Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 10:54

Ўзбекистон

Ўзбекистон ва АҚШ икки томонлама муносабатлар истиқболларини муҳокама қилди

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм 25 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулази Комилов билан учрашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг якшанба куни хабар беришича, учрашув чоғида ўзбек-америка муносабатлари истиқболлари, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашинилган. Томонлар 1 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Америка-Ўзбекистон савдо паластаси йиғилиши якунларини ҳам муҳокама қилган.

1 февраль куни ўтган йиғилишда АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Қўшма Штатлар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкор ўлароқ кўришини ҳамда самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ширкатлари иштирокида 164 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 122 таси қўшма корхона, 42 таси эса 100 фоизлик чет эл сармояси билан ишлаяпти.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида АҚШнинг 29 та ширкати аккредитациядан ўтган.

Кун янгиликлари

Ипотека бундан буён 20 йилга берилади, ёши 60дан ошганлар ипотека ололмайдилар

Иллюстратив сурат.

Ипотека кредитлари бундан буён ёши 60дан ошган шахсларга берилмайди. Адлия вазирлигининг 19 сентябрда маълум қилишича, ҳукумат бу борада айрим қарор ва низомларга ўзгартишлар киритди.

Янги тартибга асосан ипотека кредитлари 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларга берилади. Бунга қадар ипотека олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ёши чегараланмаган эди.

Бундан ташқари, эндиликда ипотека 6 ойлик имтёз муддати билан 15 йилга эмас, балки икки йиллик имтиёз муддати билан 20 йилга берилади. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб имтиёз даври 1 йил қилиб белгиланади.

Ипотека кредити арзон уй-жой лойиҳавий қийматининг 90 фоизидан юқори даражада бўлмаган миқдорда белгиланади.

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилнинг октябрида қишлоқ ва шаҳарларда уй-жой қурилиши юзасидан 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни қабул қилган эди. Мазкур дастур асосида ипотека кредитлари соҳасини ривожлантириш ҳам назарда тутилганди.

Расмий статистиканинг билдиришича, 2016-2018 йилларда ипотека ҳисобидан 82 мингта янги уй-жой қурилди ва 400 минг одам уй билан таъминланди.

Ўзбекистонлик муҳожирлар олти ойда Россиядан 2 миллиард доллар пул жўнатди

Иллюстратив сурат.

Россия Марказий банки 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликлар ватанларига 2 миллиард доллар пул жўнатганини маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, бу 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 200 миллион долларга кўпдир. Ўтган йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга 1 миллиард 800 миллион доллар пул ўтказилган эди.

Россиядан пул жўнатиш бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда Тожикистон (1,1 миллиард доллар) ва учинчи ўринда Қирғизистон (935 миллион доллар) турибди.

Гайдар институти ва Россия халқ хўжалиги академияси ҳисоботида таъкидланишича, уч йилдан бери Россияда Ўзбекистондан келган муҳожирлар сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

2017 йилда 1 миллион 900 минг, 2018 йилда 2 миллион ўзбекистонлик Россияда ишлаган бўлса, 2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, уларнинг сони 2 миллион 100 минг нафарга етган.

Петербургда ўзбекистонликни пичоқлаган миллатчилар қамоққа олинди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳрининг Красногвардейск туман суди Ўзбекистон фуқаросини ўлдиришга ҳаракат қилган икки нафар россияликни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизматининг 19 сентябрда билдиришича, Роман Кулев ва Владислав Смоликов эҳтиёт чораси сифатида 16 ноябргача ҳибсда сақланади.

Терговнинг билдиришича, Кулев ва Смоликов 16 сентябрь куни Среднеохтинск проспектида Ўзбекистон фуқаросига уч марта пичоқ урган. Ўзбекистонлик муҳожир оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Бу воқеа тўғрисида Озодлик радиоси 18 сентябрь куни хабар берган эди.

Тергов Кулев ва Смоликов мазкур жиноятни миллий нафрат асосида амалга оширган, деб ҳисобламоқда. Айбланувчилар ўзларига билдирилган айбловни тан олмади.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.

Сув хўжаликларини ислоҳ қилиш мақсадида “Ақлли сув” тизими жорий этилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрда сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш масаласида ўтказилган йиғилишда қайд этди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бугунги кунда 3 миллион 200 минг гектар ерни суғориш учун 46 миллиард куб метр сув сарфланади. Бу сувнинг фақат 60 фоизи экинларга етиб бормоқда холос.

Бундай ҳолат жами 180 минг километр суғориш тармоқларининг 23 фоизигина бетон қопламга эга экани, улар ҳам сўнгги 30 йил ичида янгиланмагани ортидан пайдо бўлмоқда.

“Сув хўжалиги вазирлигига Жанубий Кореянинг 7 миллион долларлик гранти ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи “Ақлли сув” тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди”, - дейилади хабарда.

Келгуси йили 120 та ва 2023 йилгача 300 та объектда ушбу тизим татбиқ этилади.

Сенат раиси Норбоева депутатларни ижро ҳокимиятидан ҳисоб сўрашга чақирди

Сенат раиси Танзила Норбоева

18 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган сессияси селектор шаклида ўтказилди¸ деб хабар берди Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати.

Селекторда қатнашган Сенат раиси Танзила Норбоева¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ қонунчилик ва ижроия ҳокимияти фаолиятидаги жорий вазиятни танқид қилган.

Kun.uz нашри келтирган иқтибосда Норбоева бир-бирини инкор қилувчи қонунлар кўплиги¸ вазирлик ёки идоралар чиқарадиган қонуности ҳужжатлари амалда қонунни ишламайдиган қилиб қўйишини айтган.

“Бундай қонунларнинг ҳаммасини бекор қилиб, битта яхлит кодекс ҳолига келтириш керак”¸ деган Норбоева мазкур нашрга кўра.

Айни йиғилишда Сенат раиси депутатларни ижроия ҳокимиятидан ҳисоб сўрашга ҳам чақирган.

“Вазирларни олиб келтириб, ҳисобот сўранглар, ижрони талаб қилингалар. Айтилган ишни қилсин, уддасидан чиқа олмаса, нега қилолмаслигини тушунтириб, ёзиб берсин. Талаб этилса, уларга ишончсизлик вотумини билдиришимиз ҳам мумкин. Вотум билдириш ваколатини балки маҳаллий кенгашларга ҳам берармиз, шунда уларнинг кучи билинади”, деган Норбоева.

Мазкур учрашув ҳақида хабар берган Сенат матбуот хизмати Танзила Норбоеванинг бу гапларини умуман тилга олмаган.

Суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича БМТ маърузачиси Тошкентга келди

БМТ махсус маърузачиси Абдулазиз Комилов билан.

БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Расмий баëнотга кўра¸ суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг БМТ тузилмалари билан ҳамкорлиги муҳокама қилинган.

Айтилишича¸ Диего Гарсия-Саян 25 сентябргача суд, прокуроратура, адлия ва фуқаролик жамияти фаоллари билан учрашувлар ўтказади.

БМТ намояндаси ташриф арафасида «Ўзбекистон ҳукумати билан суд ислоҳоти масаласида конструктив мулоқот ўрнатиш» ниятида эканини билдирди.

Диего Гарсия-Саян ўз ташрифи якунлари ва дастлабки хулосаларини 25 сентябрда Тошкентда ўтадиган матбуот анжуманида эълон қилади. Якуний ҳисобот эса 2020 йилнинг июнида Женевада ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида тақдим этилади.

Бензин ишлаб чиқариш ва нефть қазиб олиш янада озайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жорий йилнинг саккиз ойида бензин ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 11,1 фоизга озайди.

Статистика қўмитасининг билдиришича, ўтган йилнинг январь-август ойлари оралиғида 764 минг 100 тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил 8 ойида бу кўрсаткич 679, 5 минг тоннани ташкил қилди.

Қўмита февраль ойида бензин ишлаб чиқариш жорий йил январида 2018 йилнинг январидагидан 31,8 фоизга камайиб кетгани ҳақида хабар берганди.

Дизел ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳам 2018 йилнинг шу даврига солиштирганда 4 фоизга қисқарган ва 701,2 минг тонна бўлган.

Нефть қазиб олиш ҳажми 2018 йилнинг январь—августида деярли 500 минг тонна бўлса, жорий йилда 467,2 минг тонна, яъни 6,5 фоиз кам нефть қазилди.

“Автомобилсиз кун” умумжаҳон ҳаракати доирасида Тошкентда 19 сентябрь куни метро бепул бўлади

Ҳабиб Абдуллаев метро бекати.

Тошкентда 19 сентябрь куни биринчи марта ўтказилаётган “Автомобилсиз кун” умумжаҳон ҳаракати доирасида бепул метро тадбири ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Темир йўллари ширкати маълум қилди.

Метро бекатлари ва ўтиш жойлари мусиқачилар, актёрлар ва бошқа кўнгилочар дастурлар саҳнасига айланади.

Акция ташкилотчилари пойтахт аҳолиси шу куни ўз машиналарини қолдириб, ишхоналарига метрода боришга умид қилмоқда.

Дунёнинг 50 мамлкатида ҳар йили ўтадиган “Европа ҳаракатланиш ҳафтаси”да Тошкент биринчи марта иштирок этмоқда. Жорий йилда мазкур ҳафталик 16 сeнтябрдан 22 сентябргача давом этади.

«Бепул метро куни тадбири 2019 йил 19 сентябрда Тошкент метросининг барча станцияларида амал қилади. Тошкент метроси умумий узунлиги 37 кмдан узунроқ бўлиб, у 29 та станцияга эга. Тошкентда метро хизматидан кунига ўртача 200 минг киши фойдаланади. Бу дунёнинг бошқа пойтахт шаҳарларига нисбатан жуда паст кўрсаткич», дейилади расмий хабарда.

Номинал қиймати 25 сўм ва ундан кам бўлган пуллар 2020 йил 1 мартдан муомаладан чиқарилади

Ўзбек сўми.

Номинал қиймати 25 сўм ва ундан оз бўлган тангалар расман 2020 йилнинг 1 мартидан муомаладан чиқарилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, 18 сентябрь куни тангаларни ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтказилган.

Низомга асосан 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик, 1, 5, 10, 25 сўмлик тангалар, шунингдек 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик эски намунадаги банкнотлар 2020 йилнинг 1 мартидан тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.

Ушбу танга ва банкнотлар ҳеч қандай монелик, чекловларсиз, тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда 1 мартгача Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан, 2020 йилнинг 1 мартидан 2021 йил 1 январга қадар эса фақат Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.

Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистонда 2001−2002, 2004 ва 2009 йиллар намунасидаги 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалари ҳамда 1994 йил намунасидаги 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлари муомаладан чиқарилган эди.

Футбол бўйича U-19 Осиё чемпионати финали илк маротаба Ўзбекистонда ўтказилади

U-19 чемпионати доирасида Эрон-Ўзбекистон ўйини 10 август куни Душанбеда ўтказилган.

Футбол бўйича 19 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал босқичи илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Осиё футбол конфедерацияси Мусобақалар қўмитасининг 17 март куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида ўтган йиғилишида U-19 Осиё чемпионати баҳсларини қабул қилиш учун ариза берган мамлакатлар ичида Ўзбекистон номзоди маъқулланди.

Мазкур чемпионатнинг финал босқичи 2020 йилнинг 14 октябридан 31 октябригача ўтказилиши режалаштирилган.

Ажрашаётган оилаларни яраштирувчи комиссиялар самара бермаётгани тан олинди

Андижон вилоятининг учта ва Фарғона вилоятининг учта туманидаги оилани яраштириш комиссиялари "ишида иштирок этаётганларнинг 68,7 фоизи яраштириш комиссиясида ишлаш учун ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмаган. 61,9 фоизи махсус методик қўлланмаларга эга эмас. Комиссия аъзоларининг 20 фоизи оилаларни яраштириш бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга эмас. Аъзоларнинг 23 фоизи комиссиянинг яраштириш жараёнларида фаол иштирок этмайди, 2,2 фоизи умуман қатнашмайди. Комиссия ишида фаол қатнашмаганларнинг 33,3 фоизи вақти йўқлигини рўкач қилган"

Бу хулоса «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ўтказган мониторинг натижаларида акс этгани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Маълум қилинишича, комиссиялар фаолиятини яхшилаш, мувофиқлаштириш мақсадида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган.

  • «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўз-ўзини бошқариш органлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари фаолияти таҳлилига бағишланган тақдимот анжуманида ажрашаётганларнинг шахсий ишига қандайдир комиссияга бирлаштирилган бегоналарнинг аралашиши қанчалик тўғри бўлади, деган саволни биров берганми-йўқми - бу ҳақда хабарда ҳеч нима дейилмаган.

Ўзбекистонлик беш боксчи Жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқди

Иллюстратив сурат

Бокс бўйича Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида тўққизинчи кун беллашувлари якунланди. Бироз аввал энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов украиналик рақибига қарши чорак финал йўлланмаси учун жанг қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

"Цонте Рогавага қарши баҳс олиб борган Жалолов аниқ ва кучли зарбалари билан барчанинг диққат-эътиборини тортди. Бу эса ҳакамларнинг якуний қарорида ўз исботини топмасдан қолмади ва Жалолов ҳам чорак финал масаласини ижобий ҳал қилди", дейилган қўмита хабарида.

Ўзбекистонлик 5 боксчин чорак финал босқичида жанг олиб борадиган бўлди. Мусобақани Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов, Бобоусмон Батуров, Дилшодбек Рўзметов ва Баҳодир Жалоловлар давом эттиради.

Мобил телефонларни рўйхатга олиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, мобил қурилмалар:

2019 йил 1 ноябргача – уларни автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда;

2019 йил 1 ноябрдан – жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.

Низомга кўра, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига мурожаат бўйича амалга оширилади.

Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

Петербургда миллатчилар ўзбекистонлик муҳожирни пичоқлади

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси миллатчилар томонидан пичоқланди.

“Фонтанка” нашрининг билдиришича, Петербургга Москвадан келган 17-20 ёшли тўрт миллатчидан икки нафари 16 сентябрда кўчада Ўзбекистон фуқароси билан низолашган ва уни пичоқлаган.

Ўзбекистон фуқароси оғир тан жароҳатлари билан касалхоналарнинг бирида реанимация бўлимида сақланмоқда.

Полиция 17 сентябрь куни жиноятни содир этганликда гумон қилинганларни қўлга олди.

Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинганларнинг баданларида фашизм рамзлари акс этган татуировкалар, жумладан, фашистик свастика ва немис махсус отрядларининг белгилари бўлган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.

Ғурумсарой полигонида "Марказ -2019" машғулотлари бошланди

Ўзбекистон ҳарбий техникаси.

“Марказ – 2019” халқаро ҳарбий ўқув машғулотлари доирасида 17 сентябрь куни Наманганнинг Ғурумсарой полигонида ўтказиладиган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бошланди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, бу ерга келган тожик ҳарбийларини тантанали кутиб олиш маросими 16 сентябрда бўлиб ўтган эди.

Ғурумсарой полигонида ўтадиган машғулотда ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади. Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифалар амалда бажарилади.

Бундан ташқари “Марказ – 2019” машғулотлари 16 сентябрдан 21 сентябргача Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилади. Унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.

“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Ўзбекистоннинг юз кишидан иборат аскарлари гуруҳи Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд тўйхонасидаги оммавий заҳарланиш ҳақида маълумот берди

Оммавий заҳарланиш тўйдаги айниган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш ортидан бошланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри тўйхоналаридан бирида юз берган оммавий заҳарланиш ҳақида баëнот берди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра¸ “вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жорий йил 16 сентябрь куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар турли хонадонларда яшовчи етти нафар фуқаро бир хил клиник белгилар (кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана хароратининг юқорилиги, ҳолсизлик) билан мурожаат қилишган.

Ўтказилган тезкор эпидемиологик суриштирувларда барча беморлар 14 сентябрь куни кечки вақтда Регистон кўчасида жойлашган “Мўъжиза” ресторанида ўтказилган тўйда иштирок этиб, тўйдан сўнг ортиб қолган гўшт ҳамда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини уйларига олиб кетишган. Улар бу таомларни хонадонларида тўйнинг эртаси куни, яъни, жорий йил 15 сентябрь куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилишган.

Беморларда 15 сентябрь куни кеч соат 18:00 ларда кўнгил айниши ва қайт қилиш каби клиник белгилар билан касаллик бошланган. Айримлари уй шароитида муолажа ўтказишган, аҳволи яхшиланмагач, “тез тиббий ёрдам”га мурожаат қилишган.

Айни пайтга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўн етти нафар бемор мурожаат қилган. Уларга овқат токсикоинфекцияси енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, ўн бир нафари ётиб даволанаяпти, аҳволи яхши. Қолган олти нафарининг аҳволи яхшилангач, уйига рухсат берилган.”

Расмий баëнотда айтилишича¸ вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.

АҚШ ўзбек божхоначиларига радиацияни аниқлаш ускунасини топширди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ускунани топшириш маросимида. АҚШ элчихонаси сайтидан олинган сурат.

АҚШ 16 сентябрь куни Ўзбекистонга радиацияни аниқлаш ускунасини топширди.

Давлат божхона қўмитасига ускунани топшириш маросими Термизда – Ўзбекистон ва Афғонистонни боғловчи “Дўстлик кўприги”да ўтказилди.

Унда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев иштирок этди.

Дэниел Розенблюмга кўра, мазкур ускунанинг топширилиши билан икки давлат ўртасида халқаро ядровий хавфсизлик йўналишидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланмоқда.

Чегарада радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашда ёрдам берувчи мазкур ускуна Ўзбекистонга АҚШ Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган.

АҚШ элчихонасининг билдиришича, Афғонистон билан чегарага ускунанинг ўрнатилиши ускуна кўп йилга мўлжалланган кўп миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичидир.

“АҚШ Энергетика вазирлиги чегаранинг қолган муҳим стратегик пунктларини ҳам портал мониторлари билан жиҳозлайди”, дейилади расмий маълумотда.

44 яшар гимнастикачи Оксана Чусовитина Парижда яна бир олтин медални қўлга киритди

Оксана Чусовитина Индонезияда 2018 йилда ўтган Осиё ўйинларида.

Ўзбекистон спорти фахрийси, 44 ёшли гимнастикачи Оксана Чусовитина Франция пойтахти Парижда спорт гимнастикаси бўйича ўтган турнирда олтин медални қўлга киритди.

“Келаси ой Штутгартда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан аввал ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажариб берган мазкур мусобақада 44 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг ажойиб иштироки билан барчани лол қолдирди”, деб билдирди Миллий Олимпия қўмитаси..

Маълум қилинишича, сакраш йўналишида қатнашган Оксана Чусовитина 14.300 балл билан олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Венгрия ҳамда Чили терма жамоаси вакилалари эгаллади.

Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган.

Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.

Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига ёзилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.

Президент Мирзиёев Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрда Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигида делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

“Вячеслав Володин, ўз навбатида, самимий қабул учун Ўзбекистон президентига чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди”, дейилади расмий хабарда.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди

Иллюстратив сурат.

Афғонистонга Ўзбекистондан электр энергиясини ташувчи линияларга қилинган ҳужум ортидан Афғонистоннинг 11 вилоятида, жумладан, пойтахт Кобулда электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди.

tolonews.com нашрининг хабар қилишича, “Да Афғонистон Брешна Ширкат” (ДАБШ) ширкати эълон қилган баёнотда ҳукуматга қарши қуролланган жангарилар мамлакат шимолидаги Бағлон вилоятида электр энергияси узатиш линиясининг икки устунини барбод қилгани айтилади.

ДАБШ матбуот котиби Ваҳидуллоҳ Тавҳидий:

- Ҳодиса шанба куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Икки устун портловчи моддалар ёрдамида барбод қилинган, - деди.

Зарар кўрган линиялар орқали Кобул шимолидаги индустриал парклардаги иншоотлар электр энергияси билан таъминланиб турган.

Айрим кобулликлар мамлакатда электр энергияси инфратузилмаси етарлича ривожланмагани учун ҳукуматни танқид қилди.

Кейинги йилда Афғонистонда электр энергияси тармоқлари фаолияти бир неча марта издан чиқарилди.

  • Ўзбекистон Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасига 45 миллион доллар ажратажаги тўғрисида 2019 йилнинг июли бошида хабар қилинган эди.
  • TOLOnews нашрининг 2 июлда билдиришича, бу борада Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими Абдулла Абдулла билан учрашув пайтида маълум қилган.
  • Электр узатиш линиясининг узунлиги 200 километрни, умумий қиймати эса 110 миллион долларни ташкил қилиши айтилган.
  • 1 июль куни Ўзбекистон жанубидан Афғонистон шимолига электр энергиясини етказиб бериш бўйича икки мамлакат ўртасида шартнома имзоланаётгани хабар қилинган эди.

HRW Тошкент шаҳрида 25 ёшли гейнинг ўлдирилганини кескин қоралади

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Стив Свердлов Тошкент шаҳрида 25 ёшли гей йигит Шокир Ш. ўлдирилганини кескин қоралади.

“Бу мутлақ ваҳший, гомофоб нафратга асосланган жиноятдир”, деб ёзди Свердлов Twitterда. Фаол Ўзбекистон ҳукуматини айбдорлар қонун олдида тўлиқ жавоб беришини таъминлашга чорлади.

“Муҳими, бу ҳукумат қўллаб ва рағбатлантириб келаётган давомли гомофобиянинг мантиқий натижасидир”, дея сўзини давом эттирди Свердлов.

“Ўзбекистон Туркманистон билан бир қаторда эркаклар ўртасидаги консенсуал жинсий алоқалар ҳануз жиноий жавобгарликка тортиладиган икки собиқ совет республикасининг биридир”.

Свердлов, шунингдек, жинсий озчилик вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилган Шоҳруҳ Салимовни ва унинг қариндошларини ички ишлар тизими таъқиб қилаётганини айтиб ўтди.

Свердлов Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кейинги ҳафтада Варшавада бўлиб ўтадиган анжуманида қатнашадиган барча тарафларни Ўзбекистонда ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) шахсларга қарши зўравонликни муҳокама қилишга чақирди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида 25 яшар гей йигит бўғизлаб ўлдирилгани тўғрисида Озодлик 13 сентябрь куни хабар қилган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг (ИИББ) билдиришича, Юнусобод туманида ўлдирилган Шокирнинг қотили, деб гумон қилинаётган шахс – 28 яшар Одилжон Ю. билан “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида танишган, 11 сентябрь кунги учрашувда янги таниши Шокирни пичоқлаган.

Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоаси фаоли Тошкентда туриб, жиноят атайин гейларга нафрат асосида гомофоблар томонидан содир қилинганини таъкидлади.

Доллар 15 сўм 67 тийинга, евро 60 сўм 57 тийинга қимматлади

Марказий банк 17 сентябрдан 1 АҚШ долларини 9411.30 сўм этиб белгилади. Бу ўтган ҳафтадаги қийматдан 15.67 сўмга кўпдир.

Евро 9 сентябрдаги кўрсаткичдан 60.57 сўмга қимматлади ва 10421.13 сўмни ташкил этди.

17 сентябрдан Россия рубл 146.51 сўмга тенгдир. Ўсиш +3.55 сўм.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Ташқи ишлар вазирлигида "Дунё" ахборот агентлиги ташкил этилди

13 сентябрда Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарор билан “Дунё” ахборот агентлигининг асосий вазифалари белгилаб қўйилган.

Жумладан, сифатли ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли материаллар, видеороликлар, телекўрсатувлар, шунингдек Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда рўй бераётган воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ҳамда уларни тарқатиш орқали Ўзбекистоннинг ишончли ва масъулиятли шерик сифатида халқаро нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мазкур ахборот агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, қарор билан Агентлик тузилмаси ва Устави тасдиқланди.

Агентликка ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

  • Шу пайтгача Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги бор эди. Сўнгги қарор билан бу агентлик тугатилдими-йўқми - хабарда айтилмаган.

Петербургдаги ошхонада ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Санкт -Петербург шаҳридаги "Бургер кинг" фаст-фуд ошхоналаридан бирида ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда ҳуқуқ- тартибот тузилмаларига таянган ҳолда “Комсомольская правда” хабар берди.

Хабарда айтилишича, 14 сентябрь куни эрталаб ишга келган ошхона директори иш хоналаридан бирини оча олмаган. Бу хонанинг эшиги ичкаридан қулф бўлган. Эшикни очишга бир соат урингач, ошхона раҳбари уни бузишга қарор қилган.

Эшик бузилганидан сўнг ичкарида ошхонада ошпаз бўлиб ишловчи 26 ёшли ўзбекистонликнинг жасади топилган. Унинг томоғига пичоқ урилгани аниқланган.

Полиция видеокамералардаги ёзувларни, ошпазнинг буюмларини ва ошхонадаги пичоқларни текширганлар. Бироқ эшикни ичкаридан ошпаздан бошқа ҳеч ким қулфламагани аниқланган. Ошхонада зўрлик билан одам ўлдириш аломатлари топилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, терговчилар ўзбекистонликнинг ўлимида жиноий мотивлар йўқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар.

Қўқондаги фестивалга борган президент Мирзиёев аҳоли билан мулоқот қилди

Мирзиёев Қўқонда, халқ орасида (Telegram:Qo'qonliklar)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўқонда оддий одамлар билан мулоқот қилаётгани акс этган видео тармоқларда тарқалди.

14 сентябрь куни олингани айтилган видеода Мирзиёев Қўқонда маҳаллий ҳокимият амалга ошираётган ишларни олқишлайди ва халқни дуо қилади. Ўз навбатида унга яқинлашишга интилаётган оломон ҳам президентни дуо қилади. Оддий одамлар билан мулоқот қилаётган Мирзиёевнинг атрофини қўриқчилар ўраб олгани кузатилади.

Президент Қўқонга Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали очилиш маросимида қатнашиш учун борди.

Расмий хабарга кўра, фестивалда 80 га яқин мамлакатдан ҳунарманд усталар қатнашган. Ўзбекистондан эса минг нафар маҳаллий ҳунарманд қатнашган.

13 сентябрь куни Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши Қўқоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилганини эълон қилган эди.

Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Жумладан, 1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қиз президент ва хорижлик меҳмонларга тақдим этиладиган концерт-томошасида фон бўлиш учун жазирамада таътилга чиқарилмасдан массовкага жалб этилгани айтилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG