Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:36

Ўзбекистон энг қиммат самолётдан икки донасини сотиб олмоқда


Boeing 787 Dreamliner учоғи тақдимот турнеси доирасида 2012 йилда Тошкент аэропортига ҳам қўнган
Boeing 787 Dreamliner учоғи тақдимот турнеси доирасида 2012 йилда Тошкент аэропортига ҳам қўнган

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати Boeing 787 Dreamliner йўловчи учоқларини қабул қилиб олишга тайёргарлик доирасида янги мутахассисларни АҚШга машғулот ўташга юборганини айтмоқда. Давлат ширкатига таяниб берилаётган хабарга кўра, 2008 йилда буюртма берилган иккита Dreamliner Boeing ширкати тарафидан жорий йил охиргача етказиб берилиши кутилмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бир неча йил аввал Россияга доир самолётлардан воз кечган ва ҳозирда авиапарки 34 дона АҚШ ва Европада ишлаб чиқарилган учоқлардан иборат. Шу билан бирга миллий ширкат кейинги йилларда узоқ хорижга парвозлар сонини камайтириб, асосий эътиборини МДҲ мамлакатларига қаратаётганини кузатиш мумкин.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати 2008 йилда АҚШнинг Boeing компаниясига буюртма берган иккита Dreamliner самолётининг жорий йилда етказиб берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетасига давлат ширкати бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап маълум қилди.

Boeing 787 Dreamliner русумидаги икки самолётни бошқаришни ўрганиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мутахассисларининг иккинчи гуруҳи АҚШнинг Сиэтл шаҳрида тайёргарликдан ўтаётганини ҳам билдирди ширкати мулозими.

Унинг сўзларига кўра, “қайта тайёргарликдан ўтиш учун мутахассислар барча талабларга жавоб бера оладиган энг юқори тоифадаги ходимлар орасидан танлов орқали саралаб олинган”.

Boeing 787 Dreamliner дунёдаги энг йирик самолётлардан бири ҳисобланади. Ҳар бири камида 220 миллион доллар турадиган иккита учоққа “Ўзбекистон ҳаво йўллари” 2008 йилда буюртма берган.

2010 йилгача “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолёт паркининг катта қисмини ташкил этган Россияда ишлаб чиқарилган учоқлардан воз кечила бошлади ва ҳозирда 34 дона учувчи аппаратдан 15таси Boeing ва 12таси Airbus самёолатларидир. Паркда Россияга доир Ил-114 русумидаги 7та учоқ ҳам қолган, лекин улар Ўзбекистоннинг ўзида, собиқ ТАПОиЧ заводида ишлаб ясалган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” расмийлари Озодлик мухбирининг Boeing 787 Dreamliner учоқларига ётқизилган сармоя қанчалик рентабел бўлади, деган саволига жавоб беришни исташмади.

Лекин миллий авиаширкатнинг шахси сир қолишини сўраган мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мамлакатдаги ягона авиаширкат бўлгани учун самолёт паркини доимий равишда тўлдириб бориш муҳимдир, деган фикрларни илгари сурди.

“Компания 2010 йилдан кейин асосан Россияда ишлаб чиқарилган самолётлардан воз кечди. Чунки шовқин даражасига доир янги қонунлар бу самолётларни узоқ ва яқин хорижга учиришга имкон қолдирмади. Ҳозир, битта-иккита самолётни айтмаганда, деярли ҳаммаси Boeing ва Airbus самолётларидан иборат. Лекин биласиз, бизда биттагина компания бор холос, ҳам ичкарида, ҳам ташқарига шу компания учади холос. Самолётлар эса 30та атрофида. Шунинг учун доим самолётлар тўла бўлади. Билетларга талаб катта”, дейди мутахассис.

Лекин шу билан биргаликда ҳар бири 220 миллион доллардан ошиқ турадиган Boeing 787 Dreamliner русумидаги учқич рентабеллиги масаласида миллий авиа ширкат раҳбарияти етти ўлчаб бир кесмаган, дея давом этади мутахассис.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ўз самолётларини яхши техник ҳолатда ушлаб туришга ҳаракат қилади. Энди бу янги самолётнинг ҳар бири 200 миллиондан ошиқ туради. Уларнинг техник ҳолатини ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Менимча, иккита катта самолётдан кўра, 60-70 миллион доллар турадиган кичикроқларидан 5-6 самолёт олганда рентабеллик янада ошарди. Кичикроқ Boeing ёки Airbus самолётларини таъмирлаш ҳам осонроқ, рейсларни кўпайтириш имкони ҳам кўпроқ бўлади. Boeing 787 Dreamliner йирик ширкатлар учун рентабеллик жиҳатидан яхши. Биз учун менимча, бу кўпроқ имидж масаласи”, дейди мутахассис.

Унинг айтишича, рентабеллик масаласи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учун 2000 йиллар ўрталаридан долзарб масалага айланган.

“Сўнгги 3-4 йил ичида Европа мамлакатларига рейслар сони камайди, кўпроқ МДҲга, айниқса, Россияга учмоқда. Бу рейслар пасажирларининг аксари мардикорлардир. Бундан ташқари 2012 йилгача пассажирлар умумий оқими оз бўлса-да, ошиб борган. Лекин 2014-2015 йилларда пассажирлар оқими камайиб, юк ташиш кўлами ошди”, дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мутахассиси.

Миллий авиа компания 10 йўналишдаги ички рейслардан ташқари АҚШ, Британия, Германия, Италия, Латвия, Жанубий Корея, Исроил, Франция, Малайзия, Тайланд, Хитой, Ҳиндистон ва Сингапур каби мамлакатларга халқаро парвозларни амалга оширади. Шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам самолётлар қатнови йўлга қўйилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” 2012 йилдан бери SkyTeam халқаро авиаташувчилар альянсига қўшилишга ҳаракат қилади, лекин бу ҳозирча амалга ошгани йўқ.

XS
SM
MD
LG