Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 23:43

“Менинг айбим – намозхонлигимда...”


Махсудбек Бобоқулов Иркутск махсус изоляторида.

Россиянинг Иркутск шаҳри Хорижликларни сақлаш марказида ушлаб турилган 38 ёшли навойилик Махсудбек Бобоқулов Ўзбекистон томонидан “ваҳҳобийлик” ва “давлат тўнтаришига уринишда” айбланиб, халқаро қидирувга берилган. Ўзбекистонга депортация хавфи остида қолаётган Махсудбек Россиядан сиёсий бошпана сўрагани ва давлат Бош прокуратурасига мурожаат қилганини Озодликка изолятордан туриб сўзлаб берди.

Озодликнинг Москвадаги бюросига WhatsApp тармоғи орқали мурожаат қилган навоийлик Махсудбек Бобоқулов 2009 йилдан буён Ўзбекистон махсус кучлари томонидан халқаро қидирувга берилгани ҳақда ўтган йилнинг май ойида билганини сўзлаб берди.

У 2009 йилда намозхон қўшни йигитлардан бир нечтаси қамоққа олинганидан кейин Навойидан чиқиб кетганини гапиради:

- 2009 йилда намозхон ёшларни қама-қамаси бошланганида мен Навойида бозорда савдо билан шуғулланардим. Укам телефон қилиб “Ака, келмай туринг, бошқа болларни олиб кетди – сизни ҳам олиб кетади!”, деб қолди. Акам адвокат ёлламоқчи эди, улар “Биз бунақа ишларга аралашмаймиз!”, дебди. Айбим - намозхонлигимда экан! Икки ойча Ўзбекистонда бўлиб, Иркутск шаҳрига чиқиб кетдим. Икки ой ичида қўшни болларни қўйиб юборишмади. Кейин билсам узоқ йилларга қаматворишибди.

Мен ўз паспортим билан Қозоғистон орқали Россияга чиқиб кетдим. 2011 йилгача Россияда қонуний, кейин ноқонуний яшай бошладим. 2011 йилда онамни кўзини даволашга кўпроқ пул жўнатдим. Пул олишганидан кейин яна милициядан келиб, “Пулни даволашга қаердан олдинг?”, деб сўроқ қилишибди. 2012 йилда укамни олиб кетишди, 3 ой ушлаб, уриб оёқлари пайларини узиб ташлашибди. Ҳозир укам инвалид бўлиб қолган. “Ўғлингни қаердалиги айтсанг қўйворамиз!”, дейишибди онамга, деди Махсудбек.

Махсудбек Бобоқулов билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:35 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдошнинг айтишича, қамоққа олинган укасидан терговчилар акасига қарши “Ноқонуний дисклар олиб келган”, деган кўрсатма ёзиб беришни талаб қилган.

Шундан кейин, Бобоқуловлар уйида ўтказилган сўнгги амалиётлардан бирида унинг барча оила аъзолари – ҳатто унинг турмуш ўртоғи ва икки фарзанди – махфий хизмат ходимлари томонидан фотосуратга туширилади ва ота-онасидан тилхат олинади. Ўзбекистонга қайтишга қарор қилганини эшитган она Махсудбекдан Россияда қолишни сўрайди.

Шу воқеадан кейин Махсудбек оила аъзоларини босимга учратмаслик мақсадида улар билан мутлақо алоқа қилмасликка қарор қилади.

Махсудбек 7 яшар ўғлини охирги маротаба 19 кунлигида кўрган.
Махсудбек 7 яшар ўғлини охирги маротаба 19 кунлигида кўрган.

​2016 йилнинг май ойида у рус полицияси ходимлари томонидан халқаро қидирувга бўлган шахс сифатида ҳибс этилди.

Ўзбекистондан жўнатилган айблов ҳужжатларидан Махсудбек Бобоқулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-3 ва 244-1 моддалари асосида 2009 йилда халқаро қидирувга берилганини билиб олган. Ўзбек терговчилари иддаосича, Бобоқулов Ўзбекистонда “диний-экстремистик-сепаратистик-фундаменталистик ташкилот тузиб, ҳокимиятни қўлга олиш ва давлат тузумини ўзгартириш”да айбланмоқда.

- Мен прокурорларга, судга “Шундай хавфли жиноятчи бўлсам қандай Ўзбекистондан чиқиб кетдим?”, деб вазиятимни тушунтирган эдим, опер йигитлардан бири сиёсий бошпана сўрашимни тавсия қилди. “Бундай ҳолатлар олдин ҳам бўлган”, деди. Қочқинлик беришмади, ҳозир вақтинчалик қочқинлик сўрадим. Лекин, менинг 6 ойлик муҳлатим тугаши билан улар мени қўйи юбормади – “ миграция қоидасини бузган”, дея тўғри спецприёмникка олиб келишди, деди Махсудбек.

Ўзбекистонда Махсудбекнинг 10 ва 7 яшар икки ўғли, рафиқаси кутиб қолмоқда.

Ҳозирда навойилик диний қочқин Махсудбек Бобоқулов иши билан “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мутахассислари қизиқаётгани маълум бўлди.

Озодлик Махсудбек Бобоқулов ишини кузатиб боради.

Ўзбекистон Жиноят қонунчилигининг 159 ва 244 моддалари асосида бугунги кунда юзлаб одамлар Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилгани ва Россияда ҳибсга олингани ёки қонунга хилоф равишда олиб чиқиб кетилгани борасида Озодлик кўп маротаба хабар берган.

Шарҳларни кўринг (30)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG