Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:28

Қорақалпоғистон Мирзиёевни кутмоқда. Президент ўлкани 2 кун пиёда кезмоқчи


Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан тортиб Тўрткўл, Элликқалъа, Амударё ва Беруний туманларида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев келишига йўллар ювиб-таралмоқда.

Бюджет ташкилотлари ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчию ўқитувчилари мажбурий ҳашар ишларига жалб этилди.

14 январь кунги ҳукумат мажлисида Мирзиёев келаси ҳафтада Қорақалпоғистонга сафар қилишни режалаётгани ва у ерда икки кун пиёда юриб одамлар билан шахсан учрашишини айтганди.

– Келаси ҳафта Қорақалпопоғистонга борсак, биров мени алдаёлмайди. Икки кун пиёда юраман. Қаерда юришимни бирон одамга айтмайман, ахборот ҳам бермайман. Ўзим биламан. Болницага кираман, қишлоқ врачебний пунктига бораман, бошқа жойга кираман, ўзим биламан қаерга киришни. Уйларга кираман. Кейин бу ердаги баландпарвоз гапларни, ҳар бир вазирнинг айтганларини ўша Қорақалпоғистоннинг ҳар бир районида ёки бошқа жойида вертикал тизимни сезишим керак, - деган эди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарининг бу чиқиши ортидан Қорақалпоғистондаги барча ташкилот раҳбарларига Мирзиёевнинг ташрифига шай бўлиб туришлик тайинланган.

Нукус шаҳридаги тиббий муассаса раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, шаҳар ҳокимининг буйруғи асосида шифокорлар ҳам ободонлаштириш ишига жалб этилганини айтди.

- Ҳозир барча ишчиларимиз, техник персонал икки кундан бери тозалаш билан банд. Шаҳар марказидан тортиб аэропортгача бўлган йўллар супур-сидир қилинмоқда, - деди нукуслик шифокор.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Элликқалъа, Амударё ва Беруний туманлари ҳам Шавкат Мирзиёевнинг кутилмаган ташрифига тараддуд кўрмоқда.

Тўрткўлдаги 3- сонли коллеж ўқитувчисининг Озодликка айтишича, ўқитувчи ва талабалар ҳам туман марказини ободонлаштиришга жалб этилган.

- Ҳамма оёққа турган. Тумандаги спорт майдончасини тозалаш бизга топширилган, душанба куни, кеча шу ерда ишладик, - дейди тўрткўллик ўқитувчи.

Ўзбекистонда давлат ёки ҳукумат раҳбари ташрифи муносабати билан бюджет ишчиларининг кўча тозалашга жалб этилиши авваллари ҳам бўлган.

Авваллари Мирзиёев ёки мамлакатнинг аввалги раҳбари Ислом Каримов юриши мумкин бўлган жойлардагина ободонлаштириш ишлари қилинарди.

Жаноб Мирзиёв бу сафар Қорақалпоғистонга борганида қаерга боришини айтмагани маҳаллий мулозимлару оддий аҳолини анча ноқулай аҳволга қўйган.

- Ҳар эхтимолга қарши Мирзиёевнинг келишига ҳамманг шай туринглар дейишди тепадан. Кутяпмиз келишларини, - дейди Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими.

XS
SM
MD
LG