Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 12:38

АҚШда ўзбекистонлик ҳайдовчи террор ҳужуми билан таҳдид қилишда айбланмоқда


Ўзбекистонлик 25 яшар Хуршид Ҳайдаров АҚШнинг Канзас шаҳри яқинида қўлида қурол билан, полицияга 4 соат қаршилик кўрсатди.

АҚШда ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси полиция билан тўқнашиб, автомобиллар ҳаракатини бир неча соатга тўхтатиб қўйди. Ҳайдовчи ўзига қўйилган террор ҳужуми билан таҳдид солиш айбловини рад этмоқда.

Маълум бўлишича, 25 яшар Хуршид Ҳайдаров Канзас шаҳри яқинидаги штатлараро 25- шосседа қўлида қурол билан, полиция билан 4 соат тўқнашувга киришган.

29 декабрь куни бўлиб ўтган судда Ҳайдаров иштирок этди. Судда унга рус тилини биладиган таржимон керак бўлди. АҚШ расмийлариннинг билдиришича, Ўзбекистон ватандоши бўлмиш Ҳайдаров Филадельфияда яшайди ва инглиз тилида яхши сўзлаша олмайди.

Судья навбатдаги суд мажлисини 3 январга белгилади.

Мазкур ҳодиса 23 декабрь куни дам олиш шохобчасида турган юк машинаси ҳайдовчиси бошқа йўловчиларга "узун қурол" билан ўқталаётгани ҳақида гувоҳлар хабар берганидан кейин бошланган. Ҳодиса давомида бирор марта ҳам ўқ узилмаган.

Полиция вазият барқарорлашгунича йўлнинг шохобча яқинидаги бўлагини ёпиб қўйган.

Келиб чиққан тўқнашув полиция ходимлари юк машинасининг деразаларидан бирини синдириб, Ҳайдаровни қўлга олганидан кейин ўз якунига етган.

Кейинроқ Ҳайдаровнинг қуроли пневматик қурол эканлиги аниқланган. Бундай қурол одатда ўлимига сабаб бўлмайди.

Полициянинг билдиришича, Ҳайдаровнинг эс-ҳуши жойида бўлмаган, аммо унинг қонида алкоголь излари топилмаган.

XS
SM
MD
LG