Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:34

Трампга қарши Россия компроматлари ҳақидаги ҳисоботларни собиқ МИ-6 ходими тайёрлаган


Кристофер Стил ишлайдиган Orbis Buiness Intelligence офисининг ташқи кўриниши, Лондон, Британия.

Россия разведка хизматлари ходимлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга иснод келтириши мумкин бўлган маълумот қўлга киритгани ҳақида ёзган Кристофер Стил Британия махфий хизматининг собиқ хизматчисидир.

Бу ҳақда Reuters агентлигига унинг иш фаолияти билан таниш шахслар билдирган.

Британия разведкаси собиқ ходимларига кўра, Стил дипломат ниқоби остида МИ-6 номи билан маълум бўлган Британия махфий разведка хизмати учун узоқ йиллар давомида Россия, Париж ва Лондонда ишлаган.

Стил махфий хизматни тарк этганидан кейин АҚШ Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) FIFAдаги коррупция ҳақида маълумот берган.

Чоршанба куни АҚШ расмийлари Стилнинг халқаро футболдаги коррупция ҳақидаги ишлари туфайли унинг Россия Трампга қарши тўплаган компроматлар ҳақидаги иддаоларига ишониш мумкинлигини билдиришди.

Reuters кўришга муваффақ бўлган электрон мактубларда ёзилишича, 2010 йилнинг ёзида нью-йорклик бир гуруҳ ФҚБ ходими “Евросиёдаги уюшган жиноят”ни тафтиш қилиш учун Лондонда Стил билан учрашиб, FIFAдаги коррупцияни муҳокама қилган.

Стил иши билан танишларнинг айтишича, Британия футболини бошқарувчи Футбол бирлашмаси FIFAни тафтиш қилиш учун Стилнинг Orbis Business Intelligence ташкилоти хизматларидан фойдаланган. Ўша пайтда Британия 2018 ёки 2022 йилларда Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ниятида бўлган. Британия ташкилотлари бўйича тўпланган маълумотлар Orbis 2009 йилнинг мартида тузилганини кўрсатади.

FIFA коррупция айбловлари қуршовида қолар экан, 2018 йилги чемпионат мезбонлиги Москвага, 2022 йилги ўйинлар мезбонлиги эса Қатарга берилди.

Стил билан учрашган ФҚБ ходимлари футболдаги коррупцияни тафтиш қилиб, ўнлаб шахсга, жумладан, юқори лавозимли футбол расмийларига расмий айблов қўйишди.

Натижада бир неча FIFA расмийси, жумладан, ташкилотни узоқ йиллар давомида бошқарган Зепп Блаттер ишдан кетишга мажбур бўлди.

Стилни бошида Вашингтонда жойлашган FusionGPS сиёсий изланиш ташкилоти Трамп Республикачилар партияси номзодлигини қўлга киритишига қарши бўлган республикачилар илтимоси билан Трампни тафтиш қулиш учун ёллаган. Би-Би-Си тарқатган хабарга кўра, Стилни бошида Трампнинг 16 рақибидан бири Жеб Буш ёллаган. Ҳозирча Би-Би-Си хабарини тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Стил Трамп партия номзодлигини қўлга киритганидан кейин ҳам FusionGPS учун ишлашда давом этган. У тўплаган маълумотлар Демократлар партияси расмийларига ҳамда матбуот ходимларига берилган.

Стил ФҚБ учун Трамп ҳақида ўтган йилнинг июль ойида маълумот тўплай бошлаган. Аммо сайловга бир ой қолганда Стил ФҚБ тезкорлик билан чора кўрмаганидан чарчагани учун бюро билан алоқа қилмай қўйган.

ФҚБ Трамп ва унинг шериклари Россия билан олиб борган ишларини тафтиш қилишни қисман Стил ҳисоботларига таянган ҳолда бошлаган. Бу ҳақда мазкур тафтишлар билан хабардор расмийлар билдирди.

Аммо бюро сайловга яқин қолганда сайловчилар фикрига таъсир ўтказмаслик учун тафтиш суратини секинлатган. Стилга бу маъқул келмаган. Собиқ агент ФҚБ Трампни жиддий тафтиш қилмаяпти, деган хулосага келган ва бюро билан ҳамкорлик қилмай қўйган.

Стил ҳисоботлари бир неча ой давомида йирик матбуот нашрлари, жумладан, Reuters томонидан тарқатилди. Аммо на матбуот нашрлари, на АҚШ разведка ҳамда ҳуқуқ-тартибот агентликлари бу ҳисоботларни тасдиқлай олмади.

Сешанба куни Стилнинг Трамп ҳақида айрим ҳисоботлари BuzzFeed томонидан чоп этилди, аммо Трап ва унинг ёрдамчилари бу хабарлар сохта эканлигини таъкидлади. Россия расмийлари ҳам бу гапни маъқуллади.

Стилнинг ҳамкорлари чоршанба куни у матбуотга шарҳ бера олмаслигини билдиришди. Orbis директори ҳамда Стил ёнида ташкилотга асос аолган Кристофер Барроуз The Wall Street Journal газетаси билан суҳбатда Трамп ҳақидаги ҳисоботларни Стилга тегишли ширкат тайёрлаганини на тасдиқлай олишини, на рад эта олишини айтди.

XS
SM
MD
LG