Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ҳокимдан гап эшитган фермер юрак ҳуружидан оламдан ўтди


Фарғона вилояти Фурқат туманида ҳокимдан кўпчилик олдида гап эшитган фермер Рауф Дўстназаров бир кун ўтиб 16 июнь куни юрак ҳуружидан ўлган. Дўстназаровнинг ҳамкасблари унинг иснодга чидолмасдан инфарктга йўлиққанини даъво қилишмоқда.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида фермерлик қилаётган 69 яшар Очил ота Бегматов Озодлик билан суҳбатда қуйидаги иддаоларни гапирди:

- Фурқат тумани ҳокими уни сўкиб, ерини олиб қўйган, шундан сўнг юраги ушлаб ўлиб қолди. Ундан олдин Рауфжон мени олдимга келган эди, “ака ҳоким мени жуда ёмон сўкди, сира қўймаяпти, ерларимни олиб қўяпти”, деганди. Ҳоким ерини олиб қўйди, бу ўлиб қолди, - дея иддао қилади Очил ота Бегматов.

Туман ФҲДЁ бўлимидагилар 55 ёшли фермер Рауф Дўстназаровнинг юрак ҳуружидан вафот этганини тасдиқлашди.

- Ўша куни приступ бўлган. Юрагини аввалдан мазаси йўқ экан. Бу учинчи приступ бўлган, - деди Фурқат тумани ФҲДЁсининг Озодлик боғланган мулозими.

Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Нўъмонжон Назировнинг қўпол ва сўконғич раҳбар эканлиги борасида Озодликка аввал ҳам фермерлардан шикоятлар келган эди.

Ҳокимдан гап эшитган фермер юрак ҳуружидан оламдан ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00
Бевосита линк

Озодлик таҳририятига шу ой бошида келиб тушган ва ҳокимнинг овози деб иддао қилинаётган телефон суҳбатларидан бирида ҳоким фермернинг ўзини, унинг онасини, энасини уят сўзлар билан қаттиқ ҳақорат қилади.

Ҳоким Нўъмонжон Назаров Озодлик билан суҳбатда Азизбек Алиматов исмли фермерни ҳақорат қилганини тан олиб, кечирим сўраганди.

Бу сафар Озодлик фермернинг шубҳали ўлими юзасидан ҳокимни ўзидан муносабат ололмади.

Сўкинғич ҳокимлар

Ўзбекистонда ҳокимлар фермер ёки қўли остида ишловчи ходимларни таҳқирлаши, уриши ҳоллари тез-тез учраб туради. Бу таҳқирлашлар ортидаги масъуллар жазосиз қолаверади.

Ўтган йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.

2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.

Фарғоналик фермерлар Фурқат туманида ҳокимнинг қўл остидаги шахсларни таҳқирлаши одатга кирганини эътироф этишади.

- Маданиятсиз, маънавияти қашшоқ бир одамни бизга ҳоким қилиб қўйишибди. У фермерларни хоҳлаган вақтда йиғиб олиб, “қариндошларим Миллий хавфсизлик хизматида ишлайди, ҳаммангни йўқ қиливораман, қўлимдан ҳамма нарса келади, менга ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди”, деб аямай, онаси қолмай сўкаверади. Уни тартибга чақирадиган одам борми, - дейди Очил ота Бегматов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "халқ билан суҳбат"ларида бирида ҳокимлар зўравонлигини қоралаган эди:

“Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатадиган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов.

Гарчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида муштумзўр дамбадам танқид қилиб турса ҳам, бундай зўравонликлар ҳамон давом этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG