Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 04:28

Россия ўз спортчилари допинг қабул қилганини тан олди, аммо...


Россия Миллий аксилдопинг агентлигининг амалдаги етакчиси Анна Анцелиович.

Россия мамлакатда спортчилар томонидан допинг истеъмол қилиш чуқур илдиз отганини тан олди, аммо буни ҳукумат қўллаганини рад этди.

Россия Миллий аксилдопинг агентлигининг амалдаги етакчиси Анна Анцелиович The New York Times газетасига берган интервьюсида “ташкилотлар тил бириктирган”, деди.

Аммо Анцелиович допинг қабул қилишни ҳукумат қўлламаганини, юқори лавозимли расмийлар бу ҳақда ҳеч нима билмаганини таъкидлади.

9 декабрь куни Жаҳон аксилдопинг агентлигининг канадалик ҳуқуқшуноси Ричард Макларен 2012 ҳамда 2014 йилги олимпиада ўйинларида ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда иштирок этган мингдан ошиқ россиялик спортчи ман этилган моддаларни истеъмол қилгани аниқланганини билдирган эди.

Макларен россиялик спортчилар “мисли кўрилмаган кўламда” ғирромлик қилганини таъкидлади. Макларен ҳисоботлари ортидан уч халқаро ўйин Россияда ўтказилмайдиган бўлди.

Сийдик анализи қайта текширилганидан кейин ўндан ошиқ рус спортчиси қўлга киритган медалидан маҳрум қилинди.

Жаҳон аксилдопинг агентлиги ҳисоботлари ортидан барча россиялик енгил атлетикачи ҳамда бошқа бир неча спортчи август ойида Риода ўтказилган Ёзги олимпиада ўйинларидан четлатилди.

Макларен ҳисоботига кўра, Россия хавфсизлик хизмати ҳамда Спорт вазирлиги расмийлари спортчилар допинг қабул қилишини қўллаган.

Россиянинг 2008-2016 йиллардаги спорт вазири Виталий Мутко ой бошида Маклареннинг давлат идоралари тил бириктиргани ҳақидаги иддаолари исботланмаганини, допинг қабул қилинишига спортчиларнинг ўзи ва тренерлар масъул эканлигини айтган эди.

Анцелиович эса Макларен ҳисоботларидан даҳшатга тушганини билдирди.

The New York Times газетасига кўра, Россия допинг айбловларини тан олишига глобал допингга қарши курашувчи маҳкамалар билан ярашиш истаги туртки бўлган бўлиши мумкин. Халқаро аксилдопинг идоралари Россия допинг истеъмол қилинганини текшириш ҳамда ўз ҳудудида олимпиада ўйинларини ўтказиш имкониятини қайта қўлга киритиш учун жорий йилда эълон қилинган ҳисоботлар натижаларини тан олиши кераклигини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG