Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:19

Freedom House: Ўзбекистондаги иқтисодий муаммолар "диктатура учун таҳдиддир"


Freedom House халқаро ташкилотининг 12 апрель куни эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонда юзага келган иқтисодий муаммолар “илдиз отган диктатура”га таҳдид туғдира бошлагани, бунинг ортидан ҳукумат “фуқаролар устидан назоратни кучайтириш”га уриниши таъкидланади. Ташкилот ҳисоботида айтилишича, ўзбек меҳнат муҳожирларидан келаётган пул жўнатмалари миқдори 2015 йилда 58 фоизга озайган.

Freedom House янги ҳисоботида собиқ Совет иттифоқи, Болқонлар ва Марказий Европадаги 29 давлат ҳақида маълумот берилган. Ҳисоботда айтилишича, нефть нархининг кескин тушиб кетиши ортидан постосвет давлатлари “иқтисоди чала ўлик ҳолат”га келиб қолаёзган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида айтилишча, 2015 йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанларига пул жўнатмалари 58 фоизга озайган ва бу тенденция 2016 йилда ҳам давом этади. Ўзбекистонда валюта айланмаси ҳукумат монополиясида бўлгани ортидан, бугунги кунда юзага келган вазиятда кўплаб корхоналар хонавайрон бўлиши мумкин.

Freedom House расмийси Нате Шенкан юзага келган иқтисодий муаммолар “илдиз отган диктатура”га таҳдид туғдира бошлагани, бунинг ортидан ҳукумат “фуқаролар устидан назоратни кучайтириш”га уринишини таъкидлайди:

-Минтақа лидерлари нималар бўлаётганини аниқ билиб туришибди. Улар иқтисодий кризис юзага келганини ҳис қилган ҳолда, норозилик кайфиятларини бостириш учун ўз назоратларини кучайтиришга ҳаракат қилишмоқда, - деди Шенкан.

Унинг айтишича, юзага келган вазиятда Ўзбекистон каби авторитар бошқарувдаги давлатлар ҳукуматлари иқтисодни шаффофлаштириши ва ислоҳотлар ўтказиши зарур. Акс ҳолда иқтисодий таназзулнинг салбий оқибатлари бу ҳукуматларни дарз кетказади.

Январь ойида Heritage жамғармаси ва The Wall Street Journal Ўзбекистонни иқтисодий эркинлик бўйича 178 давлат орасидан 160-ўринга қўйган эди.

Freedom House ҳисоботида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари мунтазам босим остида яшашга мажбур бўлаётганлари айтилади. Ҳисоботда Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов, Ўктам Пардаев, Алиқул Саримсоқов, Малоҳат Эшонқулова, Дмитрий Тихонов каби ҳуқуқ фаоллари ўтган йилда ҳукуматнинг энг кўп босимига учрагани, айрим ҳолатларда калтаклангани ва руҳий касалликлар шифохоналарига мажбуран ётқизилганлари қайд этилган.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевага кўра, халқаро ҳамжамиятнинг бу каби ҳисоботларига қарамай, Ўзбекистонда ўзгача фикрловчилар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳукуматнинг муносабати йиллардан бери ўзгармай қолмоқда.

-Мен Аъзамжон Фармонов жуда оғир аҳволда эканини айтиб ўтмоқчиман. У сиёсий маҳбуслар сақланадиган жуда мудҳиш Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда. Ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ҳам узоқ йиллардан бери қамоқда қолмоқда. Солижон Абдураҳмонов яна уч йилдан кейин қамоқдан чиқарилиши керак. Бироқ унинг жазо муддати узайтирилишидан қўрқиб турибмиз.Ўктам Пардаевга нисбатан жиноят ишининг очилиши, Дмитрий Тихоновнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан таъқиб қилиниши ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига ҳукуматнинг муносабати ўзгармай қолаётганига яна бир далилдир,- деди Елена Урлаева.

Freedom House ҳисоботида Ўзбекистонда сўз эркинлиги мавжуд эмаслиги, пахтазорларда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётгани, ҳукумат амалдорларининг эса ўта коррупциялашгани ва коррупциялашиш жараёни давом этаётгани, судлар ҳукуматга қарам экани ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида маҳбусларга нисбатан қийноқларни қўллаш ҳолатлари ҳали ҳам мавжудлигиҳам қайд этилган.

XS
SM
MD
LG