Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

АҚШ элчихонаси мулозимлари яқинда қамоқдан чиққан Муҳаммад Бекжон билан учрашди (Видео)


АҚШ элчихонаси вакиллари
АҚШ элчихонаси вакиллари

2017 йил, 3 мартда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Алисон Ханна ва элчихона сиёсий-иқтисодий бўлим мудири ёрдамчиси Мамед Аскеров шу йилнинг 23 февралида қамоқхонадан озодликка чиққан Муҳаммад Бекжон билан учрашди. Хоразм вилояти Янгибозор туманига Муҳаммад Бекжонни йўқлаб борган дипломатлар собиқ сиёсий маҳбус билан атрофлича суҳбатлашди.

Суҳбат давомида элчихона вакиллари Муҳаммад Бекжонга, агар у оила аъзолари билан бирга АҚШда яшашни истаса, “элчихона унга бу ишда кўмаклашишга тайёр”лигини билдирди. Бироқ Муҳаммад Бекжон ўз ватани Ўзбекистонда яшашни орзу қилаётганини билдирди.

Суҳбат давомида ўз истакларини билдирар экан, Муҳаммад Бекжон 1994 йилда Каримов ҳукумати томонидан ноқонуний тортиб олинган уйларини қайтариб берилишидан умидворлигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, собиқ сиёсий маҳбус Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қолган сиёсий маҳкумларнинг ҳам озод этилишини истаётганини билдириб ўтди.

“Мени 18 йиллик қамоқдан озод қилган Шавкат Мирзиёев ҳукуматидан миннатдорман. У бошлаган хайрли ишларнинг барчасига ишонч билан қараяпман. Мирзиёев ҳукумати бошқа сиёсий маҳкумларни ҳам озод этишидан умидворман. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг янги раҳбарияти мухолифат лидерларини оқлаб, уларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун зарур қонуний пойдевор ярата олади, деб ўйлайман”, - деди Муҳаммад Бекжон америкалик дипломатлар билан суҳбат чоғида.

“Эрк” демократик партияси аъзоси ва шу номли газета бош муҳаррири Муҳаммад Бекжон ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлиб, “1999 йил, 16 феврал портлашларини уюштирган”, деган айбловлар билан ўша йили Каримов ҳукумати томонидан узоқ муддатга қамалган эди.

Муҳаммад Бекжон АҚШ элчихонаси вакиллари билан учрашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00

Ўша даврда Украинада яшаб турган Муҳаммад Бекжонни Ўзбекистон ҳукуматига Леонид Кучма бошчилигидаги Украинанинг ўша пайтдаги раҳбарияти топширган эди.

Шундан сўнг Каримов ҳукумати Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддатига бир неча бор янги муддат қўшиб, узоқ йиллар давомида қамоқда сақлаб келди. Марҳум Каримов ҳукумати бу борада Ғарб мамлакатлари, хусусан АҚШ ҳукумати ва ҳатто халқаро ташкилотлар талабларини эътиборсиз қолдириб, ўзбек муҳолифати лидерининг укасини ноқонуний тарзда қамоқда сақлаб келди.

18 йил умрини Каримов қамоқхоналарида ўтказган Муҳаммад Бекжон 2017 йил 22 февраль куни озодликка чиқарилди.

XS
SM
MD
LG