Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

Ўзбекистонда газ йўқлигидан мевали ва ноёб дарахтлар ўтин бўляпти


Бешариқда газ йўқлигидан мевали дарахтларга арра урилмоқда
Бешариқда газ йўқлигидан мевали дарахтларга арра урилмоқда

Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида бу йилги қиш мавсумида ҳам газ бўлмаслиги ҳақидаги огоҳлантирувлар ортидан аҳоли ўтин ғамлашга киришган. Қашқадарё вилоятида эса ўтин ғамлаш мақсадида одамлар мевали дарахтлар ва ҳатто "Қизил китоб"га киритилган ноёб дарахтларни ҳам кесиб кетишаётганини Озодлик манбалари айтмоқда.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Бешариқ тумани Узун қишлоғида ҳокимият вакилларининг бу йил қиш мавсумида туманга газ узатиш буткул узилиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантируви ортидан аҳоли ўтин ғамлашга киришган.

Қишлоқда мевали дарахтларга ҳам арра урилаётгани айтилмоқда.

Бешариқликлардан бири Озодлик билан суҳбатда ёқилғи танқислиги сабабли боғлардаги мева дарахтларини ҳам чопиб, ўтинга айлантиришаётганини айтди.

– Фермерларнинг далаларида дарахт қолмади. Мевали дарахтлар ҳам арраланмоқда. Фермерларни пахта далаларидан ғўзапоя ўғирлаш авжига чиқмоқда. Туман ҳокимиятидагилар бу йил ҳам газ бўлмайди, қиш ғамини ҳозирдан кўраверинглар, дейишганидан сўнг ўтин қимматлаб кетди. Бир эшак арава ўтиннинг баҳоси 150000 сўмга чиққан, - дейди Озодликка исми сир қолиши шарти билан гапирган бешқариқликлардан бири.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, газ таъминотидаги узилишлар нафақат Фарғонанинг Бешариқ тумани, балки бутун Фарғона вилояти, қолаверса Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қишлоқларига таҳдид солмоқда.

Ўзбекистоннинг Қашқадарёнинг чўл туманларида эса аҳоли газ йўқлигидан "Қизил китоб"га кирган ўта ноёб, юлғун дарахтларини чопиб, ўтин қолмоқда.

Бу ҳақда шу вилоятда яшовчи, исми сир қолишини истаган экологлардан бири Озодликка маълум қилди.

- Далаларда тол, тераклар ўтинга чопиляпти, улар майлику, лекин, юлғунлар борку "Қизил китоб"га киритилган, ана шу юлғунлар ҳаммаси чопиляпти, қишлоқ атрофида тополмайсиз. Одамлар қишдан чиқиш учун юлғунни томиригача кавлаб олиб, ўтин қиляпти. Қараб туриб табиатга раҳмингиз келади-да. Тепадагилар фалонча газ ишлаб чиқардик, фалонча нефт ишлаб чиқардик дейди, лекин аҳоли газсиз, ноёб дарахтлар ўтин бўляпти. Табиатга раҳмим келади, - дейди қашқадарёлик эколог.

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев Озодлик билан суҳбатда мамлакатнинг газ етиб бормаган қишлоқларида аҳоли совуқдан ўлиб қолмаслик учун мевали дарахтларни ҳам чопишга мажбур бўлаётганини айтади.

- Фарғонанинг Бувайда, Олтиариқ, Қўқон туманларида йиллардан бери газ йўқ. Риштон тумани Совет давридан бери газсиз. Суюлтирилган газ ҳам етарлича таъминлаб берилмаяпти. Тирик қолиш учун, совуқдан ўлиб қолмаслик учун одамлар олдин ўзиникини, кейин қўшнисининг дарахтини чопади, ғўзапояларни ўғирлашгача боради. Совет даврининг очарчилик йилларида ҳам шундай бўлган, - дейди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Озодликка мурожаат қилган тингловчилар Ўзбекистон президенти вазифасини ижро этувчи ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига юборилган шикоятлардан ҳам натижа бўлмаётганидан шикоят қилмоқда.

Андижон шаҳрининг Эркин маҳалласида яшайдиган тингловчининг айтишича, унинг газ йўқлиги ҳақида Бош вазир қабулхонасига икки марта ёзган шикояти яна қайтиб газ идораси раҳбарларига юборилган:

“Бизнинг маҳалла шаҳар марказида бўлса ҳам беш йилдан бери газ йўқ. Қўшни маҳаллада оз-моз бор эди, энди уни ҳам кесиб ташлашибди. Бош вазирга икки марта ёздим. Икки марта ҳам оддий бир газчи келиб, “бекорга овора бўлиб ёзиб юрма, барибир газ берилмайди”, деди. Мен ҳайрон қоламан, агар бир жиддий чора кўрилмаса, ёзган шикоятларимиз яна қайтиб ўзларига келса, у виртуал қабулхонанинг кимга кераги бор?”, дейди андижонлик.

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкатининг “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради”.

Лекин шунга қарамасдан, газ тақчиллиги муаммоси ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг воқелигига айланган.

XS
SM
MD
LG