Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Жиззахда газ йўқлигидан норози аёллар автомагистрал йўлини тўсди


Ўзбекистон қишлоқларида газ йўқлиги туфайли ўчоқда овқат пишириш кундалик нормал ҳолатга айланиб бўлган.
Ўзбекистон қишлоқларида газ йўқлиги туфайли ўчоқда овқат пишириш кундалик нормал ҳолатга айланиб бўлган.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Тошкент-Термиз автомагистрали яқинидаги қишлоқларда яшайдиган қарийб 200 нафар аёл 24 ноябрь куни автомобиль йўлини тўсди. Газ ва электр йўқлигидан шикоят қилган аёллар бир соат давомида йўлнинг икки томонини беркитиб, масъул амалдорлардан бу муаммони ҳал қилиб беришни талаб қилган.

Озодликнинг Ғаллаорол туманидаги Қарағўйли қишлоғида яшайдиган манбасининг хабар беришича, учта қишлоқ аёллари 24 ноябрь куни тушга яқин Тошкент-Термиз магистрал йўлини тўсишган:

“Қарағўйли, Обуз ва Қашқабулоқ қишлоғининг бир гуруҳ аёллари аввал туман ҳокимининг олдига бориб, ҳаво жуда совиб кетгани, газ йўқлигидан, электрнинг камлигидан, кўмир йўқлигидан шикоят қилишган. Лекин, ҳоким ҳеч кимга газ берилмайди, деб жавоб берган. Шундан сўнг, аёллар қайтиб келишган ва бошқа ҳамқишлоқларини ҳам даъват қилиб катта йўлни тўсиб олишган.. Бир соат давомида йўлнинг икки томонида юзлаб автомобиллар тиқилиб қолган”, дейди манба.

Унинг айтишича, йўл тўсилганидан сўнг орадан ярим соат ўтмай, туман ҳокими ва газ идораси раҳбарлари воқеа жойига етиб келган:

“Ҳоким ва унинг ўринбосарлари келиб, халқни йўлни очишга, эртадан бошлаб газ ва электр таъминотини яхшилашга ваъда берган. Ярим соат давом этган музокарадан сўнг, аёллар йўлни очишган”, деди бошқа манба.

Ғаллаорол туманида яшайдиган пенсионер Набижон Жўрабоев ўша қишлоқларга бориб, йўлни тўсишда иштирок этган одамлар билан гаплашганини айтар экан, аёллар талаблар ёзилган плакатлари билан норозиликка чиққанини айтди:

- Катта магистрал йўлнинг устида эрталаб улгуржи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотадиган жойимиз бор. Аёлларнинг айтишларича, ана ўша ерда йўлни тўсишган. Аёллар газ ва свет берилишиши талаб қилинган плакатлар ҳам ёзиб чиқишган экан. Айтишларича, бугун ўша қишлоқларга баллон газ ва кўмир етказиб беришибди, лекин табиий газни ҳануз очмаган экан. Бирданига қаттиқ совуқ тушди. Қишлоқлардаги одамлар анча қийналиб қолишди. Илгари сайловлар арафасида ҳамма қишлоқларга газ ва свет узлуксиз бериларди. Бу сафар эса кун сайин баттар бўлиб боряпти”, деди Набижон Жўрабоев.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таниширмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда ғаллаороллик аёллар Тошкент-Термиз автомобил йўлини тўсганини тасдиқлади:

“Йўқ, бир соат эмас, ярим соат давомида йўл тўсилиб тургани ҳақида хабар бор. Маҳаллий раҳабарлар бориб, муаммони ҳал қилишган. Ҳозир автомагистрал бир маромда ишламоқда”, деди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми пайтида газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳолининг у ёки бу шаклда норозилик билдириш ҳолатлари баъзан кузатилиб турилади.

Бу норозилик намойишларида, асосан, хотин-қизлар иштирок этади.

2013 йилнинг 5 ноябрида Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзеси Хўжасоат маҳалласининг юзга яқин аҳолиси мавзедан ўтадиган автомобил йўлини тўсиб, уч кун электр энергияси ва газ берилмаганига қарши ўз норозилигини шу тарзда ифода этган эди.

Жумладан, 2012 йилнинг 17 декабрида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган юзга яқин аёл 17декабр куни эрталаб автомобилларнинг эски шиналарини Тошкент-Самарқанд автомагистралига думалатиб, йўлни тўсган эдилар.

XS
SM
MD
LG