Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:50

Ўзбекистон ва Россия муҳожирларнинг “Меҳнат дафтарчаси” масаласида келиша олмаяпти


Россиянинг Воронеж вилоятидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.
Россиянинг Воронеж вилоятидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидаги манба маълум қилди. Манбанинг билдиришича, айни пайтда Жанубий Корея билан меҳнат муҳожирларига оид келишув муддати икки йилга узайтирилди, Япония ҳамда Чехия билан ўзбекистонликларга расман квота ажратиш масаласида музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия меҳнат муҳожирлари “Меҳнат дафтарчаси” масаласида келиша олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:18 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидаги Озодлик манбаси ўз овозини ёзиб олмаслик ва исмини ошкор этмаслик шарти билан берган маълумотларга ишонилса, Тошкент расмийлари Россия ҳукумат тузилмалари билан икки йилдан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шартномаси масаласида музокаралар олиб бормоқда.

Манбага кўра, шартномани имзолаш меҳнат муҳожирларининг “Меҳнат дафтарчаси”ни қайси давлат юритиши керак, деган принципиал савол юзасидан томонлар муросага кела олмаётгани ортидан чўзилиб кетмоқда.

“Ўзингиз биласиз, Россияда миллионлаб ўзбек муҳожирлари меҳнат қилади. Уларнинг асосий қисми “Меҳнат дафтарчаси”га эга эмас. Бунинг оқибатида муҳожирлар турли ижтимоий ҳуқуқлар, жумладан, меҳнат стажи бўйича пенсия олишдан маҳрум бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ўзбек меҳнат муҳожирларига Россияда меҳнат дафтарчаси берилиши шартлигини шартномага киритишни таклиф қилган. Бу таклифни Россия томони қабул қилган. Аммо “Меҳнат дафтарчаси” қайси давлатда тўлдирилиши ва сақланиши кераклиги масаласида томонлар мана икки йилдирки, муросага кела олмаяпти”, деди манба.

Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон муҳожирнинг меҳнат дафтарчаси Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги тузилмаларда рўйхатга олиниши, тўлдирилиши ва сақланишини таклиф қилмоқда. Москва эса Россия қонунчилигида “Меҳнат дафтарчаси”ни давлат эмас, иш берувчи тўлдириши шартлигини айтиб, бу таклифни қабул қилмаётир.

“Россияда иш берувчи бу дафтарчани тўлдиришдан бош тортиши мумкин. Чунки унга меҳнат муҳожири қонуний ишлаганидан кўра, ноқонуний ишлагани фойдалироқ. Бу ҳолатда иш берувчи турли солиқларни камроқ тўлайди, муҳожирга ижтимоий ҳимоя тўловларини тўламайди. Ўзбекистон учун эса бу хавфсизлик масаласи билан ҳам боғлиқдир. Чунки Россиянинг исталган шаҳридаги метродан тўлдирилган “Меҳнат дафтарчаси”ни сотиб олиш мумкин. Масалан, ўзбекистонлик муҳожир Сурияга бориб, кейин Россияга келиши ва у ердан “Меҳнат дафтарчаси”ни сотиб олиб, гўёки Россияда ишлаб келган киши сифатида юриши мумкин”, деди вазирликдаги манба.

Айни пайтда манба Жанубий Корея, Чехия ва Япония билан ўзбекистонликларга расман ишлашига квота ажратиш масаласи ижобий ҳал этилаётганини айтди. Манбага кўра, Жанубий Корея билан бу борада 2007 йилда имзоланган шартнома муддати якунлангани муносабати билан бир неча кун олдин Тошкентга Корея Республикаси меҳнат вазири келган. Ўтказилган музокаралардан сўнг шартнома муддати узайтирилган. Чехия ва Япония билан музокаралар эса яқин ойларда якунланиши кутилмоқда.

Манбанинг бу маълумотини Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмийси ҳам тасдиқлади.

-Меҳнат муҳожирларини Кореяга қонуний равишда ишга жўнатиш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Бу меморандумда квота белгиланмаган. Меморандумнинг муддати якунланган эди, мана шу муддат икки йилга узайтирилди,- деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмийси.

Ҳозирда Жанубий Корея 16 мамлакат фуқароларининг ўз ҳудудида расман ишлашига квота ажратиб келмоқда ва бу давлатлардан бири Ўзбекистондир.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидаги манба берган маълумотга қараганда, 2007 йилда Жанубий Корея билан имзоланган шартнома асосида Ўзбекистондан мазкур мамлакатга 22,5 минг одам ишлаш учун жўнатилган. 2016 йилнинг шу кунигача бўлган маълумотларга қараганда, бугунги кунда Жанубий Кореяда 16,5 минг ўзбекистонлик қонуний асосда меҳнат қилмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, ўзбек муҳожирларининг сони анча кўпроқ бўлиши мумкин. Сабаби, Жанубий Кореяга “Эркин ёллаш тизими” деб аталувчи дастур орқали ишга жойлашаётганларни кўпчилиги олти йиллик муддат тугаганидан кейин ҳам ноқонуний асосда қолиб, ишлашда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG