Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:11

Ўзбекистонлик эр-хотин ҳамюртларини талон-торож қилганликда айбланмоқда


Россиянинг Красноярск шаҳрида меҳнат муҳожири бўлган юртдошларини талон-торож қилиб кетганликда айбланаётган ўзбекистонлик эр-хотин Россия ва Ўзбекистонда қидирувга берилди. Жабрдийда муҳожирлар бу масалада шикоят қилиб президент ва Ташқи ишлар вазирлиги виртуал қабулхонасига мурожаат қилганидан кейин Тошкентдан жавоб олгани, кейинроқ эса уларга Ўзбекистон консуллиги ёрдамга келганини гапирмоқда.

Озодликнинг Москвадаги таҳририятига мурожаат қилган сурхондарёлик Ҳусниддин Хабилов Красноярск шаҳрида анчадан буён экскаваторчи бўлиб ишлаб келиши, ўтган ой охирларида ўз ҳамюрти бўлган эр-хотин томонидан тунаб кетилганини сўзлаб берди.

- 2016 йилнинг 19 декабрида мен ишда бўлганимда қўшниларим хотиним Ўринбоева Нигорани бўйнидан бўғиб, қўлидан телефони, сумкаси, паспорт-патент, медкнижкасини тортиб олиб, бирга яшаётган квартирамиздан чиқиб кетган. Улар Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидан бўлган Ю. Б. ва хотини А. А. бўлган. Ўша куни полицияга мурожаат қилдик – полиция эса хотинимни олиб кетмоқчи бўлди, дейди Ҳусниддин.

Ҳусниддин паспортсиз ва бошқа ҳужжатларисиз қолган турмуш ўртоғи депортацияга тушиб қолиши мумкинлигидан хавфсираб, Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига Интернет тармоғи орқали шикоят ёзади.

Бир неча кундан кейин уларга Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консуллигидан телефон қилишди.

- Консулликдан бизга телефон қилишиб, уларнинг жиноий иши Андижон судига оширилгани, улар Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам қидирувга берилганин айтишди. Уларнинг жойи аниқ эмас, лекин телефондан қўнғироқ қилиб, қўрқитиб ва ҳар хил гапларни гапириб, “Қўлингдан келганини қил!” деб, телефонларини ўчириб қўйди. Аёлим ҳужжатсиз уйда ўтирибди. Биз Новосибирскдаги консулликка керакли нарсаларни жўнатганмиз – кетишга рухсатнома тайёр бўлибди, бориб олишимиз керак, деди Ҳусниддин аёли Нигоранинг ҳужжатларини тиклаш ва Россиядан чиқиб кетиш сертификатини тайёрлашда Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консуллиги ходимларининг катта ёрдами текканини гапирар экан.

Ўзбек муҳожири Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги виртуал қабулхонасидан олган расмий жавобда Красноярск Ички ишлар бошқармаси ва Андижон вилоят милиция бошқармасига “содир этилган воқеа бўйича тегишли тадбирлар ўтказилиши” сўралиб хат жўнатилгани, у ердан қидирув ишлари бошлаб юборилгани борасида жавоб олинганини билдирди.

Шунингдек, 12 январь куни виртуал қабулхонадан Нигора Ўринбоева билан телефон орқали уланишгани ва вазият тафсилотлари ўрганилгани айтилди.

Ўғирликда гумон қилинаётган эр-хотин
Ўғирликда гумон қилинаётган эр-хотин

Озодлик Б. Ю. ва А. А. Ўзбекистон ватандоши бўлган Нигора Ўринбоевага жароҳат етказганликда ва квартирани талон-торож қилиб кетганликда айбланаётган Красноярск шаҳар Советский туман полиция бўлими томонидан қидирувга берилганини аниқлади.

Полицияда қидирувга берилган ўзбекистонлик эр-хотин тайинли жойда ишламагани, миграция қайдини бузган ҳолда Россияда яшаб келаётганини маълум қилишди.

Ҳусниддин бундан ярим йил олдин оғир вазиятда қолган андижонлик эр-хотин Б. ва А. ёрдам кўрсатиб, уйига олиб келганини эслади.

- У одамлар кўчада қолган пайтида, квартирамизга кириб, икки хонадан бирини эр-хотинга берганман. Яна мен ўша квартира пулини тўлиқ тўлаганман, еб-ичарига пул берганман. Уларни бошқа квартирадан чиқариб юборишганида, 4 минг рубл тўлаб ўзим турган жойга олиб келганман. Уларнинг 13,5 минг қарзи ҳам бор эди мендан. Энг ёмони – аёлимнинг ҳужжатларини олиб кетганида, деди қилган яхшилигига олгани тўғрисида сўзлаган Ҳусниддин Хабилов.

Ҳозирда Нигора чиқиш гувоҳномаси асосида Ўзбекистонга чиқиб кетишга тайёрланаётгани маълум бўлди.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG