Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:32

Обама: Ўзгариш оддий одамлар фаоллиги билан бўлади


АҚШ Президенти Барак Обама 10 январ оқшомида Чикаго шаҳридан туриб Америка халқига мурожаат қилди. Хайрлашув нутқи учун у бу шаҳарни танлагани бежиз эмас. Чунки президентлик сари сиёсий курашини саккиз йил олдин худди шу шаҳардан бошлаган эди.

Президент Обама ўз нутқида демократия мавзусига алоҳида эътибор қаратди.

"Демократия бутун дунёда бир хил бўлиши шарт эмас, лекин бир-бирини тушуниш, бирдамлик бўлиши керак", - деди у.

АҚШ тарихида турли яхши-ёмон кунларни бошдан кечирди; демократиямиз турли синовлардан ўтди, лекин ҳар доим сабот билан муаммоларни енгиб ўтганмиз, дея давом этди АҚШ раҳбари.

Президент кучли демократиянинг асосида тенглик туришини таъкидлади.

Шунингдек, у барча учун бирдек иқтисодий имконият яратилиши муҳим эканига алоҳида урғу бериб, ўтган йиллар давомида АҚШ иқтисодиёти анча бақувват кўринишга келганини қайд этди.

У соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳот натижасида бугун миллионлаб америкаликлар сифатли тиббий хизматга имконияти етадиган нархларда эга эканини айтди.

Обамага кўра, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бойлар ва қуйи табақа фуқаролар орасида иқтисодий нотенглик кучайиб бормоқда. Иқтисодий имкониятлардан, деди у, фақат бойлар манфаат кўрмаслиги керак.

Ирқий айирмачилик, деди қора танли АҚШ раҳбари, демократияга таҳдид солаётган иккинчи энг катта муаммодир.

Муҳожирларнинг болаларига бизга ўхшамагани учун бир хил таълим олиш имкониятини бермасак, ўз келажагимизга путур етказаётган бўламиз; чунки эртага бу фарзандлар ишчи кучимизнинг салмоқли қисмини ташкил этади, деди у.

Ватандошларини демократияни ҳимоя қилишга чақирган Обама нутқи сўнгида кўз ёшларини тутиб туролмади.
Ватандошларини демократияни ҳимоя қилишга чақирган Обама нутқи сўнгида кўз ёшларини тутиб туролмади.

АҚШ президенти сиёсий ғоя ва мафкураларга кўр-кўрона ёпишиб, ҳақиқат ва далиллардан кўз юмган ҳолда мухолифлик қилишни демократия учун учинчи таҳдид деб атади.

"Самимий бўлмасдан, ўз манфаатига хизмат қиладиган далилларнигина танлаб олиш ўз-ўзини ҳалок қилишга етаклайди", - деди Обама.

Давлат раҳбари иқлим ўзгариши жиддий муаммо эканини тилга олди ва ўзини қайта тикловчи энергия манбаларини яратиш бўйича АҚШ эришган муваффақиятларни олқишлади.

"Муаммони инкор қилиш нафақат келажак учун, балки мамлакатимизнинг асосида турувчи инноватсия руҳига ҳам хиёнатдир", - дея у иқлим исишини инкор этувчи тоифаларга ишора қилди.

Терроризм таҳдидини ҳам санаб ўтган Обама ўтган саккиз йил давомида АҚШда хорижлик бирор террорчи ёки террор гуруҳи қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширмаганини айтди.

Ватанпарвар ҳуқуқ-тартибот органлари фидокорлиги билан мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаб келяпмиз, деди у.

Зўравонлик, мазҳабпарастлик ва бошқа қарашларга нисбатан тоқатсизликка биз йўл қўймаймиз, деди Обама.

"ИШИД одамларни ўлдиришга ҳаракат қилади. Конституциямизда белгиланган қадриятларга хиёнат қилмагунимизга улар бизга таҳдид сола олмайди. Биз қўрқмаслигимиз керак, огоҳ бўлишимиз керак", - деди у.

Обама Россияни ҳам тилга олиб, агар тўғри йўлимиздан адашмасак, бундай давлатлар бизга таъсирини ўтказа олмайди, деди.

Давлат раҳбари ўтган йил охирида бўлиб ўтган президентлик сайловига доир можароларни тўғридан тўғри тилга олмади, аммо фуқароларни сиёсий фаолликка ундади.

"Овоз беришни қийинлаштириш эмас, осонлаштиришимиз керак", - деди у.

Ҳар биримизда фуқаролик масъулияти бор; биз одамлар ўз иштирокимиз, овозимиз билан ҳокимиятни тақдим этамиз, деди президент.

Унга кўра, сиёсатчиларни айблашдан олдин уларни фуқаролар ўзлари сайлаганини ўйлаши керак. Ҳар биримиз демократия ҳимоячиси бўлишимиз лозим, деди у.

"Орамизда тафовутлар бўлишига қарамай, ҳаммамизда битта умумий боғлиқлик бор. Бу демократиянинг энг муҳим мақоми. Бу - фуқаролик", - деди АҚШ президенти.

Шаҳардаги дўконлардан бирининг эшига "Раҳмат, Президент Обама" деб ёзилган, Чикаго, 10-январ, 2017-йил.
Шаҳардаги дўконлардан бирининг эшига "Раҳмат, Президент Обама" деб ёзилган, Чикаго, 10-январ, 2017-йил.



Нутқи сўнгида Обама рафиқаси Мишел Обамага, фарзандларига, ёрдамчиларига ҳамда саккиз йил давомида уни қўллаб-қувватлаган, унга ишонган барча фуқароларга ташаккур билдирди.

"Сиз дунёни ўзгартирдингиз. Бугун минбарни янада умидвор бўлиб тарк этяпман. Чунки қилган ишимиз кўпчиликка илҳом берди. Ўзгаришлар қилиш мумкинлигини кўрсатди. Сиз тенг, адолатли ва барчани қамраб оладиган Америкага ишонасиз. Доимий ўзгариш Американинг асоси эканини биласиз. Бу қўрқадиган нарса эмас, балки олқишлайдиган ҳолат. Шундай экан, Американинг келажаги яхши қўлларда эканига ишонаман", - деди у.

Обама, шунингдек, ўзгаришлар ва адолат учун курашишни президентликдан кейин ҳам оддий фуқаро сифатида давом эттиришини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG