Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:36

Зарарли дарахтни кесгани учун боғча мудирасига 1 000 000 сўм жарима солинди


Тошкентдаги болалар боғчаларидан бири ҳудудидаги бундан 70 йил муқаддам экилган чинор кесилгани учун боғча мудираси қарийб 1 млн. сўм жарима тўлагани тўғрисида маълумот пайдо бўлди.

Бу маълумот 2009 йили йили бошланиб, ҳануз давом этаётган чинор қирғини давомида бу дарахтнинг зарарли эканлиги тўғрисида айтилаётган яримрасмий гаплар фонида тушунарсиздир.

Norma.uz cайти материалида гап қайси боғча устида бораётгани, мудирнинг исм-фамилияси, жарима қачон солингани тўғрисида маълумот йўқ.

Лекин сайтнинг Ўзбекистон бўйлаб чинорлар қириб тугатилаёзган бир паллада нафақат асрий чинорлар, балки чўлтоқ бута ҳам қонун ҳимоясида эканлигини эслатгани қизиқ.

norma.uz сайтида эълон қилинган материал номаълум боғчада чинор кесилиши муносабати билан адвокат Зумрад Ниёматованинг шарҳидир.

Ҳар бир бута қонун билан ихоталанган

Адвокатнинг маълум қилишича, дов-дарахт Ўзбекистон Конституциясининг 55- моддаси, 2013 йил, 27 декабрда кучга кирган “Экологик назорат тўғрисида”ги ҳамда 1990 йил, 31 октябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонун билан муҳофаза қилинади.

Масалан, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонунда ер, ер ости бойликлари, ички сувлар, республика ҳудуди доирасидаги ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Ўзбекистон Республикасининг мутлақ мулки эканлиги белгилаб қўйилган.

Тилга олинган қонунларни бузиб, дов-дарахтни кесганлар маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилишини ҳам эслатиб ўтган адвокат Зумрад Ниёматова.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60- моддасида Ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш, худди шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 162-моддасида шаҳарлардаги дарахтларни шикастлантириш ёки уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш учун жавобгарлик назарда тутилган. Унда айтилишича, айрим жойларда иморат қураётганда шу ерда ўсиб турган дов-дарахтларга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш ёки бошқа жойга кўчириш, шунингдек фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз ихтиёрларидаги дов-дарахтларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслиги —фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

202-моддада эса, жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир дарахтнинг эгаси бор ва эгаси Ўзбекистон Республикасидир.

Қонунни бузиш “Амир Темур”дан бошланган

Бироқ шунга қарамай, мамлакат бўйлаб чинорлар кесилмоқда. Чинор қирғини 2009 йили Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидан бошланган эди.

Ўшандан бери Озодлик бу мавзуда бир неча ўн материал тайёрлади. Мана энг сўнгги сарлавҳаларимиз: 10 март – “Дарахт кесиш навбати Самарқанд ва Бухорога келди”, 15 февраль - SOS! Чилонзорда чинорларни кесишга тайёрлашди!!!

SOS сигнали Чилонзордаги чинорзор атрофидаги аҳолиники эди. Лекин чиноркесарлар сос-посга эътибор бермади. Чинорлар кесилди.

Чинор – "зарарли дарахт"

Ҳануз давом этаётган чинор қирғини давомида чинорнинг зарарли дарахт эканлиги тўғрисида яримрасмий гаплар кўп айтилди. Маҳаллий журналистлар эса, бу гапларни асослашга уриниб мақолалар ёзди. Асрий чинорлари кесиб ташланган Фарғонада яшовчи журналистларнинг ўшандай мақолаларидан бирини ВВС радиоси Ўзбек хизмати чоп этган эди.

Унда мана бу гаплар бор: “Юртимизда бронхиал астма касаллигини келтириб чиқарувчи ташқи омиллардан бири чинор гули чангига боғлиқ эканлигини афсус билан қайд этиб ўтиш жоиз, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази Пульмонология бўлими мудири, олий тоифали шифокор Моҳира Расулова. - Чинор гули чанги ҳаво орқали нафас йўлига тушиб, брон шиллиқ қаватларига салбий таъсир кўрсатади. Шу туфайли шиллиқ қаватларда шиш ва шиллиқ ажралмалар кўпаяди. Натижада нафас олиш жараёни бузилиб, нафас қисади”.

Табиий савол

Агар фарғоналик врачнинг гапи рост бўладиган бўлса, демак, адвокат Зумрад Ниёматова тилга олган боғча мудираси зарарли чинорни кестириб тўғри қилган бўлиб чиқади. Агар шундай бўлса, уни нега жаримага тортдилар?

Тўғри, бу саволга жавобан “Боғча мудираси чинорни кесиш учун қонунда назарда тутилган процедураларни бажармаган”, дейишлари мумкин. Лекин бошқа ҳолатларда, битта чинор эмас, чинорзорлар кесилган пайтда ўша процедураларни кесувчилар ўйламагани, табиатни ҳимоя қилувчи идоралардан рухсат олмагани Озодлик материалларида акс этган.

Мебелга айланаётган чинорлар

Охир-оқибат чинор қирғинининг асл сабаблари тўғрисида ҳақиқатга яқинроқ тахмин қилишга Тошкенда ўтказилган мебель кўргазмаси ойдинлик киритгандай бўлди. Унда чинордан ясалган жиҳозлар энг қиммат ва бозори чаққон эканлиги маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG