Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:42

Париж учрашувида Исроил ва Фаластин бир тарафлама чора кўрмасликка чақирилди


Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича Парижда ўтказилган конференцияда АҚШ Давлат котиби Жон Керри иштирок этди. 2017 йил,15 январ.

Парижда Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича конференция бўлиб ўтди. 15 январда ўтказилган анжуманда иштирок этган 70 дан ошиқ давлат Исроил ва Фаластинни тинчлик келишувига қайтишга ҳамда бир тарафлама чора кўрмасликка чақирди.

Қатнашувчилар эълон қилган билдирувда ҳар икки тараф икки давлат ечимига бўлган содиқликларини расман қайта таъкидлашга ҳамда бунга қарши чиқувчилар билан ҳамкорлик қилмасликка чақирилди.

Фаластинликлар йиғин ва якуний келишувни олқишлади. Аммо Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху унда иштирок этмади ҳамда конференция Исроилга қарши руҳда ўтказилганини таъкидлади.

Тинчлик бўйича ўтказилган музокараларнинг сўнгги раунди тўққиз ой давом этган музокаралар ортидан 2014 йилнинг апрелида натижасиз якунланган эди.

Фаластин расмийси Саэб Эрекат эълон қилинган билдирув Исроилнинг босиб олинган ҳудудларда уй қуриб, ўз фуқароларини жойлаштираётганини қоралашини айди. Эрекат бу Исроил ўз “истилосини тўхтатмаса, мамлакат тинчлик ва барқарорликка эриша олмаслигини” англатишини таъкидлади.

Йиғин тугаганидан кейин журналистлар билан сиҳбатлашган АҚШ давлат котиби Жон Керри якуний билдирув ҳам фаластинликларнинг гиж-гижлаши ҳамда зўравонлигини, ҳам Исроил хавфсизлигини инобатга олганини айтди.

Конференцияда АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп маъмуриятининг бирорта ҳам вакили иштирок этмади.

Франция президенти Франсуа Олланд “исроилликлар ҳамда фаластинликлар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларгина тинчликка етаклайди. Уларнинг ўрнига ҳеч ким буни қилиб бермайди”, деди.

“Дунё ҳозирги вазиятга бефарқ қараб ўтира олмайди, бундай қилмаслиги ҳам керак”, деди президент. Конференцияда Париж, Европа, Яқин Шарқ ҳамда бошқа давлатлардан келган журналистлар иштирок этди.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро халқаро ҳамжамият ҳам Исроил, ҳам Фаластин давлатини қўлловчи ечимга эришиш учун музокара олиб боришни қўллашини айтди.

Эро бунинг учун 1967 йилги чегараларга қайтиш ҳамда БМТ қабул олган резолюцияларни тан олиш кераклигини таъкидлади.

Қуддус шаҳрининг мақоми мазкур можаронинг энг баҳсли ҳамда мураккаб масалаларидан биридир.

Трамп ўз сайлов кампанияси давомида Қуддусни Исроилнинг пойтахти ўлароқ тан олишини ҳамда АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириб ўтишини айтган.

Эро АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Қуддусга кўчириб ўтиш “провокация” бўлишини айтди.

Эро ўз мамлакати бундай қилиш Яқин Шарқда янги зўравонликлар келтириб чиқаришидан ховотирда эканлигини айтди.

Париж конферециясидан аввал Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ элчихонасини Қуддусга олиб ўтиш “тинчлик жараёнига ёрдам бермаслиги” ҳақида охоҳлантирди.

Фаластинликлар Шарқий Қуддусни бўлажак давлатининг пойтахи ўлароқ кўришади. Исроил эса шаҳар бошдан-оёқ ўз пойтахти эканлигини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG