Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Швецияда Обид қорига суиқасд юзасидан яна бир ўзбек қидирувга берилди


Швеция матбуоти Обид қори Назаровга суиқасд тергови билан шуғулланаётган прокурор талаби асосида 37 яшар Россия фуқаросини халқаро қидирувга берди. Хабарда ёнида Россия паспорти бўлган бу шахснинг исми ва миллати келтирилмади, аммо Швециядаги манбалар бу "Тигран Капланов" лақабли шахс эканини иддао қилмоқда. Довудхон Обидхон ўғлига кўра, бу шахснинг номи суиқасдга оид маҳкамада бошдан бери тилга олинмоқда.

Швеция матбуоти асли ўзбекистонлик бўлган яна бир 37 яшар шахс халқаро қидирувга берилганини хабар қилди.

Svt.se телетармоғи берган хабарга кўра, 4 март кунги маҳкама қарори билан қидирувга берилган шахс Россия фуқароси сифатида қидирилмоқда. Аммо, терговга унинг асли ўзбекистонлик экани маълумдир.

Исми ва миллати очиқланмаган шахс Швециядан бошпана олган ўзбекистонлик уламо Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уринишини уюштиришда гумон қилинмоқда.

Обид қорига суиқасд иши бўйича терговни давом эттираётган прокурор Кристер Петерсон швед матбуотига берган интервьюсида бу шахснинг Россияда эканини тахмин қилиши, бу ҳолда унинг Швецияга экстрадиция қилиниши лозимлигини урғулади, аммо бунинг осон кечмаслигини эътироф этди.

Швециядаги манбаларнинг иддао қилишича, исми очиқланмаётган бу шахс айблов хулосасида ва суиқасд ижрочиси, деб топилган ўзбекистонлик Юрий Жуковский устидан маҳкамаларда номи кўп бора тилга олинган "Тигран Капланов" исмли шахсдир.

Озодлик билан суҳбатда Довудхон Обидхон ўғли бу исмнинг маҳкамаларда тилга олинганини тасдиқлади ва "Тигран Капланов"да Ўзбекистон паспорти ҳам борлиги судда тилга олинганини қўшимча қилди.

Бунга қадар бу шахснинг номи Истанбулда ўзбекистонлик имом Абдуллоҳ Бухорийга нисбатан суиқасд устидан бораётган маҳкамага оид хабарда тилга олинди.

Туркиядаги нуфузли Yeni Shafak газетасида босилган “Тепкини босганга 200 минг доллар берилди” сарлавҳали мақолада иддао қилинишича, Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги оғир жазо маҳкамасида бўлаётган судда “Тигран Капланов” лақабли Умид Аминов қотилликларни пул билан таъминлаган ташкилотчи сифатида илгари сурилган. Бу маълумотни Бақиркўй маҳкамаси матбуот хизмати Озодликка тасдиқлаган.

Швеция матбуотидаги хабарларида айтилишича, қидирувга берилган шахснинг Обид қорига суиқасд ижроси билан шуғулланган Юрий Жуковский ҳисоб рақамига пул ўтказгани юзасидан даъволар тергов қилинмоқда.

Суиқасднинг ижрочиси, сифатида айбдор топилган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковскийга Швециянинг Сундсвал шаҳар суди 1 март куни умрбод қамоқ жазосини берди.

Швеция прокурори Кристер Петерссон айблов хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган. Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди.

XS
SM
MD
LG