Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:21

Алишер Усмонов: Агар чақирсалар, Ўзбекистонга қайтаман!


Алишер Усмонов.
Алишер Усмонов.

Миллиардер Алишер Усмонов Тошкент расмийлари таклиф қилса ўз ватани бўлган Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини билдирди. Усмонов Россия-24 телеканалида қилган чиқишида расмий Тошкент таклиф қилса, Ўзбекистонга сармоя ётқизишга тайёр эканини айтди. Шунингдек, у Ўзбекистонда меҳр-мурувват фондини ташкил этиш юзасидан режалари билан ўртоқлашди.

Алишер Усмонов Россия-24 канали мухбирининг “Сизни бир неча марта Россиянинг энг бой одами деб тан олишган, шу муносабат билан сиз солиқ резидентлигини ўзгартирганингиз тўғрисида мақолалар пайдо бўлгач кўп баҳс-мунозаралар юзага келди”, деган саволига жавоб берар экан:

- Қачондир Россия солиқ резидентлигини алмаштирмоқчи бўлсам фақат Ўзбекистон резидентлигига алмаштираман. Бироқ ҳозирча бунга асос йўқлигидан келиб чиқсак, мен халқаро командировкада юрган Россия резиденти ҳисобланаман. Қолган гапларнингбарчаси ёлғон, -деб айтди.

Алишер Усмонов бугунги кунда Қиличбозлик халқаро федерацияси президенти лавозимида ишлаётганини, шу муносабат билан у федерация қароргоҳи жойлашган хориж давлатларидан бирида яшаётганини маълум қилди.

-Мен Россия ватандошиман. Ўз-ўзидан мазкур спорт федерацияси президентлиги ваколатим якунланганидан сўнг Россия солиқ резидентлигига қайтаман, агар мени кичик ватанимга чақирмасалар, -деди Усмонов.

Суҳбат давомида Алишер Усмонов Ўзбекистондаги бугунги вазиятга ҳам тўхталди. Унга кўра, Ўзбекистон президент Мирзиёев даврида кенг қамровли ривожланиш имкониятларига эга.

- Мен позитив фикрдаман. Негаки мамлакат 25 йил давомида мустақиллик йўлида ривожланди, бу йўлда уни Ўзбекистоннинг биринчи президенти бошқарди. Ҳозир бошқарув ва давлатчилик тажрибаси улкан бўлган одам сайланди. Менинг нуқтаи назаримча, у ҳар қандай муаммони ҳал қила олади. Мен кўп маротаба ўзбек эканимдан фахрланишимни айтганман. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун фойдам тегиши мумкин бўлган ишларни қилишга тайёрман. Доим ва ҳар бир дақиқада. Мен Ўзбекистонга, унинг халқига ва президентига улкан муваффақиятлар тилайман, -деди Усмонов.

Усмонов ўз чиқишида расмий Тошкент таклиф қилса, Ўзбекистонга сармоя ётқизишга тайёр эканини айтди. Шунингдек, у Ўзбекистонда меҳр-мурувват фондини ташкил этиш юзасидан режалари билан ўртоқлашди.

Мухбирнинг “Сиз ўзингиз бу мамлакатга сармояларни киритишни ўйламаяпсизми?” деган саволига Усмонов қуйидагича жавоб берди:

- Сени бир ерга таклиф қилишса ўша ерда яхши бўлади. Мен бошқа сармоядорлардан фарқли ўлароқ, ҳар доим қаерга чақиришса ўша ерга бораман. Бунга қадар эса илтимос қилишса, фақат сўраган нарсаларини бериш билан ёрдам кўрсатишим мумкин. Албатта, режалаштираяпман. Албатта, хоҳлайман. Энг камида мен у ерда Москвада қилаётганим каби лойиҳаларимни амалга ошириш учун меҳр-мурувват жамғармасини очмоқчиман. Мана шу холос. Бу ишни албатта амалга оширишга ҳаракат қиламан. Бу иш учун рухсат сўрайман, -деди Алишер Усмонов.

Россия давлатмандлари орасида 3-ўринни эгаллаган Усмонов, Forbes журнали маълумотига кўра, ҳозирда 12,5 миллиард долларлик сармояга эга.

2011 йилдан 2014 йилгача Россиядаги энг бой одам ўлароқ эътироф этилган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов Россияда хайрия ишлари учун ҳукумат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўп маротаба тақдирланган.

XS
SM
MD
LG