоқда, деди Сергей.

Ҳужумчилар келган микроавтобус
Ҳужумчилар келган микроавтобус

Унинг сўзларига кўра, оператор Андрей Костянов синган қовурға билан шифохонага ётқизилди¸ унинг ўзига жиддий жароҳат етказилмаган.

Ҳодиса жойига келган полиция ходимлари яқин-атрофда мавжуд барча видеокамераларда ёзув сақланмасдан қолганини билдирган.

Краснодар ўлка Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими “мазкур ҳодиса юзасидан зарурий барча оператив амалиётлар олиб борилаётгани”, ҳодиса жойида терговчилар ишлаётганини билдирди.

Полиция бўлимида Сергей Хазова-Кассианинг Свободада ишлашини эшитиб, терговчи полициячининг “ёрдам бериш истаги йўқолиб қолгани” кузатилган.

Бироздан кейин номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган рюкзак, штатив-камералар ва бошқа буюмларнинг бир қисми ўз-ўзидан мухбирлар турган меҳмонхонада пайдо бўлиб қолган:

- Биз кеча куни билан фермерлар билан бирга станицама-станица юрдик, кўзга ташланиб қолдик. Биз бу ерга нима учун келганимиз ҳам тушунарли эди. Кеча, бугун бизни полиция ходимлари текширган эди. Бу ҳужум фермерлар норозилик маршини тасвирга олмаслигимиз учун қилинганига аминмиз. Кийимларимиз ҳам “бу ердан йўқолинглар!” дейиш учун қайтариб берилди, деди Сергей Хазова-Кассиа.

Меҳмонхонага ташлаб кетилган видеоаппаратура

Свобода раҳбарияти журналистларга қилинган бу ҳужумни уларнинг профессионал фаолияти билан боғлади.

Айни пайтда, Краснодар ўлкасида иккинчи маротаба фермерлар томонидан уюштирилаётган Трактор марши полиция ва махфий хизмат ходимлари томонидан бостирилди.

Фермерлар ҳукуматдаги коррупция ва ерларнинг ноқонуний эгаллаб олинишига қарши чиқмоқда.

Биринчи Трактор марши 2016 йилнинг августида ўтказилган эди. Ўшанда Краснодар ўлкасидан тракторларда Москвага йўлга чиққан бир гуруҳ деҳқонлар Путин олдига бориб, ўз муаммолари борасида арз қилишни мақсад қилиб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG