Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:57

Қамоқдаги қирғиз мухолифатчисининг Ўзбекистон МХХга алоқадорлиги иддао қилинди


"Ҳокимиятни куч билан эгаллашга ҳаракат қилганлик"да айбланаётган мухолифатчилар.
"Ҳокимиятни куч билан эгаллашга ҳаракат қилганлик"да айбланаётган мухолифатчилар.

Қирғизистоннинг Жамоатчилик биринчи канали 27 март куни Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқада бўлганликда гумонланган мухолифат вакиллари номи очиқланган лавҳани намойиш қилди. Лавҳада иддао қилинишича, қамоққа олинган мухолифатчи Эрнест Карибеков Ўзбекистон МХХ га алоқаси бўлган Фарход Парпиев билан учрашиб турган.

Қирғизистон Миллий жамоатчилик биринчи телеканалида 27 март куни эфирга узатилган 16 дақиқали дастурда ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида сақланаётган мухолифатчи Эрнест КарибековнингЎзбекистон махсус хизматларига алоқадорлиги иддао қилинган.

- Эрнест Карибековнинг сўнгги пайтларда Тошкентга тез-тез сафар қилиши Қирғизистон махсус хизматларида шубҳа уйғотди. 2016 йилнинг15 мартида Бишкекдаги “Уголек” кафесида“Халқ қурултойи” муҳолифат ҳаракати етакчиси Эрнест Карибековасли жалолободлик бўлган, кейинроқ Ўзбекистон фуқаролигини олган Фарход Парпиев билан учрашади. Маълумотларга қараганда, Парпиев Ўзбекистон махсус хизматлари билан яқин алоқа қилади. Парпиев,шунингдек, жиноят оламида Салимбойвочча номи билан танилган Салимбой Абдувалиевнинг ишонган одамларидан бири. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда жиноят олами Миллий хавфсизлик хизмати назоратида, - дейилади Жамоатчилик каналида намойиш этилган лавҳада.

ҲозирчаҚирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Эрнест Карибековнинг Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқаси борасида расмий изоҳ бермади.

Қирғизистонда ўтган ҳафтада мухолифат вакилларининг ҳокимиятни куч билан босиб олиш тўғрисида яширин музокаралари экани даъво қилинган бир неча аудио ва видеолар Интернетда эълон қилинди. Миллий хавфсизлик қўмитаси мухолифатчиларнинг суҳбатлари қонун доирасида ёзиб олинганини айтиб, мухолифат лидерлари Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров ва Эрнест Карибековни ҳибсга олган. Яна бир мухолифатчи Дулат Турдуналиевга қидирув эълон қилинган.

Таниқли жамоат арбоби Тўпчубек Турғуналиев мухолифат аъзоларинингЎзбекистон махсус хизматлари билан алоқадорлиги тўғрисидаги гумонларни туҳмат сифатида баҳолади.

- Мухолифатнинг Ўзбекистон махсус хизматлари билан боғланиб,Қирғизистонга хиёнат қилаётганига мен ишонмайман. Бу қуруқ туҳмат. Ҳозир ҳукумат мухолифатни бира тўла йўқ қилишга ҳаракат қиляпти. Бу ҳам тўғри эмас. Черчиль "Мухолифат йўқ бўлса, уни ўйлаб топиш керак", деган. Мухолифатни бошқа давлат махсус хизматлари билан бирикиб Қирғизистонга хиёнат қилаётганликда айблаш ақлга сиғмаган нарсадир, - деди Турғуналиев.

Мустақил таҳлилчи Марс Сариев эса, мухолифатчиларга билдирилаётган иддаолар фактлар билан исботланиши керак деб ҳисоблайди:

- Ислом Каримовга Қирғизистондаги вазиятни издан чиқариш, ҳокимиятга бошқа одамларни олиб келишдан ҳеч қандай манфаат йўқ. Чунки бу ерда вазият таранглашса, Ўзбекистонга ҳам таъсири тегади. Маҳсус хизматлар, агентуралар яширин ишлайди. Бироқ“махсус хизматлар шундай катта операцияга қўл урган”, деган иддао ассосли фактлар билан исботланиши керак, -дейди Марс Сариев.

25 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси “ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик” айблови билан мухолифат лидерлари Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров ва Эрнест Карибековни ҳибсга олган эди.

Мухолифатчиларнинг қўлга олинишига 22 март куни гўёки мухолифат вакиллари ҳокимиятни куч билан босиб олиш тўғрисида яширин музокаралар ўтказаётган пайтда ёзиб олинган аудионинг Интернетда пайдо бўлиши сабаб бўлган. 27 март куни ҳам бошқа мухолифатчиларга мансублиги иддао қилинган мана шундай аудиоёзув Интернетда пайдо бўлган.

XS
SM
MD
LG