Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Гулнора Каримованинг пуллари юзасидан АҚШ-Ўзбекистон музокаралари муддати узайтирилди


TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора бергани иддао қилинади.
TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора бергани иддао қилинади.

АҚШ суди Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид кўрилган 850 миллион АҚШ доллари миқдоридаги музлатилган маблағлар тақдирини судсиз келишиб олишлари учун америкалик ва ўзбекистонлик адвокатларга берилган муҳлатни яна уч ойга узайтирди. Адвокатларга бундан олдин ҳам уч ойлик муҳлат берилган ва бу муҳлат октябрь ойининг охирида якунланган эди.

Судя Эндрю Картер 2 ноябрда имзолаган ажримга мувофиқ Гулнора Каримовага тегишли пуллар тақдирини ҳал қилиш масаласидаги музокаралар муддати 2017 йилнинг январь ойи охиригача узайтирилди.

АҚШ судининг мазкур қарори Ўзбекистон билан 6 ойдан бери олиб борилаётган музокаралар шу кунгача самара бермаётганини англатади.

Бу ерда гап коррупцион схемалар орқали орттирилгани даъво қилинаётган Швейцария банкларидаги 550 миллион АҚШ доллари, АҚШ, Ирландия,Люксембург, Бельгия банкларида ҳибс этилган 300 миллион долларлик маблағ ҳақида бормоқда.

АҚШ Адлия департаменти жорий йил январида Гулнора Каримовани пора олиш орқали бойишда айблаб, унга тегишли 600 миллион доллардан ортиқроқ маблағни музлатиш ҳақида қарор чиқарган эди. Адлия департаменти ҳибс этилган маблағларни ўз тасарруфига ўтказиш учун қонуний чора кўришни бошлаган.

Шундан сўнг Ўзбекистон ҳукумати музлатилган пуллар жиноятчилар тарафидан ўмарилгани ва мамлакатга қайтарилиши лозимлиги айтилган мактуб билан АҚШга мурожаат қилган.

Нью Йорк суди шу йилнинг май ойида бу иш юзасидан АҚШ ва Ўзбекистон расмийларига ўзаро музокара олиб бориш ва бу борада бир ечимга келишиш учун уч ойлик муддат белгилаганди.

Бу муддат июль ойида якунланганидан сўнг, суд музокаралар муддатини яна уч ойга узайтирган. Иккинчи муддат октябрь ойи охирида якунланганди.

Озодлик радиосининг Вашингтондаги шарҳловчиси Майк Эккелнинг билдиришича, АҚШ ҳукумати музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришга мойил. Бироқ Вашингтонни бу пулларни ким қабул қилиб олади, уларни ўзлаштириш қандай бўлади, бу пулларнинг қонуний ўзлаштирилиши устидан ким ва қандай назорат олиб боради, қабилидаги саволлар ўйлантирмоқда.

Майк Эккелга кўра, музокараларда ўзбек томони бу пуллар қонунан Ўзбекистонга тегишли эканини ва шунинг учун Тошкент ҳукумати бу пулни қандай хоҳласа шундай сарфлашга ҳақли эканини айтмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Гулнора Каримованинг пуллари юзасидан музокараларни ўтказишни Адлия департаменти зиммасига юклаган. Адлия департаменти ҳозирча бу масалада изоҳ бермаяпти.

Агар томонлар музокараларда бир ечимга кела олмасалар, у ҳолда АҚШ суди бу пулларни мусодара қилиш бўйича жараённни қайта бошлаши мумкин.

АҚШ судида суриштирилаётган ишлар учта йирик телеком ширкати – TeliaSonera, Vimpelcom ва МТС Ўзбекистон бозорига кириш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора бергани иддаолари билан боғлиқ. АҚШнинг Хориждаги коррупцион ҳаракатларга доир қонун доирасидаги суд терговида жавобгарлар орасида Гулнора Каримова ҳам бор.

Айни пайтда Гулнора Каримованинг ўзи қаерда экани номаълум бўлиб қолмоқда. У отаси Ислом Каримовни дафн этиш маросимида ҳам кўриниш бермади. Айрим манбалар бундан икки йил аввал Гулнора Каримованинг коррупциявий фаолияти халқаро даражада ошкор этилиши ортидан уй қамоғига олинганини айтган эдилар.

XS
SM
MD
LG