Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:22

Азимжон Асқаров тўртинчи марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Азимжон Асқаров суд жараёнида.
Азимжон Асқаров суд жараёнида.

Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиққан Чуй вилоят суди Асқаровнинг айбдор эканига ишонилишини маълум қилиб, унга нисбатан аввалги суд инстанциялари томонидан чиқарилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирди. Азимжон Асқаров суд ҳукмига норозилик сифатида муддатсиз очлик эълон қилганини билдирди.

Чуй вилоят суди коллегияси Азимжон Асқаровни “оммавий тартибсизликларни уюштириш”, “миллатлараро низо қўзғатиш” моддалари бўйича айбдор деб топди ва аввалги суд инстанциялари томонидан чиқарилган умрбод қамоқ ҳукмини ўз кучида қолдирди.

“Суд коллегияси Асқаровнинг уни бир неча марта қийноққа солганлари тўғрисидаги сўзларига шубҳа билдиради, чунки уч нафар давлат руҳшуноси Асқаров “ёлғончиликка мойил”, деб хулоса чиқарди. Адвокатлар Асқаровнинг қийноққа солингани бўйича исбот-далилларни тақдим эта олмади”, дейилади, жумладан, суд ҳукмида.

Асқаров суд ҳукми ўқиб эшиттирилганидан сўнг муддатсиз очлик эълон қилганнии билдирди.

Адвокат Нурбек Тўқтақуновнинг фикрича, Асқаровнинг 2010 йил воқеалари бўйича айбдор деб топилиши қирғиз ҳукуматини ҳам, куч ишлатар тузилмаларни ҳам қаноатлантирадиган қарордир.

-Асқаров ўша пайтда жуда қулай фигура эди. Чунки Муваққат ҳукумат халққа жанубий ҳудудлардаги фожеали воқеалар ташкилотчиси бўлган ўзбек лидерларидан бири қамоққа олинганини кўрсатиши керак эди. Бозорқўрғон туман ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида эса уларнинг қонунбузарликлари ва жиноятларини фош этган ҳуқуқ фаолидан ўч олиш имконияти пайдо бўлди, -деди адвокат.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари суднинг бу қарорига нисбатан ўз норозиликларини билдирмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, мазкур ҳукмни эълон қилиш ортидан қирғиз суди ўзининг мустақил эмаслигини ва инсон ҳуқуқлари, жумладан, қийноқлар муаммосига бефарқ эканини жаҳон ҳамжамиятига намойиш қилди.

10 январь куни Чуй вилоят судида ўтган жараёнда Асқаровга сўнгги сўз берилган ва ҳукм ўқилиши 17 январга белгиланган эди. Бироқ Чуй вилоят суди сабабларни билдирмаган ҳолда, ҳукм ўқилишини 24 январга қолдирган. Асқаров ишини кўриб чиқиш Чуй вилоят судида ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган эди.

Этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилдаги Ўш қирғинида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Ўтган йилнинг апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, қирғиз ҳукумати Асқаровни зудликда қамоқдан бўшатиши шарт, деган қарорни чиқарган.

Шундан сўнг 2016 йил 12 июлда Қирғизистон Олий суди Асқаровга нисбатан иккинчи ва учинчи суд инстанциялари чиқарган умрбод қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.

Халқаро ташкилотлар Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб келадилар ва Қирғизистон ҳукуматини 6 йилдан бери ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод этишга чақириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG