Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ислом Каримов қолдирган энг асосий мерос нима?


Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг Озодлик радиоси ўзининг Одноклассники саҳифасида “Сизнингча, Ислом Каримов қолдирган энг асосий мерос нима?” деган сўров ўтказди. Бу сўровда 20 мингдан ортиқ ватандош қатнашди. Сўровга жавоб берганларнинг 95 фоизидан кўпи “мамлакат тинчлиги” деган жавобни маъқуллади. Озодлик ўзбекистонликларнинг бу жавобига социолог олим Баҳодир Мусаевнинг фикрини ўрганди.

Озодликнинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғидаги “Сизнингча, Ислом Каримов қолдирган асосий мерос нима?” деган саволига 20 мингдан ортиқ одам жавоб берди.

Ислом Каримов қолдирган энг асосий мерос “мамлакат тинчлиги” деган жавобни 19 минг 426 киши маъқуллади.

Қолган жавоблар, “Меҳнат муҳожирлари сонининг ошиши”ни 352 киши, “Спорт ютуқлари”ни 264 киши, “Авторитар ҳокимият”ни 152 киши, “Автосаноат”ни 142 киши маъқуллади.

Сўров натижалари
Сўров натижалари

Сўралганларнинг 95 фоизидан кўпи Ислом Каримов ўзидан “тинчлик” меросини қолдирди, деб жавоб берган.

Ўзбекистондаги тинчлик ҳақиқатан ҳам Ислом Каримовнинг хизматими, деган саволга социолог олим Баҳодир Мусаев жавоб берар экан, бу тинчликнинг марҳум президент билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди:

- Одамларнинг тинчликни қадрлаши борасида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Лекин мен бунда Ислом Каримовнинг сиёсатчи сифатида хизматини кўрмаяпман. Ўзбек бағрикенг ва сабрли халқ. Унинг ана шу сабрлилиги тинчликни сақлаб турди. Аммо, Каримов тинчликни сақлаб турди, деб муболаға қилмаслик лозим. Чунки унинг режими жамиятни фақат куч ишлатиш тизимлари зўравонлиги билан бошқариб келди. Бу ерда энг асосий нарса, инсон ҳуқуқига ҳам, “куч адолатда” деган Амир Темурнинг ўгитига ҳам тупурилди. Агар бу адолат қонун билан ҳимоя қилинмаса, қонунларнинг ўзи ишламаса, қанақа табиий тинчлик бўлиши мумкин, деди Баҳодир Мусаев.

Жамиятшунос олим Ўзбекистондаги тинчликнинг барқарор эмаслигини айтади:

- Қаранг, бизда Конституциянинг бирорта моддаси ишламаса, жамиятни коррупция чирмаб ўраб олган бўлса, бизнинг жамиятимиз қандайдир “зона” қонунлари билан яшаса, жамият ҳақсизликдан, ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан тўлиб турган бўлса, қанақа барқарор тинчлик ҳақида гапириш мумкин? Бу барқарор тинчлик эмас, балки ижтимоий портлаш юз бериши мумкин бўлган, бир ҳолатдир, деди социолог.

Баҳодир Мусаев фикрича, ўзбек ҳукуматининг “ҳамма жойда уруш, бизда тинчлик”, “президент тинчлик гарови”, сингари иборалар узоқ йиллардан буён аҳолининг онгига Ўзбекистон матуботи, ТВ ва радиоси орқали сингдирилаверганидан кейин, бундан бошқача натижа кутиш мумкин эмас:

- Мана бизда барқарорлик, хавфсизлик жамиятимиз ривожининг асосий талабларидан бири, деб кўп айтилади. Йўқ, биздаги асосий талаб зўравонликни ёпиб туриш учун гапириладиган ёлғондир. Ўзбек ҳукумати ички сиёсатининг асосий стратегияси ҳам одамлар қалбига қўрқув солиш, ҳеч ким ортиқча фикрламасин деб бурчакка тақаш, инсоннинг эркини бўғиш бўлиб қолди. Агар бундай ички сиёсат давом этаверса, бу тинчликнинг бир зумда тугаши кутилган ҳолдир, деди Баҳодир Мусаев.

Социолог олим Баҳодир Мусаев билан суҳбатнинг тўлиғини қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:50 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG