Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:08

Сурия ҳукумати ва мухолифатининг Остона музокаралари якунига етди


Қозоғистон пойтахти Остонада Сурия бўйича ўтказилган икки кунлик тинчлик музокаралари якунига етди.

Музокараларга воситачилик қилган Россия¸ Туркия ва Эрон расмийлари Суриядаги ўт очмаслик келишуви ижросини мониторинг қилиш механизмини яратиш ҳақида келишувга эришди.

Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат гуруҳларининг Остонада билвосита учрашиши декабрь ойида эришилган сулҳ битимининг амалга кўчишига нисбатан умид туғдирган эди.

Аммо Сурия мухолифати матбуот котиби Усама Абу Зайд Қозоғистон¸ Россия ва Туркия Остона конференциясининг муваффақиятли тугашига ҳаракат қилганига қарамай¸ Сурия ҳукуматининг амалда сулҳ битимига риоя қилмаëтгани бунга имкон бермаганини билдирди:

- Бу конференция ва музокаралар муваффақияти йўлидаги асосий тўсиқ Сурия режими томонидан сулҳ битимининг бузилаëтгани ва Суриянинг аксар ҳудудларида одамларнинг ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлаëтганидир¸ деди 24 январь куни Сурия мухолифати вакили.

Остона учрашуви қатнашчилари қабул қилган қўшма баëнотда айтилишича¸ Эрон¸ Россия ва Туркия биргаликда ўт очмаслик битими ижросини кузатади ва сулҳ битими тафсилотларини белгилаб¸ турли фитналар олдини олишга ҳаракат қилади.

Шунингдек¸ учала воситачи давлат “Исломий давлат” ва Жабҳат ал-Шом (аввалги номи Ал-Нусра) гуруҳларига қарши курашни давом эттириш ва бу гуруҳларни қуролли мухолифатнинг қолган қисмидан ажратиш режасида эканларини таъкидладилар.

Ҳозирга қадар Россиянинг Туркия ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари томонидан қўлланаëтган мўътадил мухолифат гуруҳларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштиргани кескин танқидга учраб келди. Мўътадил деб кўрилаëтган бу гуруҳлар¸ Россия ва Эрон қўллаб-қувватлаëтган Башар Асадни ҳокимиятдан ағдариш учун қуролли кураш олиб бормоқда.

Остонада қабул қилинган якуний баëнотга шунингдек учала давлатнинг 8 февраль куни БМТ ҳомийлигида Женевада ўтказиладиган тинчлик сўзлашувлари навбатдаги даврасида мухолифат вакиллари қатнашишини қўллаб-қувватлаши ҳам киритилди.

Ҳозирча бу баëнотга Сурия ҳукумати ва мухолифат вакилларининг қўл қўйган-қўймагани айтилмади.

2011 йилда бошланган Суриядаги уруш оқибатида ҳозирга қадар 300 мингдан ошиқ одам нобуд бўлди¸ миллионлаб суриялик ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG